Жорий йилда олий таълимга қанча маблағ ажратилди?

Жорий йилда олий таълимга қанча маблағ ажратилди?

Бу йил олий таълим соҳасини ривожлантириш учун қарийб 2 трлн сўм маблағ ажратилди. Бу ҳақда Бош прокуратурада Бош прокурор Н.Йўлдошев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида айтиб ўтилди, деб хабар бермоқда Халқ сўзи газетаси. 

Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш аҳволи ва қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинди.

Қисқа даврда юртимизда 6 та олий таълим муассасаси, 17 та филиаллар, 14 та хорижий олий ўқув юртлари янгидан ташкил этилди. Юздан ортиқ бакалавриат ҳамда 94 та магистратура йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, 59 та олий ўқув юртида сиртқи, 10 тасида кечки таълим жорий қилинди.

Соҳага бюджетдан ажратилаётган маблағлар ҳажми ҳам йилдан-йилга ортмоқда. Агар соҳага 2018-йилда 879 млрд. сўм ажратилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 1 трлн. 288 млрд. сўмни, жорий йилда 1 трлн. 888 млрд. сўмни ташкил этган.

Профессор-ўқитувчиларнинг маоши 2018 йилда ўртача 25 фоизга оширилган бўлса, 2019 йил 1 январдан яна 20 фоизга, 1 июлдан эса 25 фоизга оширилди.