Жээнбеков бош вазир номзодини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди

Жээнбеков бош вазир номзодини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди

Фото: president.kg

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков парламентга Садир Жапаровни республика Вазирлар Маҳкамаси раҳбари этиб тайинлаш масаласини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.

Хабар қилинишича, мамлакат раҳбари парламентнинг янги сайланган спикери Канат Исаевга хат билан мурожаат қилди.

"Унда ёзилишича, бош вазирликка Садир Жапаров номзодини таклиф қилиш, ҳукуматнинг янги таркиби ва тузилишини белгилаш бўйича Жогорку Кенеш қарори мавжуд бўлган қонун бузилишлари сабабли президент аппарати томонидан парламентга қайтариб берилганди. Давлат раҳбари ушбу масалани белгиланган тартибда Жогорку Кенешнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқишни таклиф қилмоқда”, - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 5 октябр куни Қирғизистонда 4 октябр куни бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларидан рози бўлмаган омманинг норозилик намойишлари бошланди. Намойишчилар ва хавфсизлик хизмати ходимлари ўртасидаги тўқнашувлардан сўнг мухолифат партиялари тарафдорлари президент маъмурияти жойлашган парламент биносини эгаллаб олишди. Тўқнашувларда 1,2 мингдан ортиқ одам жароҳат олди, бир киши ҳалок бўлди. Бош вазир Кубатбек Бўронов истеъфога чиқди. Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков жанубга қочиб кетди, деган ҳам хабарлар чиққан эди. Бироқ, президент матбуот котибининг сўзларига кўра, у доимо Бишкекда бўлган ва вазиятни назорат қилган.

9 октябр куни Бишкекда тартибсизликлар қайта бошланди. Марказий майдонда Бош вазир Садир Жапаров тарафдорлари ва мухолифлари ўртасида тўқнашув бўлиб ўтди. Етти киши жароҳат олди, улар орасида оппозитсия лидери Тилек Тўқтоазиев ҳам бор.

10 октабр куни Қирғизистон парламенти Бош вазир лавозимига Жапаров номзодини, вазирлар таркиби ва таркибини маъқуллади. Бироқ, ушбу қарорни имзолаши керак бўлган президент уни парламентга қайтариб юборди.

Эслатиб ўтамиз, намойишлардан кейин Европа Иттифоқи ва АҚШ
Сооронбай Жээнбековни Қирғизистоннинг қонуний президенти деб тан олишини билдирди.
Шунингдек, кеча Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев ҳам Твиттер орқали Жээнбеков легитимлигини тан олишини маълум қилди.