Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллар
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар








Каламушга амал тегса ёхуд “икки оёқли кемирувчилар” ҳақида
4.08.2022 19:25,  
227

Халқ мулкини талон-тарож қилиш бўйича уч баробар юқори кўрсаткичга эришилди.

Очиқлик сиёсатини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини бузган мансабдор шахсларга БҲМнинг уч бараваридан беш бараваригача жарима солинаркан. Бу яхши албатта. Менга қолса амалдорлар ҳар бир ҳатти-ҳаракати, сарфлаган тийинигача халққа ҳисобот бериши керак. Шу билан бирга, ошкоралик сиёсатини бузаётганларга янада қаттиқроқ жазолар тайинланиши мақсадга мувофиқ. Чунки, шундоғам касалини яшираётганларнинг иситмаси узоққа бормай, ошкор бўлиб қолаяпти. Худди, «Ўзтрансгаз» АЖ мансабдорлари ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ахборотлар обрўсига зарар етказаётганлигидан шикоят қилганлари сингари. Давлатга келтирилган жуда катта зарар ҳақидаги ҳужжат эълон қилинишигача бориб етган баҳслашув, барибир ҳақиқатни юзага чиқиши билан якунланди. Уларга қолса, 5 трлн. сўмлик халқимизнинг пулларини талон-тарож қилганларини мақташимиз керак экан. Улар ҳам раҳмат ўрнига «Келгусида ўмарилган маблағлар миқдорини 10 трлн.га етказамиз», деб қўйишмоқчи, шекилли.

Масъулларнинг айбини ошкор қилган айрим журналист-блогерлар эса бунинг учун «товон» тўлашга ҳам мажбур бўлсада, халқ манфаатини ўзиникидан устун қўяётганлиги мақтовга сазовор. Журналистларнинг фаолиятини чеклаш, мамлакат ривожига тўсқинлик қилиш билан баробар. Оқибатда эса кейинчалик «Улар қишлоғимизнинг виждони эдилар», деб юраверамиз...

Ижтимоий тармоқларнинг маҳаллий сигментига мўлжалланган хабарларни ўқиб, бугунги жамиятнинг умумий аҳволидан хабардор бўлиб турамиз. Бугун эскиликни тўлдирадиган шундай янгиликлардан бири эътиборимни тортди. Сенат Ўзбекистонда Давлат бюджетини ўмариш йилдан йилга ортиб бораётгани ҳақида маълумот берибди. Энг кўп пул ўмараётганлар рўйхати: Бегзод Мусаев, Агриппина Шин, Бахтиёр Саидов, Абдуқодир Тошқулов раҳбарлик қилаётган вазирликлар давлатга 1 трлн. 282 млрд. сўм моддий зарар етказганлиги эълон қилинди. Демак, Соғлиқни сақлаш, Mактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари учун ажратилган пуллар асл эгасига, яъни оддий халққа етиб бормасдан, «қора қўллар» томонидан чўнтакка «урилаётган» экан. Бундан ташқари, сенат хабарига кўра аксарият коррупцияга оид жиноятлар ҳам соғлиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача таълим, олий ва ўрта-махсус таълим йўналишлари ҳамда банк тизимига тўғри келган. Коррупция ва жиноятчилик ботқоғига ботаётган жамият ривожланишдан тўхтайди ва сохтакорлик авж олади, деймиз. Ушбу талон-тарожликлар ортида эса албатта қайсидир мансабдор шахслар турганлигини ҳам яхши биламиз. Аммо, воқеалар сўнггида, гўшт комбинатидаги ўғирлик қайсидир шу атрофда ўралашиб юрган мушукнинг айби бўлиб чиқади. Ейилган гўшт эса аллақачон ҳазм бўлиб кетганини пайқаймиз...

Реал ҳаётда ёки ижтимоий тармоқлар орқали ўртага ташланган коррупция ва халқ мулкини ўмариш мавзуси кўпгина баҳсларга сабаб бўлиб туради. Унда беш юз минг сўм пора олган ўқитувчининг «шарманда»ларча жазоланиши ва бутун бошли жамият мулкини еб битираётганларни «жин урмаслиги» ҳақидаги эътирозлар билдирилади. Баъзан эса қонунчиликда ўз мансабини суиистеъмол қилиб порахўрлик ва талон-тарожлик билан шуғулланган кимсага нисбатан жазо чораларининг енгиллиги, айрим пайтларда эса кимларнингдир ёрдамида жазодан қутулиб қолаётганлиги ҳам халқ мулкининг ўмарилиши авж олиб кетаётганлигига асосий сабаб қилиб кўрсатилади. «Сиз бу пуллар амалдорлар томонидан талон-тарож қилинаётганини қаердан биласиз?» Бу савол бирорта ҳокимни оқлаб чиққан ўша ҳокимнинг ўринбосари томонидан ҳам берилиши мумкин...

Эътибор беринг, июль ойининг сўнгги кунларида Бош прокуратура Матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган «ҳўл ўғрилар» ҳақида хабар берди. Бош прокуратура томонидан мутасадди идоралар билан биргаликда ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан ўтказилган текширувларда, Ўзбекистон Сузиш федерацияси мансабдор шахслари 1 млрд. сўмдан ортиқ маблағларни талон-тарож қилганликлари аниқланди. 2021 йилнинг октябрь-декабрь ойларида жами 287 нафар спортчи “D” МЧЖга қарашли меҳмонхона хизматидан фойдаланмаган бўлсаларда, фойдаланганлик ҳақида электрон ҳисоб-фактураларга сохта ёзувлар киритган ҳолда 1 млрд. сўмлик пул маблағи талон-торож қилинган. Сохта ҳужжатлар эса кўзбўямачилик мақсадида тайёрланган. Қўшимча тарзда кимгадир интервью беришга тўғри келиб қолса: «Биз миллиардлаб сўмни ёшларимизнинг баркамол авлод бўлиб етишиши учун сарфладик», дейиш мақсадида. Ҳақиқий ҳаёт манзарасида эса ажратилган маблағ қақраган чўлга тушган сувдай ғойиб бўляпти.

Яна бир маълумот, Сурхондарёда Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган кредит маблағлари талон-тарож қилинди. Бош прокуратуранинг хабар беришича, 2,5 млрд. сўмдан ортиқ пулни ўмарган раҳбар қўлга олинди. Қизиғи ўтган йили, Сирдарё вилояти Ховос туманида ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган 7 млн. АҚШ доллари миқдоридаги пул талон-торож қилингани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Сирдарёдан Сурхондарёга кўчган Осиё тараққиёт банки ажратган қарзларни ўмариш анъанаси, келгусида халқимиз гарданига тушажак қарз юки эвазига қайсидир текинтомоқларнинг маишатига йўналтирилган. Ушбу мавзудаги далиллар билан танишиш жараёнида, эл-юртини ўйлайдиган, Худодан қўрқадиган мансабдорларга муҳтож эканлигимизни тушунамиз. Гапираётган гаплари баландпарвоз, ҳаддан ортиқ ватанпарварлик рангига бўялган, амалда эса ҳамюртининг оғзидаги охирги бўлак нонини тортиб олишга тайёрлари шундоқ ҳам етарли.

Хулоса қилиб, давлат мулкини талон-тарож қилиш бўйича мансабдорларимиз 2020 йилга қараганда уч баравар юқорироқ «натижа»га эришганлигини айтишимиз мумкин. Шу сабабли ҳам тармоқларда талон-тарож қилиш ҳақидаги хабарлар кўпайиб кетяпти. Айбга буюрмайсиз, ҳурматли амалдорлар! Сизларнинг «муваффақиятларингиз»ни жамоатчиликка етказиб турмасак бўлмайди. Ахир, биз ҳам ўз вазифамизни бажаришимиз керакку.

Тавсия Этамиз








Тавсия Этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан