Жанубий Корея Ўзбекистонга 1 миллион долларлик тиббий воситалар юборди

Жанубий Корея Ўзбекистонга 1 миллион долларлик тиббий воситалар юборди

Бортида Корея Республикаси томонидан тақдим қилинган умумий қиймати 1 миллион долларга тенг тиббий воситалар бўлган махсус самолёт Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар қилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда умумий оғирлиги 34 тонна бўлган юк шакллантирилди.

Бундан ташқари, Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ажратилган 250 минг доллар миқдоридаги маблағ эвазига коронавируснинг Ўзбекистон Республикасида тарқалишига қарши курашиш мақсадида 20 минг тўпламда ПЦР диагностика тест тизимлари харид қилинди.

Бугун, 26 апрель куни “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг чартер рейси орқали умумий оғирлиги 6,2 тонна бўлган юқори технологик тиббий асбоб-ускуналар, автомат механизмли тиббий каравот ва ПЦР диагностика тест тизимларидан иборат юкнинг биринчи қисми мамлакатимизга олиб келинди.

Олиб келинган қимматли юк таркибига ҳамкор Жанубий Корея ҳукумати молиявий кўмагида харид қилинган 20 мингта тест тизими, шунингдек, мамлакат тадбиркорлари томонидан тақдим қилинган 50 та автоматик бошқариладиган кўп функцияли тиббий каравот, 4 мингта махсус тиббий ҳимоя кийими, 10 минг жуфт стерилланган қўлқоп, 10 та кўп функцияли монитор киритилган. Бундан ташқари, ультратовуш тадқиқоти (УТТ) учун зарур жиҳозлар, кардиомониторлар, шприцлар учун ишлатиладиган инфузион насослар, ҳавони тозалаш аппарати ҳам бор.

Инсонпарварлик ёрдами Жанубий Корея ҳукумати, Шинхан университети ва мамлакатнинг “Evergreen Motors”, “Shindong Resources”, “Hanshin E&C”, “Chung Hospital”, “Union Korea Pharm”, “BOMI E&C”, “GM Korea”, “UNICO Logostics”, “Century”, “Baraka Holding”, “Tashkent Trade Center”, “Hyundai Engineering” каби компаниялари, тиббий муассасалари, савдо марказлари ва юртимизда фаолият юритаётган фирмалари томонидан тақдим этилди.