Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Калашников: Афсонавий қурол ва «Қора бозор»
23.05.2016 14:01,  
259

Жаҳондаги геосиёсий ўзгаришларга сабаб бўладиган нарсалар талайгина: халқаро қудратлар орасидаги куч мувозанатларининг ўзгариши, минтақавий ўйинчилар, авторитар деспотларнинг ўзбошимча ҳаракатлари, молиявий бўҳронлар ва, ҳаттоки, табиий офатлар. Яна геосиёсатга таъсир этувчи шундай омиллар мавжудки, уларнинг иштирокини ко`пчилик сезмайди ёки тан олишни ҳоҳламайди. Бундай омиллардан биз учун энг яқини ва таниши - бу қуроллар, яна ҳам аниқроғи Калашников автоматидир. 

Калашниковсиз ҳозирда дунёда бўлаётган барча қуролли тўқнашувларни тасаввур қилиш қийин, бу қурол Совет Иттифоқи армиясининг таниқли тимсолидир. Биринчи марта Совет армияси томонидан АК-47 номи билан ишлатила бошлайди, лекин унинг дунёга машҳур Калашников номи қурол яратувчисининг фамилясидан келиб чиққан. Бу қурол дунёнинг деярли барча географик ҳудудларидаги урушларда синовдан муваффақиятли ўтди. Вьетнамнинг нам ўрмонларидан тортиб, Африканинг барча  географик шароитларию, Афғонистоннинг ёзи ўта иссиқ ва қиши ўта совуқ бўлган қурғоқчилик зоналарида бу қуролнинг ишлатилиши ҳеч ҳам панд бермаган.

Унинг дунёдаги энг кўп ишлатилувчи енгил қурол сифатида танилишига бир нечта сабаблар бор.  Биринчидан, унинг сифати, ҳоҳ сувда бўлсин, ҳоҳ қум тагида, Калашников ўз функциясини йўқотмайди.  Унинг оддий услубда осон ишлатилиши ўз бошқарувчисидан чуқур ҳарбий билим талаб қилмайди, ҳатто вояга етмаган ўсмирлар ҳам бу қуролни ишлатилишини қисқа давр ичида осонлик билан ўзлаштириб олишлари мумкин. Молиявий сабаб : Калашников дунёдаги автоматик уруш қуроллари орасида энг арзон нархда сотилиши билан донғи кетган. Совет Иттифоқининг парчаланиши билан, Шарқий  Европа ва Совет Иттифоқи ҳудудларидаги қурол омборхоналарида сақланаётган қуроллар дунёга тарқалиб кетди. Собиқ Совет мамлакатларидаги иқтисодий қийинчиликлар туфайли уларнинг сотилиши жуда ҳам арзон баҳода амалга оширилган. Ҳозирда, гарчи, Собиқ Совет мамлакатлари ўзларининг иқтисодий аҳволини бирмунча мустаҳкамлаб олишига қарамасдан ноқонуний қурол савдоси ўзининг «қора бозор»даги аҳамиятини йўқотмади. Аксинча янги индустриядаги ишлаб чиқарилаётган АК-47 автоматида пластик ва ёғоч маҳсулотларини кенг тарзда ишлатилиши унинг нархини янада пасайтириб бозорини чаққонлаштириб юборди. 

Шу кунгача Калашников дунёдаги энг таниқли қурол мақомини ярим асрдан кўпроқ ўзида сақлаб кела олди. Дунё ҳамжамиятида уруш сўзини тўғридан-тўғри Калашниковни тасаввур қилиш билан тилга олиши оддий ҳол бўлиб қолди. Оммавий ахборот воситалари, уруш ҳақидаги компютер ўйинлари ва бошқа омиллар бу машҳурликка эришишда ўз ҳиссаларини билиб-билмай қўшдилар. Ҳозирда жиноятчи гуруҳлар, жангарилар ва террористларни бу қуролсиз тасаввур қилиш қийин.  Бу қуролнинг бундай кенг ёйилишига унинг дунёдаги кўпчилик ноқонуний завод ва фабрикалар томонидан нусхасини кўпайтириш орқали тарқатилганлиги ҳам сабабдир.

Дунёнинг 60 мамлакатидаги қўзғолонлар ва фуқаролар урушидаги  садоқатли, узоқ йиллик хизматларига қарамасдан, Калашников тарихи унинг машҳурлиги каби ёрқин ва афсонавий эмас. Қурол индустрияси ҳар доим ҳам нозик тармоқлардан бири бўлиб келган, кўпчилик ҳолларда бу тармоқда саноат жосуслиги, нусха кўчириш ва қалбакилаштириш ишлари муҳим рол ўйнаб келган.  Бугун мен сизларга шундай саноатларнинг бири бўлмиш енгил қуролларнинг ноқонуний ишлаб чиқаришини ёритишга ҳаракат қиламан.

Аслида АК-47 автоматининг аждодлари биз ўйлаганимиздан анча олдинроқ пайдо бўлишни бошлаган. Германияда учинчи Рейх ҳокимиятининг ўрнатилиши ва мамлакатнинг милитаризация қилина бошланиши билан оддий пиёда аскарларнинг унумини ошириш учун енгил қуролларни ривожлантиришга муҳим эътибор қаратилди. Иккинчи Жаҳон Уруши давомида пиёда аскарларининг қуролларидаги давомийликнинг камлиги туфайли яқин масофадан туриб ўқ узишда қуролда ўқ тугаб қолиши ва ўқдонни алмаштирилиши учун керак бўлган вақтнинг узоқлиги каби техник сабаблар немис армиясининг муаффақиятсизликларининг асосларидан бири эди. 

Шуни эътиборга олган ҳолда, фашист Германияси қуроллардаги ўқлар сонини кўпайтиришга ва уни автоматлаштиришга асосланган бир нечта ҳарбий изланишларни амалга оширади.  Биринчи Жаҳон Урушида немис армиясининг энг муаффақиятли қуроллардан бири автомат пистолет МП18 бўлган, ушбу қуролни АК-47нинг энг биринчи аждоди десак, хато бўлмайди. МП18 урушнинг охирги йилларида яратилгани ва ишлаб чиқаришнинг мураккаблиги туфайли 1 Жаҳон Урушида ўзининг ишчанлигини тўлиқ кўрсата олмайди. Умумий ҳисобда 10 000та ишлаб чиқарилган МП18дан, атиги 5000таси уруш даврида ишлатилган, асосан юқори мансабдор шахсларни қўриқлаш хизматларида. Учинчи Рейх айнан шу қуролнинг авлодларини ривожлантиришга киришади. МП38, МП40 шулар жумласидандир.  Лекин ҳар бири ўзининг камчиликларига эга бўлиб ривожлантиришга муҳтож эди. Масалан МП40 автомат қуролининг ўқдони деярли носоз бўлиб иккита катта камчиликка эга эди, 1 ўқдон икки қатордан тузилган ўқлардан ташкил топган бўлиб, қуролнинг ўқхонаси эса фақат битта ўқни қабул қилишга мўлжалланган эди, агар ўқдонга чанг ёки қум заррачалари кириб қолса ўқдондаги ўқлар сиқилиб автоматга ўқ етказиб беролмай қоларди. 2 камчилик ўқдон билан қурол орасида ҳеч қандай уни ушлаб турувчи мослама бўлмаганлиги туфали автоматга ташқи зарба берилган тақдирда у ё ўқдонини тушириб қўярди, ёки бўлмаса ўқдондаги ўқлар зарба таъсиридан ўқ хонасига ўтиб қуролдан эгасини хоҳишига қарши ўқ отилиб кетарди. 

МП 18 Пистолет-автомати

МП 18 Пистолет-автомати

Кейинги авлодларда ҳам ушбу муаммога етарлича ечим топилмаган. Шу қуролларни асос қилиб олган ҳолда Рейх армияси янги СтГ-44, Штрумгевер автомат қуролига асос солади. Уни баъзида МП44 деб ҳам аташ одат тусига кирган. МП40дан фарқли ўлароқ Штрумгевер анча ривожланган бўлиб, ўқдондаги муаммолар ва олдинги авлод автомат қуролларидаги ўқ чиқувчи қувурнинг қизиб кетиши каби ноқулайликларга барҳам берилган эди. Қурол нишонининг аниқлиги унинг энг яҳши сифатларидан бири эди. Лекин шунга қарамасдан унинг ҳаддан зиёд узунлиги (94 см)  ва оғирлиги (5.22 кг) жанг давомида ноқулайликлар келтириб чиқарди. Айниқса окоплардаги ётган ҳолда ўқ узишда Штрумгевернинг ўқдонининг узунлиги душманга қарата ўқ отишни сезиларли даражада қийинлаштирарди. Унинг 1944 йилда оммавий равишда ишлаб чиқарилишига қарамасдан у фашистлар армиясида энг асосий қуролга айланиб улгурмади. Умумий ҳисобда 500 мингта ишлаб чиқарилган бўлиб, шундан 200 мингтаси омборларда тарқатилмасдан қолиб кетади. Кейинчалик бу нусхаларнинг барчаси Совет армияси томонидан мусодара қилинади, улардаги фашистик белгилар ўчирилиб, кейинчалик Германия Демократик Республикаси (ГДР) армиясига ва Югославия десантчилар баталионларига тарқатилади.

СтГ-44, Штрумгевер (МП44) автомат қуроли

СтГ-44, Штрумгевер (МП44) автомат қуроли

1947 йилга келибгина Совет инженерларидан бири бўлмиш Михаил Калашников ўзининг Ижмаш заводидаги секциясида янги қуролни Совет Армиясига тақдим қилади. Қурол унинг номига атаб «Автомат Калашникова 1947»,  яъни қисқартилиб АК-47 дея номланади. Шу кундан бошлаб Совет Армияси бу қуролни ўзининг ажралмас тимсоли қилиб олди. Лекин АК-47нинг ривожлантириш ва қўшинга мослаш 1959 йилгача давом этди, 1959 йилда замонавийлашган машҳур АК-47 яратилди. Бутун Совет армияси ушбу қурол билан қуроллантирилиб, коммунистик қўшни Хитойга бу қуролни ишлаб чиқаришга рухсат берилди. Кейинчалик бу рухсат бошқа 18 та Варшава шартномаси мамлакатларига ҳам ёйилди. Гарчи Калашников Штрумгевердан илҳомланиб яратилган бўлсада, унинг вазни, қулайлиги ва тезкорлиги шу давргача ишлаб чиқарилган ҳар қандай автоматик қуролдан анча устун эди. Жумладан Штрумгевер билан АК-47 ни солиштирадиган бўлсак, асосий корпус ўхшаш бўлишига қарамасдан АК-47 нинг технологияси бир мунча мураккаб ва ишлатилишида ҳеч қандай камчилик кўзга ташланмайди. Ўқининг бошқа қуролларга нисбатан нишонга чуқурроқ ботиши эса ҳозирга қадар АК-47ни бошқа автоматик қуроллардан устунлигини ушлаб туришдаги муҳим омилдир. 

АК-47нинг чидамлилиги, енгиллиги ва ишлаб чиқаришнинг арзонлиги уни тезда дунёга ёйди. Ўша даврдаги «Совуқ Уруш» туфайли юз бераётган қуролли тўқнашувларда Калашниковнинг роли жуда аҳамиятли бўлди. Барча Совет Иттифоқига шерик бўлган давлатлар унинг литсензияларини сотиб олиб, миллионлаб Калашниковларни ишлаб чиқардилар. Тезда дунёда бу қурол «Революция ва Озодлик» қўзғолонлари рамзига айланди. Йиллар ўтиб дунёдаги талабларга кўра унинг бир нечта замонавийлашган ва турли ҳил географик шароитларга мослашган турлари ишлаб чиқарилди, шунингдек ўзининг такрорланмас 7.62 калибрли ўқидан тортиб, НАТОнинг машҳур 5.56 калибрли ўқларига мослашган янги русумлари дунё юзини кўрди.

Бугунги кунда бу қуролнинг сони афсонавий ҳолга келди, умумий рўйхатдан ўтиб, ишлаб чиқарилган Калашников автоматлари сони 70 110 миллион атрофида. Бу дунёдаги энг бозори чаққон қуролдир. Шунга қарамасдан унинг асосчиси бу қилган ихтироси учун ҳеч қандай пул мукофоти олмаган. Лекин у яратган «гавҳар» туфайли дунёда минглаб заводлар ҳозиргача мўмай пул қилишда давом этишмоқда. 2007 йилда Михаил Калашников дунёдаги 10 та Калашников автоматидан 9таси кўчирма ёки қўлбола эканини таъкидлаган. Ҳақиқатдан ҳам ҳозирда ишлаб чиқарилаётган Калашников автоматларининг атиги 10 12%игина Россияга тўғри келиб қолган, 90% бошқа давлатлар томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Бунга асосан икки сабаб бўлиб, биринчиси - «Совуқ Уруш» даврида Совет Иттифоқи ўзининг стратегик шерикларини кучайтириш мақсадида кўпчилик давлатларга бу қурол ишлаб чиқаришини рухсатини берган. Лекин ҳозир Совет Иттифоқининг ўзи мавжуд эмас, улар билан тузилган шартномаларда эса Совет Иттифоқининг қулаши умуман ҳисобга олинмаган эди. Шу сабабдан бу давлатларнинг кўпчилик қисми АК-47 қуролини ишлаб чиқаришни давом эттиришмоқда. 2 сабаби Совет Иттифоқининг қулаши оқибатида, бутун Совет қурол арсенали собиқ ҳарбийлар томонидан талон-тарож қилиниб, мафкуравий қарашларини ҳисобга олмаган ҳолда бир нечта давлатларга арзон нархда сотиб юборилди. Шунингдек, дунёда Коммунистик блокнинг қулаганлиги ортидан қуролларга нисбатан талабнинг пасайиши ва собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларида ижтимоий-иқтисодий аҳволнинг ёмонлашуви оқибатида бу қуролнинг нархи 90 йилларда 20$ гача тушган. Шу даврда бу қурол ишлаб чиқаришига тегишли бўлган технологиялар ҳам сотилганлиги ҳақида маълумотлар йўқ эмас. 2006 йилда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Венада бўлиб ўтган енгил қуроллар форумида Россия дунёдаги Калашников ишлаб чиқарилишини назоратини қўлдан бой берганини ва атиги 10% гина Россияда ишлаб чиқараётганини эълон қилди.

Дунё мамлакатлари бўйлаб Калашников автоматларининг расмий равишда миллий армиялар таркибида ишлатилиши: Тўқ қизил рангда АК нинг классик турини ишлатувчилар. Сариқ рангда АК дан кўчириб янги ишлаб чиқарилган қуролларни ишлатувчилар. Пушти рангда АКнинг янги замонавийлашган турларини ишлатувчи мамлакатлар.

Дунё мамлакатлари бўйлаб Калашников автоматларининг расмий равишда миллий армиялар таркибида ишлатилиши: 
Тўқ қизил рангда АК нинг классик турини ишлатувчилар. 
Сариқ рангда АК дан кўчириб янги ишлаб чиқарилган қуролларни ишлатувчилар. 
Пушти рангда АКнинг янги замонавийлашган турларини ишлатувчи мамлакатлар.

Ҳозирги кунда дунёда 63 дан ортиқ Калашников автоматидан кўчирма қилинган енгил қуроллар турларини ажратишимиз мумкин. Шуларнинг орасида айримлари Калашников автоматининг деярли бир хил нусхаси бўлиб, уларнинг фақат номи ўзгартирилган десак хато бўлмайди, шулардан Руминиянинг WАСР, Сербларнинг Застава М70, Хитойнинг Тйпе 81 автоматлари Калашниковнинг кўриниши жиҳатдан ҳам, техник жиҳатдан ҳам тўғридан тўғри кўчирмасидир. Болгария бошқа мамлакатларга қараганда янада бу кўчирмачиликни олдинга сурди. Аслида Болгарияга АК-47 ишлаб чиқариш ҳуқуқи Совет Иттифоқи томонидан берилган бўлиб, унинг  ишлаб чиқарилиши 90 йилларнинг ўрталаригача бўлиши лозим эди. Лекин шунга қарамасдан ҳозирда бу ишлаб чиқариш «Арсенал» номланмиш фирма томонидан давом эттирилиб, ҳатто унинг филиаллари АҚШ каби мамлакатларда ҳам очилган. Ҳозирда бу ташкилот АК-47 автоматини Африка ва Жанубий Америка давлатларига экспорт қилмоқда. Совет Иттифоқи билан тузилган шартномада эса қурол фақат Болгария армиясини таъминлаш учунгина ишлаб чиқарилиши лозимлиги қайд этилган.

Застава М70

Застава М70

WАСР

WАСР

2009 йилда Ижмаш жамиятининг аъзоларидан бири Буюк Британиянинг Тҳе Индепендант газетасига берган интервюсида, бундай ўзбошимча ишлаб чиқаришлар Россиянинг қурол-яроғ савдосига 400 миллион АҚШ доллари даражасида зарар келтираётганини қайд қилади. Рособоронэкспорт – Россиянинг қурол бўйича экспортларини тартибга солувчи жамиятининг қаршиликларига қарамасдан, АК-47нинг бутун дунёда ноқонуний равишда ишлаб чиқарилиши давом этмоқда. Чунки Шарқий Европа давлатлари келишувлар жамиятлараромас, балки давлатлараро олиб боришларини сўрашмоқда. Томонларнинг аниқ қарорга келмаганлиги туфайли бу келишувлар учун музокараларга киришишга ҳозирча ҳеч қандай ҳаракат йўқ.

Рус автомат қуроллари ишлаб чиқариш саноати бир нечта муаммоларга дуч келган. Булардан ноқонуний равишда қуролларнинг тарқалиши энг муҳими бўлсада, бошқа муаммолар йўқ эмас, масалан қурол ишлаб чиқаришдаги иновациянинг етишмаслиги. Чунки собиқ стратегик шериклар, Калашниковнинг дастлабки моделларидан янги-янги қуролларни яратишмоқда. Бу эса Россия қурол ишлаб чиқариш саноатига жуда кучли зарба бўлмоқда. Шунга қарамасдан яқинда Ижмаш корхонаси бошқа қурол ишлаб чиқарувчи мамлакатларга қараганда оқсоқланаётганини сезган ҳолда янги АК-12 ва АК-2000 каби қуролларни яратиб уларни халқаро бозорга олиб чиқди. Лекин уларнинг фарқи эски АК-47дан  камлигича қолмоқда. Айрим мутаҳасиссларнинг фикрига кўра янги АКларнинг эскиларидан ҳеч қадай техник фарқи бўлмай фақатгина уларга қўшимча модуллар киритлган ҳолос. Россия қурол яроғ саноатидаги оқсоқланишга ундаги янги қуролларн ияраувчанлик қобилиятининг етишмаслиги энг асосий сабабдир, унинг стратегик шерикларидан бўлмиш Хитой янги қурол яроғларни яратган ҳолда бу саноат тармоғини жадал суратларда ривожлантириб бормоқда.

Шунинг оқибатида Россия бу саноат тармоғининг аста секин емирилиб бораётганини кузатмоқда, агар аҳвол шу зайлда давом этса Россия бир неча йиллардан кейин қурол-аслаҳа экспорти бўйича дунёдаги 2 ўринга тушиб қолиши мумкин. Хавфдан боҳабар Россия ҳозирда ўзидан нусха кўчирувчи мамлакатларга янги технологик қуролларни сотишни камайтирмоқда. Масалан, 2007 йилда Россиядан Хитойга бўлган қурол экспорти ўта кучли даражада пасайган. Бунга асосан иккита сабаб мавжуд. Биринчидан Хитой мана неча йилдирки ўзининг енгил қуроллар ишлаб чиқариш саноатига эга. Иккинчидан айтиб ўтганимиздек Хитой иложи борича замонавий технологияларни импорт қилишга бел боғлаган, уларни ривожлантириб ёки ўзгартириб ўзининг миллий маҳсулотларига айлантириш мақсадида. Ҳозирда Хитой айни қурол-яроғ саноатида импорт қилувчи мамлакатдан экспорт қилувчи мамлакатга айланиб бормоқда.

Бундай қурол-яроғ саноатидаги кўчирмачилик фақат Калашниковга тегишли эмас, балки барча қурол-яроғ тизимиа тегишлидир. Ҳозирда дунёда минглаб қўлбола қуроллар ишлаб чиқарувчи яширин фабрикалар фаолият кўрсатмоқда. Покистон, Африка ва Яқин Шарқ регионларида бир марталик кичик ҳажмдаги ракета, қўлбола гранаталар ва Калашников автоматлари ишлаб чиқарувчи мини-устахоналар мавжуд. Сурияда фуқаролар уруши бошланмасидан олдин, « уйда қилинган калашников » нархи 50 100$ орасида сотилар эди. Бугунги кунда эса Сурия ва Ливан орасидаги чегараларда қуролларнинг нархи ҳаддан ташқари ошиб кетган.

Бу қуролнинг ишлаб чиқарилиши оддий устахоналарнинг ёрдамисиз, уй гаражларида ҳам амалга оширилиши мумкин. Ҳозирда интернет орқали Калашников автоматининг қўлбола усулда яратиш учун қўлланмалар ва жиҳозларни сотиб олиш мумкин. Албатта деталлар етарлича бўлмаслиги мумкин, лекин 3 4 ҳар ҳил жиҳозлар ва қўлланмаларни сотиб олиш орқали оддий ускуналар ёрдамида ўз АК автоматингизни уйингизда яратиш имкони бор. Ушбу масала келажакда давлатларнинг ички ҳавфсизлигига катта зарар етказиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, ҳатто ҳозирги замонавий кузатув тизими ёрдами билан дунёдаги қуролларни тарқалишини кузатиш анча қийин масала, гиёҳванд моддалар, қимматбаҳо тошлар ва кийим кечакларнинг ноқонуний тарқалиши омма тарафидан кўп кузатилган бўлсада ноқонуний қурол-яроғ савдоси уларга қараганда молиявий жиҳатдан анча олдиндадир.

 

Муаллиф: Ахмед Раҳманов.

geopolitika.uz

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан