Италияда AstraZeneca’нинг коронавирусга қарши вакцинаси нархи 3 евродан арзон бўлади

Италияда AstraZeneca’нинг коронавирусга қарши вакцинаси нархи 3 евродан арзон бўлади

Италияликлар AstraZeneca компанияси ишлаб чиқарган коронавирусга қарши вакцинанинг бир дозасини уч евродан арзонроққа сотиб олишлари мумкин. Бу ҳақда компаниянинг Италиядаги бўлинмаси раҳбари Лоренцо Виттум маълум қилди.

“Вакцинанинг сақланиш муддати олти ой бўлади. Уни уй шароитида, музлаткичда минус икки даражадан плюс саккиз даражагача ҳароратда сақлаш мумкин. Нархи уч евродан арзон туради”, – дея унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда “Мессажеро” газетаси.

Виттумнинг маълумот беришича, вакцина захиралари Италияда сақланмоқда. Ундан фойдаланишга рухсат олиниши билан вакцинани тарқатиш бошланади.

Британиянинг AstraZeneca фармацевтика компанияси ишлаб чиқарган коронавирусга қарши вакцина синовларда ўртача 70 фоиз самарадорлик кўрсатган.