Италияда сўнгги бир ой ичида коронавирус билан боғлиқ ҳолат илк марта ижобий томонга ўзгарди

Италияда сўнгги бир ой ичида коронавирус билан боғлиқ ҳолат илк марта ижобий томонга ўзгарди

Милан шаҳрининг марказий майдонларидан бирида ўрнатилган армия назорат нуқтаси. Италия ҳукумати қатъий карантин чораларига қарамай кўчага чиқаётган аҳолини тўхтатиш учун аскарларни жалб этишга қарор қилди. ©️ Carlo Cozzoli/REX/Shutterstock

Италияда коронавирусга чалинганлар сони 2020 йил 22 март куни яна 5 560 нафарга ошиб, жами 59 138 кишини ташкил этди. Кеча вафот этганлар сони 651 киши бўлиб, жами 5 476 италиялик бу касалдан ҳалок бўлди.

Аммо бу мамлакатда пандемия авж олган март ойининг бошидан бери биринчи марта ижобий ҳолат кузатилди: 22 март куни бир кун олдингидан 997 нафар камроқ инсонда коронавирус аниқланди, вафот этганлар сони ҳам аввалги кунга нисбатан 142 кишига камайди. Бу янги касалланганлар миқдори 15%, вафот этганлар миқдори эса 18%га пасайганини кўрсатади.  

Шунга кўра, Италияда коронавирус тарқалишига қарши кўрилаётган кескин чоралар натижасида касаллик сезилар-сезилмас даражада бўлса ҳам чекинаётганга ўхшайди.

Мавзуга доир: Италиянинг кичик бир шаҳарчасида коронавирус тарқалишини қандай тўхтатишди?

“Биз 11 март куни жорий этилган қатъий карантин чоралари яна 2-3 ҳафтанинг ичида ўзининг илк натижаларини беришини кутяпмиз. Шу жиҳатдан келаётган ҳафта муҳим: ниҳоят мавжуд ўсиш кўрсаткичлари тескарисига ривожланишини тахмин қиляпмиз”, деди Италия Соғлиқни сақлаш олий кенгаши президенти Франко Локателли.

Шунга қарамай, Италия ушбу вирусдан зарарланиш ҳолатлари бўйича Хитойдан кейинги иккинчи ўринда, ўлим ҳолатлари бўйича эса биринчи ўринда турибди. Шунингдек, 7 024 италиялик касалликдан тузалиб кетган.