Италиянинг кичик бир шаҳарчасида коронавирус тарқалишини қандай тўхтатишди?

Италиянинг кичик бир шаҳарчасида коронавирус тарқалишини қандай тўхтатишди?

©️ ANADOLU AGENCY

Италия шимолидаги кичик бир шаҳарчада коронавирус билан зарарланиш ҳолатларини тажриба ёрдамида тўхтатишга муваффақ бўлинди.

Венеция вилояти, Падуя провинциясида (туманида), Венеция шаҳридан 50 км узоқликда жойлашган Во Эуганео (Во) шаҳарчаси феврал ойи бошларида COVID-19 вирусининг Европадаги илк ўчоғига айланган, Италияда бу касалликдан биринчи ўлим ҳолати ҳам айнан шу ерда юз берган эди. 

Шаҳарча касаллик марказига айланар экан, бошиданоқ аҳолини фаол равишда текшириш, тестдан ўтказиш йўлга қўйилди. Ҳаммаси бўлиб 3 400 киши яшайдиган Вонинг барча аҳолиси – ўзида касаллик аломатлари кўринган-кўринмаганидан қатъи назар коронавирус текширувидан ўтди. Кимда касаллик ташхиси тасдиқланса, қатъий равишда карантинга жўнатилди. Улар билан алоқада бўлган одамлар ҳам карантинда ўтирди. 

Орадан 10 кун ўтиб, яна ҳамма қайтадан тестдан ўтди. Натижада касалланганлар сони 90%га камайди, дейди бу тажрибада иштирок этган Imperial College London университети профессори Андреа Кресанти италян ва британ оммавий ахборот воситаларига. 

22 феврал куни коронавирусдан Италиядаги илк ўлим ҳолати қайд этилган Во шаҳарчасининг соғлиқни сақлаш муассасаси инфекция тарқалишини тўлиқ тўхтатишнинг уддасидан чиқди. 

“Текшириш – коронавирусга қарши тест ўтказиш энг муҳим иш, у кўплаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолди”, деди шаҳарча ҳокими Жулиано Мартини журналистларга. 

“Тест ўтказинг, тест ўтказинг, тест ўтказинг”

Шу ҳафта бошида Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) барча мамлакатларни коронавирусга қарши ўз аҳолисини фаол равишда текширувдан ўтказишга чақирди. Бунда Жанубий Корея ва Тайван мисол қилиб келтирилди. “Бизнинг асосий чақириғимиз: тест ўтказинг, тест ўтказинг, тест ўтказинг”, деди ЖССТ раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесус.

Профессор Андреа Кресантининг сўзларига кўра Во Эуганиода барчани – касаллик аломатлари кузатилмаган одамларни ҳам тестдан ўтказишган. Таҳлиллар шаҳарча аҳолисининг 3%ида вирус борлигини кўрсатган. Коронавирус билан зарарланган ҳар бир кишига унинг ҳеч қандай аломатлари сезилмаган 10 киши тўғри келган. Уларнинг барчаси изоляцияга олинган. 

ЖССТ раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесус имкон қадар кўпроқ одамни коронавирусга қарши текширувдан ўтказишга чақиряпти/GETTY IMAGES

 

“Одамлар иккинчи марта тестдан ўтказилганида мусбат натижалар 90%га тушиб кетди”, дейди мутахассис. 

Шуниси муҳимки, қайта текширув натижасида коронавирус билан зарарланган камида олти киши аниқланди. Ваҳоланки, уларда касаллик аломатлари сезилмаган. Текширувдан сўнг улар ҳам карантинга жойлаштирилди. 

“Агар улар текширувдан ўтказилмаганида инфекция тарқалишда давом этарди”, дейди Британиянинг Financial Times газетасига берган интервюсида Андреа Кресанти.

Гарчи алоҳида олганда бир мамлакатнинг барча аҳолисини текшириб чиқиш имкони бўлмаса ҳам касалланганлар билан мулоқотда бўлган, аммо касаллик аломатлари кўринмаган кишиларни тестдан ўтказиш муҳим, деб ҳисоблайди Кресанти. 

Бу амалиётни бутун Венеция вилоятига ёйиш ва кунига 11 минг таҳлил олиш режалаштириляпти. 

Миллий карантин бошланганидан бир ярим ҳафта ўтиб

2020 йил 18 март, чоршанба куни Италияда коронавирусдан ўлим ҳолати бир кунда 475 тани қайд этиб, жами 2 978 тага етди. Бу ушбу касаллик пайдо бўлганидан буён энг катта сакраш. 

Италияда айни пайтда COVID-19 билан оғриганлар сони 35 713 кишини ташкил қиляпти. 4 025 нафар бемор тузалиб кетди. Мамлакат айни пайтда коронавирусдан зарар кўриш бўйича  Хитойдан кейинги иккинчи ўринда боряпти. 

Италияда 2020 йил 9 март куни қатъий карантин тартиби ўрнатилганди. Вирус тарқалишининг олдини олиш учун одамлардан уйдан кўчага чиқмаслик сўралди. Шунга қарамай, мамлакатда касалликдан ўлим даражаси мунтазам ошиб бормоқда. 

ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар бўйича директори Майк Раян бу ҳолат соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўта катта юклама сабабли келиб чиққан, деб ҳисоблайди. Беморлар сони кўплиги учун уларнинг ҳар бири билан алоҳида шуғуллуниш имконияти етмаяпти. Шунингдек, мамлакатда кекса ёшли инсонларнинг кўплиги (аҳолининг 23%и 60 ёшдан юқорилиги) ҳам бу вазиятга ҳисса қўшяпти. 

Коронавирус дунё бўйлаб: чоршанба куни нималар рўй берди?

  • Чоршанба куни дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони 200 минг, вафот этганлар сони эса 8 минг кишидан ошиб кетди.
  • Россияда бир сутка ичида яна 33 киши касаллангани қайд этилди, умумий беморлар сони 147 кишига етди.
  • Буюк Британияда сўнгги бир кун давомида 700 та янги ҳолат аниқланди. Вирусга чалинганларнинг умумий сони 2 600 кишига, вафот этганлар сони эса 104 кишига етди. Жума куни мамлакатда мактаблар ёпилади, имтиҳонлар кўчирилади.   
  • АҚШ президенти Доналд Трамп Мудофаа вазирлиги миллионлаб респираторли ниқоб, 2 мингта сунъий енгил шамоллатиш қурилмаси ва бошқа жиҳозларни ишлаб чиқишини эълон қилди.
  • Испания ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб меҳмонхоналарни ёпди.
  • Европа Иттифоқида иттифоқ мамлакатлари фуқароси бўлмаган шахсларнинг киришига 30 кунлик тақиқ кучга кирди. Шунга кўра, иттифоқ етакчилари қарорига кўра сўнгги кунларда ЕИ давлатлари ўртасида ўрнатилган ички чегаралар олиб ташланадиган бўлди. 
  • Африка қитъасининг Саҳрои Кабирдан жанубдаги ҳудудида коронавирусдан биринчи ўлим ҳолати қайд этилди: Буркина-Фасо Миллий ассамблеясининг вице-президенти Роуз Мари Компаоре 62 ёшида вафот этди.
  • АҚШнинг Ню-Йорк штати губернатори берган кўрсатмага кўра компаниялар ходимларининг 50%дан кўп бўлмаган миқдори иш жойида ишлаши мумкин. 
  • АҚШ ва Канада ўртасидаги чегара ёпиляпти. Буни ҳар икки мамлакат раҳбарлари тасдиқлади. Айтиш керакки, АҚШ-Канада чегараси қуруқликдаги икки давлат ўртасидаги  энг узун чегара ҳисобланади.