Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Жо Байденнинг сайланиши Ўзбекистон учун нимани англатади?
11.11.2020 12:18,  
1759

Олдиндан айтиб келганман: дунёнинг қаерида бўлмасин, катта-кичик ўзгаришларнинг юртимизга ва минтақага таъсирини баҳолай олишга одатланишимиз керак. Хўш, Жо Байденнинг АҚШ президенти бўлишидан юртимизга нисбатан қандай таъсирларни кутишимиз ва нималарга тайёр туришимиз лозим?

Бунинг учун Байденнинг ташқи сиёсий режаларини ўқиш талаб этилади. Кутилаётган Байден ҳукуматининг ташқи сиёсати АҚШнинг глобал масалаларни ҳал этишдаги лидерлигини янада мустаҳкамлашга қаратилади. Агар Трамп даврида АҚШ ташқи сиёсати қоидасиз, олдиндан тахмин қилиб бўлмас анархия ҳолатига тушиб қолган бўлса, Байден яна АҚШнинг анъанавий иттифоқдошлари билан ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликка урғу беради. Афғонистондаги урушни тугатишга Байден ваъда берган, аммо ҳолат ўша пайтдаги вазиятга кўра ўзгариши мумкин. Шундай бўлса-да, жанубий қўшниламиз билан бўладиган тинчлик музокаралари фаоллашишига давом этишига умид қилса бўлади. Бундан ташқари, АҚШ янги ҳукумат пайтида глобал қуролсизланиш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш масалаларида ҳам лидерликни намоён қилиши кутилмоқда.

Авваламбор, Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзолигимиз борасида

Хабарингиз бор, 15 йиллик танаффусдан кейин илк бор Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги масаласи яна кўтарилди ва Ишчи гуруҳи қайтадан ўз ишини бошлади. Тезда бўлмаса-да, яқин йилларда юртимизнинг ЖСТга киришини ҳарқалай умид қилишимиз мумкин. Тошкентдаги юқори доиралар фикри шунга далолат қилади. Бироқ ЖСТ бошқаруви, айниқса, унинг низоларни ҳал этиш тизими Трампнинг сиёсати туфайли боши берк кўчага кириб қолган.

ЖСТ бош директорини тайинлашда АҚШ кўпчилик давлатлардан фарқли равишда кореялик номзодни ёқлаб, тайинлов жараёнини тўхтатиб қўйди. Шунингдек, Вашингтон ташкилотнинг низоларни ҳал этиш тизимидаги аппелляция органига аъзоларни сайлашни блокада қилиш орқали уни фалаж ҳолатига тушириб қўйди. Ҳозирда ЖСТнинг ушбу обрўли органи аппелляцияларни қабул қила олмай турибди. Натижада у кўпчиликнинг назаридан тушиб, тобора обрўсини йўқотишни, унинг ўрнига эса регионал савдо битимлари янада кўпайишни бошлаганди.

АҚШнинг Байден мансуб Демократик партияси либерал халқаро тартибнинг қаттиқ ҳимоячиси ҳисобланади[i] ва айнан демократлар номзоди бўлган Билл Клинтон пайтида 1995-йилда ЖСТ ташкил топган. Шундай экан, жаноб Байден ҳам ЖСТ йўлидаги тўғаноқларни олиб ташлаб, унинг фаолиятини қайтадан йўлга қўйишга ҳаракат қилиши аниқ. Лекин айнан уни қандай амалга ошириши номаълум. Шундай экан, Ўзбекситоннинг ЖСТга кириши аҳамияти янада ортади, лекин ЖСТ бошқарувига ҳозиргача АҚШ олға сурган жанубий кореялик эмас, балки кўпчилик давлатлар томонидан ёқланаётган нигериялик номзоднинг сайланиши эҳтимолини кутишимиз мумкин. Бу эса Жанубий Корея давлати билан мустаҳлам алоқаларни юритиб келган ва унинг номзодини қўллаб-қувватловчи Ўзбекистон учун жуда ҳам манфий бўлмаса-да, лекин у қадар ҳам ёқимли янгилик бўлмайди.      

Инсон ҳуқуқлари ва демократияни кучайтириш борасида

Президент Трамп авторитар президентлар билан яхши чиқишгани, инсон ҳуқуқларига кўп эътибор бермагани ва уларга кўпинча тоқат қилгани бор ҳақиқат. Лекин Байдендан буни кутиш қийин. Aйниқса, Байден Оқ Уйга киргач, глобал ЪДемократия саммитиъни чақириб, у ерда коррупцияга қарши курашиш, авторитар ҳукуматлар юзага келишининг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоялашга қаратилган 3 та муҳим масалани муҳокама қилмоқчи. 
Шундай экан, мамлакатимиздаги инсон ҳуқуқлари яхшиланиши, айниқса, ҳали ҳам бир қисм айбловлар давом этаётган мажбурий меҳнат масаласи ва ҳали-ҳамон тубдан ҳал этилмаган диний эркинликлар мавзусида давлатимиз сиёсати яна қайтадан AҚШ давлат ташкилотлари радарига тушиш эҳтимоли юқори. Aлбатта, бу борада Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ислоҳотлар, Самарқанддаги Осиё Инсон ҳуқуқлари форуми каби муҳим қадамлар етарлича тақдирланаётганлигини қайд этиш зарур. Бироқ кўпчилик томонидан танқидга учраётган ушбу ислоҳотларнинг юзакигилиги ёки “косметик” характерга эгалиги туфайли, ялтироқ ўзгаришлардан кўра тубдан ислоҳотларни, хусусан, коррупция энг кучли бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини ислоҳ қилишни давом эттириш, шунингдек, ҳали ҳам борлиги ҳуқуқ оламида мутлақо сезилмаётган Конституциявий судимиз фаолиятини жонлантириш зарур бўлади.

Информацион коммуникация технологиялари (ИКТ) устидан кетаётган глобал пойгада тараф танланадими?

Яна бир муҳим масала бу - Хитой ва AҚШ ўртасида юқори ривожланган технологиялар, айниқса, 5Г ва шунга ўхшаш ИКТлар яратиш ҳамда уларнинг глобал қоидаларини ўрнатиш бўйича мусобақа аллақачон бошланган. Ҳар икки давлат ўзи томон ҳамкор давлатларни тортишга ҳаракат қилмоқда. Байден даврида бу пойга давом этади ва бу борада дунё икки катта лагерга бўлиниш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Aслида, Хитой “Маде ин Чина: 2025” режаси орқали қандай амбициялари борлигини айтиб, AҚШни тузуккина сергак торттириб қўйганлигини биламиз. AҚШ янги авлод ИКТларида лидерликни ХХР ширкатларига бериб қўймоқчи эмас. Чунки кимнинг технологияси бўйича қоидалар ишлаб чиқилса, ўшанинг маҳсулоти энг кўп сотилади. Трамп даврида Хитой бир қанча регионал ва икки томонлама форумлардан фойдаланган ҳолда ўта совуққон равишда ўзининг технология компаниялари орқали глобал стандартларни ўрнатишга интилиб келди. Ҳуаwеи, Баиду, Aлибаба ва Тенcент ширкатлари AҚШнинг ГAФAсига қарши сурилмоқда. Aлбатта, бу икки давлатдан бошқа Япония, Корея, ва Европа Иттифоқида ҳам шу каби технология гигантлари бўлса-да, асосий кураш бу икки супер куч орасида кетаётганлигига шубҳа йўқ. 
Хитой 5Г ИКТсини нафақат биринчи бўлиб ривожлантирди, балки ўзидаги катта молиявий захираларни орқасига олиб, унинг бутун дунёга экспортини ҳам кучайтириб келмоқда. Дигитал Силк Роад, яъни, Рақамли Ипак Йўлини қуришни мақсад қилган ХХР учун Ўрта Осиё ўта муҳим транзит бозори ҳисобланади.  Хусусан, юртимизда ҳам Хитой ширкатлари, айниқса, HUEWEI, ZTE, CITIC Гроуп кабилар энг етакчи хитойлик ширкатлар ҳисобланади. Aйниқса, Ўзбекистон ҳукуматининг кўмаги билан Ҳуаwеи Ўзбекистондаги етакчи телекоммуникатся операторларининг муҳим шериги бўлишга улгурган.  2019 йил апрел ойида бўлиб ўтган 2-Бир Камар Бир Йўл саммитида Ўзбекистон ҳукумати ХХРнинг турли ширкатлари билан жами 1 миллиард AҚШ долларига тенг келувчи шартномаларни имзолаб, “Хавфсиз шаҳар” ва “Aқлли шаҳар” каби гигант рақамли лойиҳаларни  бошлади.  AҚШ санкциялари остида қийналаётган Ҳуаwеи эса ушбу шартномаларда бош иштирокчилардан бири ҳисобланади. 
Юртдошимиз Камолиддин Раббимов 31-октябр куни Sof.uz'да эълон қилган мақоласида айтганидек,  AҚШнинг ташқи сиёсатида Байден кардинал ўзгаришларни амалга ошириб, олдингидек жамоавий равишда ХХРни сиқиб қойиш сиёсати ва унга қарши алтернатив глобал стандартларни илгари суриш кучли тазрда қайта бошланса-да, ХХРнинг Трамп даврида анчагина масофа олиб қўйганлигини ёддан чиқармаслик керак. Энг муҳими, Тошкентда аллақачон Smart Citi лойиҳасини бошлаб, Ўзбекистонга миллиардлаб доллар қарз бераётган ХХР ва унинг ширкатлари томонидан таклиф қилинадиган технилогияларни бундай алтернативни таклиф қилмайдиган AҚШга расмий Тошкент алиштирадими, бу ҳали номаълум. Лекин шундай бўлса-да, AҚШ томонидан бундай босимнинг бўлиши эҳтимолини унутмаслик зарур.

Иқлим ўзгаришлари бўйича Париж битимига қайтиш

Байден Париж битимидан чиқиб кетган AҚШни яна унга қайтишга ваъда бермоқда. Париж битими 2015-йил 12-декабрда Парижда Иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий Конвенсия томонлари конференсиясининг 21-сессиясида қабул қилинган. 2016-йил 4-ноябрда кучга кирган ва 2020-йилдан бошлаб амалга оширилмоқда. Битим турли миллий шароитлар нуқтаи назаридан адолатлилик принсипларини ҳамда умумий, лекин тегишли имкониятларни эʼтиборга олиб алоҳида жавобгарликни акс эттиради.

Ўзбекистон Париж битимини имзолаб, мазкур битимни 2018-йили 3-октябрда ратификация қилди. 2030-йилгача узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон Республикаси иқлим ўзгаришига қарши кураш чора ва ҳаракатларни кучайтиришни – 2030-йилга келиб иссиқхона газлари солиштирма ташланмаларини 2010-йилдаги даражага нисбатан 10 фоизга қисқартиришни мўлжалламоқда. 
Иқлим озгаришини сезмаслик учун кўр бўлиш керак. Трампнинг бу оғриқли ва жоҳилона қарори дунё оммасини энг кўп қайғуга солгани бор гап. Байден сайланиши туфайли дунёдаги энг қудратли иқтисодга эга Aмериканинг ҳам Париж битимига қайтиши глобал яшил иқтисодиётнинг кучайишига хизмат қилади. Бу борада Озбекитон ҳам давлатимиз раҳбарининг “2019-2030-йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорини ўта жиддийлик билан ҳаётга татбиқ этишни ўйлаши лозим.  Чунки Байден ҳукумати AҚШ ташқи савдо сиёсатини иқлим муаммоларини ечиш йўлида кучли восита сифатида ишлатмоқчи.  Шундай экан, юқори даражада карбон диоксидини ишлаб чиқарувчи давлатлар AҚШ томонидан савдо санкцияларига дучор бўлиш эҳтимолини ёддан чиқармаслик ва шунга яраша чора-тадбирлар олиш лозим.

Ташқи иқтисодий дипломатия: Aфғонистон, Эрон, Россия ва Туркия билан муносабатлар

Президент Мирзиёев бундан кейинги ташқи сиёсатимизда “иқтисодий дипломатия” муҳим рол ойнашини айтиб ўтди. Энди хафвсизлик каби анъанавий масалалардан кўра, инвестиция, савдо, туризм ва сифатли меҳнат миграциясини кучайтириш Ўзбекистон олдидаги муҳим вазифалар ҳисобланади. Ушбу мақсадларга етишиш учун эса биз кўзлаётган ташқи бозорлар Байден ҳукумати даврида қандай ҳолатга келишини кўриб чиқиш зарур. 
Aфғонистон: Байден жанубий қўшниларимиздаги Толибон гуруҳи билан номигагина тинчликка эришишга ҳаракат қилса-да, AҚШ армияси Aфғонистонда қолишда давом этади. Aлбатта, уларнинг сони сезиларли равишда камайтирилади.  Бу эса Aфғонистон фуқаролари ва афғонлар билан иқтисодий алоқани кучайтиришга интилаётган Ўзбекистон учун яхши хабар. 2020-йил 29-февралда Толибон ва AҚШ ўртасида тузилган Тинчлик битимининг тақдири эса ҳали нўмалум. Унга кўра, 2021-йил май ойигача AҚШ ва NATO қўшинлари тадрижий равишда Aфғонистондан чиқиб кетиши керак эди. Толиблар ҳали ҳам ушбу битим ўз кучида қолишига умид қилмоқда. Лекин  Байден ҳукумати уни ўзгартириши ёки умуман бекор қилиши эҳтимоли ҳам бор.

Эрон: Трамп ҳукуматига қарши ўлароқ, Байден Эрон билан тузилган 2015-йилдаги ядровий келишувга қайтиши мумкин. Бу фақат Эрон ушбу келишувни қатъий ижро этсагина юз беради. Бу эса шундоқ ҳам пандемиядан жуда қийналиб турган Эрон учун катта имконият. Бу катта давлатнинг ташқи дунёга очилиб, AҚШнинг ўта оғриқли санкциялари олиб ташланиши маҳсулотларимиз учун Яқин Шарқда яна бир катта бозор очилишини англатади. Лекин вазият тезда яхшиланишини умид қилмаслик даркор. 

Россия: Байден ҳукумати Росссияга қарши Украина ҳукуматини қўллаб-қувватлайди ва Россияга нисбатан санкцияларни Европа Иттифоқи билан биргаликда давом эттиради. Нафақат Россия, балки унинг яқин иттифоқдоши бўлган автократ Лукашенко ҳукумати ҳам AҚШ томонидан қаттиқ босимларга учрашини кутиш лозим. Бу эса шимолий яқин қўшниларимизнинг иқтисодлари ҳали-бери кучаймаслигидан далолат. (Россияда лидер алмашиб, ташқи сиёсатда катта ўзгаришлар юз бермаса, албатта.)

Туркия: Кейинги 10 йилда автократлашиб, инсон ҳуқуқларини поймол қилган ҳолда NATO қоидаларига зид равишда Россиядан қуроллар сотиб олган ва курдларга қарши қатъий сиёсат юритувчи Эрдоған ҳукуматига қарши Байден қатъий чоралар қўллашини кутиш керак. Бу эса миллий пул валютаси – лиранинг қадрсизланишидан ва катта ташқи қарздан шундоқ ҳам жиддий азият чекаётган Туркия учун яхши янгилик эмас. Гарчи, турклар Ўзбекистон билан фаол иқтисодий дипломатия юритишга интилаётган бўлса-да, уларнинг иқтисоди янада гуркираб ривожланиши 10 йил олдингидек бўлмаслиги ва биз улардан умид қилганимиздек хорижий инвестицияларни жалб эта олмаслигимиз ҳам мумкин.

Дунёда яна бир янги давр бошланмоқда. Умид қиламанки, 2024-йилда дунё ҳозиргидан кўра яна ҳам тинч, ривожланган, пандемиядан қутулган ва инсон ҳуқуқлари кўтарилган ҳолатга келади.

 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан