Бугун, 10 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида саноатда ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш суръатларини таъминлаш, мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда бир ой муддатда 2023 йилда саноатни 14 фоизга ошириш бўйича саноат ва инвестиция дастурларини қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди.
Жорий йилда Самарқандда минерал ўғит, Навоийда қуруқ цианид тузи ва техник газ ишлаб чиқариш лойиҳалари тезлаштирилади.
1 июнга қадар Пистали конида 6-гидрометаллургия заводи ишга туширилади.
Август ойида “Ёшлик-1” мис кони негизида 3-мисни бойитиш фабрикаси лойиҳасини якунлаш таъминланади.
Автомобилсозлик тармоғида ўсишни таъминлаш учун 1 сентябрга қадар хусусий инвесторларни жалб қилиб, Жиззахда электромобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Андижонда замонавий қуюв цехи, Чирчиқда қишлоқ хўжалиги машинасозлик кластери тўлиқ қувватга чиқарилади.