Жиззахда 9-синф ўқувчиси дарс пайтида тўсатдан вафот этди

Жиззахда 9-синф ўқувчиси дарс пайтида тўсатдан вафот этди

Иллюстратив фото

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 11-умумтаълим мактабида ўқув йили бошланишининг биринчи кунида 9-синф ўқувчиси дарс вақтида тўсатдан вафот этди. Бу ҳақда Telegram’даги «Davletovuz» канали хабар берди.

Маълумотларга кўра, ҳодиса 3-соат — информатика дарсида юз берган. Дарс тугашига 15 дақиқа қолганда ўқувчи қиз ҳушидан кетган.

Мактаб директори ўринбосари Дилноза Ҳотамованинг сўзларига кўра, дарс вақтида вафот этган 9-«В» синф ўқувчисининг ҳолати эрталаб мактабга келганида жуда яхши, тана ҳарорати ҳам жойида бўлган. Барча ўқувчилар қаторида антисептик воситалар билан зарарсизлантирилган.

«Шу куни ‘Хаваслик’ қишлоқ врачлик пункти шифокорлари 1-синф ўқувчиларини эмлаш учун мактабга келган бўлган. Улар ҳушидан кетган ўқувчи қизга биринчи ёрдам кўрсатган. Қизда ҳаёт учун ҳеч қандай белги кўринмаган бўлса-да, унга ўпка-юрак реанимацияси амалга оширилган. 15 дақиқалик реанимация ҳаракатидан кейин ҳам беморда ҳаёт белгилари тикланмаган. Бундан ташқари, ўқувчи қизга ташқи юрак массажи қилинган ва сунъий нафас бериб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Аммо бунинг фойдаси бўлмаган», — дейилади хабарда.

Қайд этилишча, айни вақтда ўқувчи қизнинг тўсатдан вафот этиши юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан суриштирув ва экспертиза ишлари олиб борилмоқда.