Жиззахда Ҳиндистоннинг Sambhram университети ташкил этилди

Жиззахда Ҳиндистоннинг Sambhram университети ташкил этилди

Ҳукуматнинг 29 июндаги қарори билан Жиззах шаҳрида Ҳиндистоннинг Sambhram университети ташкил этилди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ушбу университет нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади. Университетнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида олий маълумотли кадрларни тайёрлашдир.

Университетда ўқитиш кундузги таълим шаклида инглиз, рус тиллари ва давлат тилида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари университет томонидан белгиланади. Университет битирувчиларига Ўзбекистон ва Ҳиндистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.

Қарорга кўра, университетга ҳар йили қабул қилинадиган талабаларнинг 20 фоизини ўқитиш учун имтиёзли таълим грантлари ажратилади. Бунда талабаларнинг 5 фоизини бепул ўқитиш, 5 фоизига 50 фоизли, 10 фоизига 25 фоизли тўлов-контракт миқдорини тўлаб бериш бўйича имтиёзлар тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, 14 февраль куни Жиззах вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Эргаш Солиев ва Ҳиндистон делегацияси раҳбари Нагараж Венкатеш Sambhram Жиззахда Sambhram технология институти филалини очиш тўғрисида келишув меморандумини имзолаганди.

Маълумот учун, Sambhram гуруҳи ва унинг филиали бўлган Sambhram технология институти Ҳиндистондаги олий таълим муассасалари ўртасида биринчи ўринда туради. Жаҳоннинг 31 мингдан зиёд олий ўқув юртининг орасида кучли 300 талик қаторида.

Жиззахда ташкил этилиши мўлжалланаётган институтда 6 та факультет бўлиши кўзда тутилган.