Июль ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси 4% га пасайди

Июль ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси 4% га пасайди

2020 йилнинг июль ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган ойга нисбатан 959 бирликка ёки 4,1% га пасайди. Индекс Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан баҳоланди.

Қайд этилишича, 10 июлдан 1 августгача карантин чораларининг кучайтирилиши, шунингдек ушбу чораларнинг 15 августгача узайтирилиши ишбилармонлик фаоллигига сезиларли даражада таъсир кўрсатди.

Жорий йилнинг июль ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси нафақат ўтган ойга нисбатан, балки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ҳам пасайганлиги кузатилди.

Манба: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

 

Пасайиш қуйидаги компонентлар ўзгариши билан боғлиқ:

  • хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақаларидаги опреациялар сони 7,8 фоизга камайган;
  • фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 1,0 фоизга ошган;
  • товар-хом ашё биржасида хом ашё сотиб олиш жадаллиги 0,7 фоизга ошган;
  • товар белгилари бўйича компонент 62,4 фоизга камайган.

Ҳудудлар кесимида Қорақалпоғистон Республикасида ўтган ойдаги каби энг юқори кўрсаткич қайд этилган.

2020 йил июль ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси республиканинг 10 та ҳудудида ўтган ойга нисбатан ўсиш кузатилган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси (33,4%), Сурхондарё (28,9%), Самарқанд (15,7%), Бухоро (12,6%) ва Хоразм (10,9%) вилоятларида сезиларли даражада ўсиш кузатилган.

Шу билан бирга, Андижон (6,0%), Сирдарё (2,4%), Наманган (1,7%) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида (3,7%) ўтган ойга нисбатан пасайиш кузатилган.