Johnson & Johnson компанияси $8 млрд товон тўлашга ҳукм қилинди

Johnson & Johnson компанияси $8 млрд товон тўлашга ҳукм қилинди

Филадельфия шаҳри (АҚШ) суди даъвогарнинг талабини қаноатлантирган ҳолда Johnson & Johnson компаниясининг 8 миллиард доллар товон тўлаши ҳақида ҳукм чиқарди. Компания ўзи ишлаб чиқарган дорининг салбий таъсирлари ҳақида маълум қилмагани айтилмоқда.

The Wall Street Journal нашрининг хабар беришича, ҳамма можаро Risperdal деб аталувчи антипсихотик препарат туфайли, аниқроғи, ушбу дорининг эркакларда гинекомастия – кўкрак катталашишига сабаб бўлиши билан боғлиқ.

Гинекомастияга чалинганлардан бири компанияни судга берди ва суд 8 миллиард доллар товон пули тўланиши кераклигига қарор қилди. Аммо Johnson & Johnson бу қарорга эътироз билдириш ниятида.

Risperdal дорисини ишлатиб, гинекомастияга чалинганлардан яна 13 минги компанияни судга берган. Даъвогарларнинг таъкидлашича, компания дорининг салбий таъсирини билган, бироқ буни шифокорларга айтмаган.

Филадельфия судининг қароридан кейин Johnson & Johnson компаниясининг акциялари 1,3 фоиз арзонлаган.

256