Июль-август ойларида Ўзбекистон бўйлаб 2 та масжид ва 5 та янги черков очилди

Июль-август ойларида Ўзбекистон бўйлаб 2 та масжид ва 5 та янги черков очилди

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг маълум қилишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 16 та конфессияга оид 2286 та диний ташкилотлар фаолият юритмоқда. Улардан 2098 таси исломий ҳамда 188 таси ноисломий диний ташкилот ҳисобланади.

2020 йилнинг ўтган даври мобайнида адлия органларига исломий конфессияга оид диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги мурожаатлар билан бир қаторда ноисломий конфессияларга мансуб диний ташкилотлар бўйича ҳам мурожаатлар келиб тушган.

Жорий йилнинг 15 июль куни Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида «Имом Раббоний» жомеъ масжиди ва 12 август куни Олмалиқ шаҳрида «Ҳилол» жоме масжиди ўз фаолиятини бошлади.

Ўз навбатида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қуйидаги ноисломий конфессияларга мансуб диний ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтказилди:

  • - 2020 йил 6 июлда Тошкент шаҳар «Агапе» тўлиқ инжил христианлари черкови;
  • - 2020 йил 20 июлда Фарғона шаҳар «Новоапостол» черкови;
  • - 2020 йил 7 августда Самарқанд шаҳар «Еттинчи кун христиан адвентистлар черкови»;
  • - 2020 йил 10 августда Нукус шаҳар «Надежда» тўлиқ инжил христианлари черкови;
  • - 2020 йил 12 августда Олмалиқ шаҳар «Сол земли» Евангел-христиан черкови.