Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Жаҳон чемпионати Қатар ва мухлислар учун қимматга тушади(ми?)
18.11.2022 12:18,  
134

2014 йилда Бразилия чемпионатга тайёргарлик кўриш учун 11.6 миллиард АҚШ доллари сарфлаган бўлса, 2018 йилда Россия 14.2 миллиард АҚШ долларининг баҳридан ўтди. Ушбу статистик маълумотга назар ташласак, ҳар бир мезбон мамлакат ички инфратузилмасидан келиб чиққан ҳолда, олдингига қараганда 3-4 миллиард доллар кўпроқ маблағ ажратганлигининг гувоҳи бўламиз. Бироқ масаланинг қизиқ томони шундаки, Қатар аввалги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган Россияга нисбатан анчагина катта харажатларга рози бўлди.

2022 йилги Жаҳон чемпионати нафақат Қатар учун, балки футбол мухлислари учун ҳам қимматга тушадиганга ўхшаяпти. 18 декабрь куни Lusail стадионида бўлиб ўтадиган финал учрашуви учун сотувдаги чипталар нархи 5850 Қатар риали, яъни 1607 АҚШ доллари бўлиб, 2018 йилда Россиядаги финал ўйини учун сотилган чипта баҳосига қиёслаганда 46 фоизга қимматлаган. Bussiness Insider нашри Қатардаги жаҳон чемпионатига борувчи европалик мухлислар чипталар, турар жой ва парвозларни қўшиб ҳисоблаганда 20 минг АҚШ доллари атрофида валюта сарфлаши мумкинлигини маълум қилди.

Албатта, Қатар мисли кўрилмаган тайёргарлик ортидан ушбу Жаҳон чемпионати орқали анчагина пул ишлаб олишни ҳам мўлжаллаяпти. Ташкилий қўмита раиси Носир Ал-Хатернинг айтишича, Қатар турнирга тайёргарлик кўриш учун ажратилган сармоядан икки баробар кўп даромад олишига ишонмоқда. Бу 440 миллиард АҚШ доллари дегани. Шунга қарамай, баъзи манбалар Қатар ишлатилган маблағлари ўрнини тўлдира олишига шубҳа билан қарамоқда.

S&P Global Ratings халқаро таҳлил агентлиги ҳисоботига кўра, молиявий жиҳатдан ҳар қандай мамлакат учун ўта оғирлик қиладиган FIFA World Cup 2022 мусобақасидан сўнг, Қатарда иқтисодий пасайиш кузатилиши тахмин қилиняпти. “Ташриф буюриши кутилаётган миллиондан ортиқ меҳмонларни қабул қилиш хизматлари ва кўчмас мулк соҳасидаги ортиқча таклифлар ушбу ҳолатни бироз мўътадиллаштириши мумкин, бироқ банк сектори активлари сифатига жиддий таъсир кўрсатмайди”, - дейилади таҳлилчилар томонидан тақдим этилаётган ҳисоботда.

Логистик қийинчиликлар, яъни кўп сонли мижозлар талабларини ўз вақтида, самарали қондириш тизимидаги муаммолар қўшни Форс кўрфази мамлакатларининг манфаатларига хизмат қилиши аниқ.

“Биз ўтказилаётган йирик мусобақа туфайли Қатарга туташ Дубай яхшигина молиявий фойда кўришига ишонамиз. Дубайнинг географик жиҳатдан яқинлиги, жаҳон стандартларига жавоб берувчи меҳмонхона хизматлари, амирликка тегишли авиакомпаниялар томонидан таклиф этилаётган имтиёзли тарифлар ва Жаҳон кубоги чиптаси харидорлари учунгина берилаётган қулай виза турлари билдирилаётган прогнозларимизни тасдиқлайди”, - дейилади хабар матнида.

Шу жумладан, “Uzbekistan Airways” АЖнинг қўллаб-қувватлаш хизмати оператори ҳам бугунги кунда Ўзбекистондан Қатар давлатига тўғридан-тўғри авиақатновлар мавжуд эмаслиги ҳақида маълумот берди. Шу боис, агар “Uzbekistan Airways” орқали учмоқчи бўлсангиз, чиптани Тошкент – Дубай йўналишида сотиб олишингизга тўғри келади. 2022 йилнинг 15 ноябрь санасига кўра, Дубайга бориш-келиш нархи 8 030 000 сўмни ташкил қилмоқда...

Яқин Шарқдаги илк Жаҳон чемпионати минтақавий туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир. Мусобақа давомида Қатарга камида 1.5 млн хорижлик мухлис кириб келиши кутилмоқда. Жорий йилнинг май ойида Qatar Airways ва бошқа кўрфаз авиакомпаниялари футбол ўйинлари ўтказиладиган кунлари Доҳа ва бир нечта минтақавий шаҳарлар бўйлаб парвозларни йўлга қўйишга келишиб олишди. Натижада Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши(GСС) авиаташувчилари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Мисол учун, ўзининг арзон ва сифатли хизматлари билан машҳур бўлган Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматига тегишли FlyDubai авиакомпанияси, Дубай ва Доҳа ўртасида кунига 30 та қайтиш рейсларини амалга оширмоқчи. Минтақага оқиб келаётган мухлислар сабабли Дубайдаги мулк эгалари йиллик ижарадан қисқа муддатли ижара хизматига ўтаётгани хабар қилинмоқда. Gulf News нашри бозор манбаларига асосланиб, бу йилги қисқа лизинг ставкалари декабр ойига қадар, ҳозиргига нисбатан 15 - 25 фоизгача ошиши эҳтимолини билдиряпти.

 FIFA World Cup 2022 турнири мезбон мамлакат Қатар учун ҳам фойдадан ҳоли эмас. Футбол мусобақаси давомида сайёҳлар сони икки бараваргача ошаётган Доҳада туризмни янада ривожлантириш учун имконият эшиклари очиляпти. Доҳа Жаҳон чемпионатидан сўнг, туризмга 45 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритмоқчи ва келгуси 16 йил ичида ушбу соҳанинг ялпи ички маҳсулотга қўшадиган ҳиссасини бир неча бараварга оширишни режалаштиряпти. Халқаро миқёсдаги тадбирни ўтказиш орқали намойиш этиладиган юксалиш профили, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, блокадани олиб ташлаш ва глобал саёҳатни тиклаш орқали Қатар иқтисодий барқарорликни таъминлашга интиляпти.    

Шу кунларда инглиз тилидаги Global Finance ойлик молиявий журнали томонидан эълон қилинган дунёнинг энг бой давлатлари рўйхатида Қатар тўртинчи ўриндан жой олди. Таҳлилда, Қатар, Бруней ва Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар углеводородлар ва бошқа табиий ресурсларнинг катта захираларига эгалиги инобатга олинган.

2014 йилда Қатар ялпи ички маҳсулотининг ҳар бир фуқаро жон бошига тўғри келадиган улуши 143222 АҚШ долларидан ошди. Бир йил ўтиб эса 97846 АҚШ долларини ташкил қилди ва ҳозирги пайтгача ушбу ҳисоб деярли сақланиб қолмоқда. Мамлакатнинг реал ялпи ички маҳсулоти жорий йилда 4.9 фоиз, 2023 йилда 4.5 фоиз, 2024 йилда эса 4.4 фоизга ўсиши кутилмоқда.  

“Шундай бўлсада, мамлакатнинг нефть, газ ва кимёвий захиралари жуда катта ҳажмда, аҳолиси эса бор-йўғи 2.8 млн. кишидан иборат. Ультразамонавий архитектура бинолари, ҳашаматли савдо марказлари ва нафис ошхона марказлари барпо этилган кичик мамлакат ҳалигача дунёнинг энг бой давлатлари рўйхатидан ўрин олиб келмоқда”, - дейилади Global Finance журнали таҳлилида.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан