Журналист Саиджон Махсумов ўлимига сабаб бўлган Хоразмдаги аянчли автоҳалокат ҳақида маълумот берилди

Журналист Саиджон Махсумов ўлимига сабаб бўлган Хоразмдаги аянчли автоҳалокат ҳақида маълумот берилди

“Халқ сўзи” газетаси мухбири, таниқли журналист Саиджон Махсумов 35 ёшида автоҳалокат ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор этиб ҳамдардлик билдирди.

Махсумов Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетини тамомлаган.

Фаолиятини “Маърифат” газетасида бошлаб, шу кунгача “Халқ сўзи” газетасида фаолият юритиб келётган эди.

ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати мазкур мудҳиш ЙТҲ бўйича расмий маълумот берди. 

Аниқланишича, кеча, 19 сентябрь куни соат 23:35 ларда, Хоразм вилояти, Тупроққалъа тумани, Саримой қишлоғи ҳудудидан ўтган А-380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлининг 493-километрида, ҳайдовчи, 1996 йилда туғилган А.М. бошқарувидаги "Tacuma" русумли ҳамда ҳайдовчи, 1970 йилда туғилган Б.М. бошқарувида бўлган "Isuzu" русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган.

Натижада, "Tacuma" русумли автомобиль ҳайдовчиси А.М. ҳодиса жойида, ушбу автомобиль йўловчилари С.М. (таҳ: журналист Саиджон Махсумов) шифохонага олиб кетилаётганда, Р.Ж. ва А.Қ.лар шифохонада вафот этган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Тупроққалъа тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.