Путиннинг Суриядаги жиноятларига қарши Европа Туркия билан туриши лозим – Жорж Сорос

Путиннинг Суриядаги жиноятларига қарши Европа Туркия билан туриши лозим – Жорж Сорос

АҚШлик молиячи, Очиқ Жамият Фонди асосчиси Жорж Сорос

Америкалик молиячи ва Очиқ Жамият Фонди асосчиси Жорж Сорос Financial Times газетаси учун ёзган мақоласида Суриядаги сўнгги вазиятни таҳлил қилган

Унинг фикрича, Россия Суриядаги инқирознинг бошиданоқ Совет Иттифоқи қулаганидан кейин Яқин Шарқда йўқотган ўз таъсирини қайта тиклашга ҳаракат қилиб келяпти. Россия президенти Владимир Путин минтақадаги беқарорликдан манфаатдор, бу билан у халқаро меъёрлар ва халқаро инсонпарварлик ҳуқуқини бузишни истайди. 

“Сурияда инсонпарварлик инқирозининг давом этиши, бунинг натижасида олти миллиондан ортиқ сурияликнинг қочқинга айланиши, бу – Россия президенти сиёсатининг оқибати эмас, балки унинг асосий мақсади бўлган”, дейди у. 

“Қатъий ишонаманки, Башар Асад Иосиф Сталиндан кейин дунёдаги энг шафқатсиз ҳукмдор. Сурияликлар унинг бошқарувига қарши қўзғалганида у ўзининг фуқаровий рақибларини имкони борича кўпроқ яксон қилиш учун ҳарбий стратегиясини ривожлантирди. У касалхоналар, мактаблар ва боғчаларни қасддан, у ердагиларни ўлдириш ёки жароҳатлаш учун ўққа тутди. Асад бу зиддият давомида заҳарловчи газ ва кимёвий моддаларни ишга солди, бир миллиондан ортиқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлди. Айни пайтда, Владимир Путин уни ҳаводан қўллаб-қувватлаб турди.

Идлибдаги зиддиятлар мобайнида ҳам Россия камида 14 та қочқинлар лагерини нишонга олди. Сўнгги ҳафталар давомида Туркия чегарасига яқин жойлашган қочқинлар лагерларига бир неча бор ҳужум қилинди, оқибатда юз минглаб инсонлар Туркия чегаралари томонга қараб қочишга мажбур бўлди. Бу эса расмий Анқарани хавотирга солиб, аллақачон Туркияда ўрнашиб бўлган суриялик бошқа қочқинларга Европа чегараларини очиб беришига олиб келди. Оқибатда, Туркия-Греция чегарасида қочқинлар инқирози пайдо бўлди. 

Мавзуга доир: Туркия Идлибда кимни ва нима учун ҳимоя қиляпти?

Сурия фуқаролик жамияти ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мамлакатда тинч фуқаролар ва асосий фуқаровий инфратузилмалар (касалхоналар, мактаблар, йўллар) нишонга айлангани ҳақида мунтазам урғу бериб келади. Бироқ бу ҳалигача ҳеч қандай самара бермаган. 

Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида ўзига ноқулай қарорларга вето қўйиб келади. (Сурияда уруш бошланганидан бери бу давлатга доир 14 та қарорга вето қўйган.) Хусусан, БМТга аъзо бўлган 65 давлат Сурия ҳукуматини уруш жиноятлари туфайли Халқаро Жиноят Судига тортишни қўллаб-қувватлаганида Россия ва Хитой биргаликда бу қарорга вето қўйган.

Ўз ҳудудига қочқинлар кирмаслигини истайдиган Европа давлатлари Туркия аллақачон Суриядан қочишга мажбур бўлган миллионлаб кишиларга бошпана берганини ёдда тутиши лозим. Айни пайтда Туркия ҳудудида 3,5 миллион суриялик қочқин яшайди. Аммо Башар Асад ва Владимир Путиннинг ҳарбий ҳаракатлари натижасида яна бир миллион суриялик унинг чегараларига қараб интилса, буни қабул қила олмайди.

Европа Туркия ўз ҳудудидаги курдларга қандай муносабатда бўлганини унутмаслиги керак. Лекин ҳеч бўлмаганда Сурияда Туркия европаликларнинг қўллаб-қувватловига муҳтож”, дея таъкидлаган молиячи. 

Сороснинг яна ёзишича, фақат битта давлат – Туркиягина Идлибдаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун ўз қўшинини жўнатган. Бироқ турклар Россия билан юзма-юз тўқнашувга кира олмайди, чунки Россия армияси анча кучли. 

“Бу вазиятда Европа Путин билан музокараларда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга ёрдам бериши, ўзаро сулҳ тузилиши ва Идлибда суриялик қочқинлар учун “хавфсиз ҳудуд” ташкил этишда воситачи бўлиши лозим”, дея хулоса қилган Жорж Сорос.   

Эслатиб ўтамиз, бугун, 2020 йил 5 март куни Россия пойтахти Москвада Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўртасида Суриянинг Идлиб вилоятидаги вазият бўйича музокара бўлиб ўтиши кутиляпти.