Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Журналист vs Блогер: Ким у, нима у?
29.10.2019 16:51,  
1504

Фарғонага ташриф буюрган катта авлод журналистлари, яъни устоз журналистларимизни кўролмай қолганимдан ростдан афсусландим. Балки мени ҳам таклиф қилишганида эди, борардим, савол-жавобни қизитишга ҳиссамни қўшган бўлардим. Ғанимат устозлардан фойдаланиш яхши-да.

Энди Пресс-клубда тилга олинган "анъанавий журналистика ва блогерлар" масаласида бир неча йиллар олдин фикримни қисқача айтиб қўйганман. Шу фикрни озгина очиб берай.

Ҳозирги блогерлик деб аталаётган машғулот бу журналистикада ҳисобга олинган. Буни "Сариқ Матбуот" деб аташади. "Yellow Press" дейишади Ғарбда.

Сариқ мабуот ибораси сўзма-сўз таржима қилинган. Аслида "тутуруқсиз матбуот" дейилади. "Бульварная Пресса" ҳам дейишади. Тутуруқ йўқ ҳисоби.

Сариқ матбуотнинг назарияда ўргатишган айрим жиҳатларини эслаймиз:
- арзон нархдаги ахборотлар;
- миш-миш ёки дув-дув гапларга асосланган ахборотлар;
- жанжалли ахборотлар;
- текширилмаган ахборотлар;
- машҳурлар ҳаётига боғлиқ воқеа-ҳодисалардан иборат ахборотлар;

Сариқ матбуот мана шу санаб ўтилган омиллар билан доим гуллаб яшнаб юрган. Эндиликда электрон матбуотнинг сариғини - блогерлик деб айтяпмиз. Facebook айнан шунга асосланган. Агар шу ахборотларда расмлар кўпроқ бўлса, унда буни "Tabloid" дейишади. Таблоид вазифасида эса Instagram самарали ишлаяпти.

Шунинг учун блогерликни замонавий дейиш унчаям тўғри эмас. Сариқ матбуотнинг электрон кўриниши деб қаралса кифоя. Буни ҳар бир профессионал журналист тушуниб туради. Сариқ матбуотнинг асосий мақсади аудиторияни кўпроқ жалб қилиш ва шу орқали пул ишлаш. Бошқа ҳеч нарса эмас.

Шахсан мен Сариқ матбуотдан ҳеч қачон хавотирга тушмаганман. Чунки тушунаман матбуотнинг бу тури қандай ишлашини. Ҳатто ўзим ҳам шундай газета очиб кўрганман. У пайтда ижтимоий тармоқлар йўқ эди ва Tabloid илк сонидан кейин ёпилган эди.

Сариқ матбуот ҳақида гапирилганда, АҚШ тарихида илк бор "сариқ бола" ҳаёти ҳақида гапирилса, Россия тарихида "Копейка" газетаси эсланади. Лекин умумий жиҳати шундаки, ахборотлар аҳолининг қуйи қатламига мўлжалланганлигидир.

Бу йўналишда ишовчилар ахборотни 3 та "S" қоидасига кўра синфлантирганлар. Ҳар ҳолда бизга журналистикада шуни ўргатишган:

1. Sex! Ишқий муносабатларга асосланган ахборотлар. Сизга Андижон ҳокими ҳақидаги гапларни айтиш шарт эмасдир? Гейларнинг мурожаати ҳам шу турга киради. Ёки лифтдаги ҳофизнинг иши ҳам sex-newsга мисол бўлади.

2. Sensation! Бу турдаги ахборотлар кўпроқ шов-шувга сабаб бўлади. Фермерларнинг ариққа тушиши, ДАН ходимининг сёмкалари ва ҳоказо ҳештеглар орқали тарқалган ахборот турлари бунга мисол бўлади.

3. Suicide! Суиқасдга асосланган шов-шувли хабарлар ҳам сариқ матбуот сирасига кириб кетади. Ўқитувчи Диана ўлими, талаба Жасур Иброҳимов ўлими, ёниб кетибди, пичоқлаб кетибди, ўлдириб кетишибди ва ҳоказо хабарлар бунга мисолдир.

Кўриб турганингиздек, Сариқ Матбуот дунёда аллақачон ўз ўрнига эга бўлишга улгурган. Сариқ матбуотнинг энг кўп фойдаланадиган "қартаси" матндан ўзига кераклисини олиш усулидир. Бунда уни ёлғончига чиқаролмайсиз. Чунки кесиб олинган бўлса ҳам ўша гап айтилган ва ёлғон эмас. Шу томондан уларни маҳкамага ҳам тортолмайсиз.

Лекин жиддий одамлар ҳеч қачон Сариқ матбуотни ҳисобга олмайдилар. Улар журналистика нима билан шуғулланаётганига қизиқадилар. Сиёсатда ёки бизнесда жиддий ютуқларга эришган кўплаб одамларнинг доимий ўқийдиган муаллифлари бўлади. Улар Сариқ матбуотдаги сенсацион материаллар шунчаки, омманинг ўзига хос эрмаги эканлигини яхши тушунадилар. Чунки шов-шувли хабарлар узоқ давом этмайди. Бугунгисидан бехабар қолса, кейингиси келишини билади. Журналистлар эса, ахборот билан бирга маърифатли мавзуларни ҳам бериб борадилар. Бир нарса оласиз.

Кекса авлод - устоз журналистларимиз жамиятнинг Сариқ матбуот даражасига тушиб қолганлигидан қайғураётгани тушунарли. Буни пресс-клуб руҳиятидан сездим. Лекин бир томондан "қўрқув" сўзини "масъулият" сўзи ортига беркитиш яхши эмас. Блогерлик, яъни электрон сариқ матбуот ҳам журналистикадир. Фақат бу билан асл блогерликни адаштирмаслик керак. Чунки блогерлик бу ўз саргузаштларини ёзиб боришдир. Шу нуқтаи назардан ҳар ким блогер бўла олади. Лекин тутуруқсиз матбуотга қўл урдими, энди у ўзини блогер демаслиги керак. Сариқ матбуот вакилиман деса, кўпроқ ярашади.

5 мингта ўқувчимдан 4 мингтаси шунчаки ўқийди. 4 мингдан зиёд аудитория ахборотни саралашни бироз ўрганиб олса, фойдадан ҳоли бўлмасди. Айрим 50 тачаси блоггерлик билан шуғулланади. Кундалик пост қўйгувчи дўстларим ҳам, аслида нима иш билан шуғулланаётганларини бемалол шу мақоладан кейин тушуниб олсалар ажабмас.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан