Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Камбағалликка қарши қандай курашилади?
25.03.2020 10:32,  
2020

Ҳар қандай касалликнинг ярим давоси бу – албатта, яхши ниятдир. Чунки яхши ният, яхши кайфият инсонни хотиржам қилади, унинг хаёлини ҳар хил ноўрин фикрлардан, ваҳималардан фориғ этади.

Шу жиҳатдан олганда, коронавирус инфекциясининг вакцинаси бор. Бу – ЯХШИ НИЯТ, ИЛМ-МАЪРИФАТ, ҲАМЖИҲАТЛИК ва ҲИССИЁТЛАРГА БЕРИЛМАСЛИК туйғусидан таркиб топган. Бундай вакцина халқимизнинг қонида бор. Зеро, халқимиз азал-азалдан фақат яхши ният қилиб яшаб келади. Айнан мана шу яхши ният халқимизни тарихнинг мураккаб синовларидан эсон-омон олиб чиққан ва бундан кейин ҳам албатта шундай бўлади.

Бугунги кунда бутун дунёда коронавирус туфайли гўёки дунё тўхтаб қолаётгандек туюлаётган бир пайтда сўзимизни бир латифадан бошласак.

“Ерга ўзга сайёраликлар ташриф буюришибди. Ўзга сайёраликлар ерликларга мурожаат қилиб, “Биз бир неча минг ёруғлик йилига тенг бўлган масофани босиб келдик. Ташрифимиздан кўзланган асосий мақсад, сизларни бутун коинот ақлли мавжудотлар жамиятига қўшмоқчимиз. Лекин бундан аввал сизларга бир нечта саволлар билан мурожаат қилмоқчимиз”, деб, кейин савол беришибди:

– Нима учун сайёрангизда камбағаллар, ночорлар кўп?

– Пул йўқ.

– Нима учун сизларда касалликлар бунчалик кенг тарқалган?

– Пул йўқ.

– Нима учун денгизлар қуриб, океанлар ифлосланиб, ерлар яроқсиз бўлиб кетяпти?

– Пул йўқ.

– Нима учун сизларда саводсизлик даражаси юқори?

– Пул йўқ.

Ўзга сайёраликлар ерликларга нима савол беришмасин, барча саволларга ерликлар “Пул йўқ”, деб жавоб қайтараверибди. Шунда ўзга сайёраликлар ҳайрон қолиб, “Пул шунчалик қимматбаҳо, ноёб ресурсми? Мана биз жуда тараққий этганмиз, агар уни бирон-бир сайёрадан келтириш мумкин бўлса, айтинглар. Биз ёрдам берамиз”, дейишса, ерликлар “Пулни ўзимиз ишлаб чиқарамиз”, дейишибди. Буни эшитган ўзга сайёраликлар: “Сиз ерликлар ақлли мавжудотлар жамиятига қўшилишингизга ҳали анча бор экан”, деб ўзга сайёрага қайтиб учиб кетишган экан”.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳамма муаммоларнинг ечими пулдамикан? Йўқ, албатта. Балки бу гап кимгадир ёқар, кимгадир ёқмас, лекин барча муаммоларимизнинг илдизи бу – биз ерликларнинг ақлсизлигимиздадир.

Инглиз ёзувчиси ва шоири Оскар Уайлд “Жамиятда бойларга қараганда пул ҳақида энг кўп ўйловчи синф бу – камбағаллардир. Зеро, уларда пулдан бошқа ўйлайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Камбағалликнинг муаммоси ҳам айнан шундадир”, деб айтганида нақадар ҳақ эди.

Бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти турли молиявий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий инқирозларнинг кучайиши, мамлакатлар ўртасида турли савдо урушларининг авж олиши натижасида дунё мамлакатлари ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий алоқаларнинг чекланиши каби жараёнлар билан тавсифланади. Бунинг натижасида эса, дунёнинг кўпгина миллий иқтисодиётларида ЯИМ ўсишининг секинлашуви, реал даромадларнинг пасайиши, ижтимоий табақаланишнинг чуқурлашуви ва қашшоқликнинг ортиши кузатилмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, камбағаллик – муайян мақбул турмуш даражасини таъмин эта олмасликдир. Бир сўз билан айтганда, бу – маълум бир шахс ёки оиланинг зарурий эҳтиёжлари даражасининг уларни қондириш имкониятларидан ошиб кетишидир.

Ҳаёт сифати ва шароитларига эътибор бериш шахснинг (ёки оиланинг) ижтимоий мавқейи ва унинг турмуш даражаси ўртасидаги тафовутни аниқлаш имконини беради.

Бугунги кунда камбағалликнинг фавқулодда кўриниши бўлган қашшоқлик дунёдаги энг катта ва айтиш мумкинки, оғриқли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Қашшоқлик – бу инсоннинг кунига 1,90 АҚШ доллари ёки ундан ҳам камроқ маблағ ҳисобига кун кечиришини англатади. Шу билан бир қаторда, қашшоқлик бу – инсоннинг камбағаллик чегарасидан ҳам паст даражада даромадга эга бўлишини ва инсоннинг ҳаётда шунчаки, ҳеч нарсасиз яшаб юрганини акс эттиради. Камбағаллик чегараси кунига 1,90 доллар этиб белгиланган бўлса-да, ҳар бир мамлакат ўзининг ривожланиш даражаси ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, камбағаллик чегарасини белгилайди. Масалан, Европа Иттифоқи мамлакатларида агар инсоннинг даромадлари ўзи истиқомат қилаётган мамлакатдаги ўртача иш ҳақининг 60%идан камроқ қисмини ташкил этса, у камбағал инсонлар сирасига киритилади. Дунёнинг кўпчилик мамлакатларида камбағаллик чегараси дейилганда, яшаш минимумидан паст даражадаги даромад чегараси тушунилади.

Ўзбекистонда шу пайтгача яшаш минимуми ҳақида сўз юритилмаган. Дунёнинг аксар мамлакатларида эса бу тушунчадан амалиётда кенг фойдаланиб келинади. Мамлакатимизда “камбағаллик” ва “қашшоқлик” тушунчаларининг ўрнига “кам таъминланганлар” тушунчаси ишлатиб келинди. Яшаш минимуми миқдорини ҳисоб-китоб қилиш аҳолини ижтимоий ҳимоялаш борасида давлат зиммасига юклатилган вазифалар кўламининг кенгайишига олиб келади.

Яшаш минимуми – инсон саломатлигини сақлаш ва унинг ҳаётий фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган озиқ-овқат, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларнинг энг кам тўпламларини, шунингдек, мажбурий тўловлар ва йиғимларни ўз ичига олган истеъмол саватчасининг қиймат баҳосини ифода этади.Бошқача қилиб айтганда, яшаш минимуми инсоннинг энг зарурий эҳтиёжларини қондира олмайдиган ёки камбағаллик қашшоқлик билан алмашинувчи чегарани акс эттиради.

Содда қилиб айтганда, истеъмол саватчаси – муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг энг кам тўпламидир. Ҳамма овқатланиши, кийиниши, коммунал ва бошқа хизматлар ҳақини тўлаши, зарур дори-дармонларни харид қилиши лозим ва ҳоказо. Буларнинг бари маҳсулотлар саватчасини бутлаш учун асос ҳисобланади. Унинг маълумотларидан, ўз навбатида, тирикчилик учун зарур энг кам миқдорни (истеъмол саватчасининг қиймат баҳосини) белгилаш учун фойдаланилади.

Истеъмол саватчаси қуйидагиларнинг миқдорларини белгилаш учун ҳисоб-китобга асос бўлмоғи лозим:

1) энг кам иш ҳақи ва пенсиялар;

2) базавий ижтимоий тўловлар: ишсизлик, болани парваришлаш, боқувчисини йўқотганлик нафақалари, стипендиялар ва бошқалар.

Истеъмол саватчасига кирувчи товарлар ва хизматлар тўплами ҳар бир мамлакатда турлича. Унинг таркиби давлат даражасида белгиланади ва кўплаб омиллар – табиий иқлим шароитлари, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши, озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш хусусиятлари, товарлар ва хизматларнинг ҳақиқатда истеъмол қилиниши ва бошқа омилларга боғлиқ бўлади.

Яшаш минимуми жуда муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Ундан энг кам иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни белгилаш, давлат ва маҳаллий бюджетларни ҳисоб-китоб қилиш ҳамда ижтимоий дастурларни ишлаб чиқишда кенг фойдаланилади.

Ўзбекистон 2019 йилда глобал очлик индексида 10,7 балл тўплаб, дунё мамлакатлари ўртасида 49-ўринни эгаллади.

Глобал очлик индекси(GHI) ҳар йили Concern Worldwide ва Welthungerhilfe халқаро нодавлат ташкилотлари томонидан эълон қилинади. Баҳолашлар турли манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда, уч босқичли жараёнда амалга оширилади.

Глобал очлик индексини ҳисоблашда ҳар бир мамлакат учун тўртта кўрсаткичдан фойдаланилади:

1. Тўйиб овқатланмаслик: аҳолининг тўйиб овқатланмайдиган улуши (яъни, озиқ-овқат калориясининг пастлиги).

2. Болаларнинг тўйиб овқатланмаслиги: тўйиб овқатланмайдиган беш ёшгача бўлган болалар нисбати (яъни, тўйиб овқатланмаслик натижасида улар бўйининг тана вазнига мос келмаслиги).

3. Болалар ўсишидаги кечикишлар: ўсишдан кечикаётган беш ёшгача бўлган болаларнинг нисбати (яъни, болаларнинг ёшига нисбатан ўсишдан кеч қолаётганлиги уларнинг сурункали равишда тўйиб овқатланмасликларини кўрсатади).

4. Болалар ўлими: етарлича овқатланмаслик ва носоғлом муҳит каби омилларнинг натижаси сифатида беш ёшгача бўлган болаларнинг ўлим даражаси.

Тадқиқотлар давомида глобал кўламда сўнгги ўн йилликда кузатилган энг юқори кўрсаткичга таянилган ҳолда, 100 баллик шкала бўйича тўртала кўрсаткичнинг ҳар бири баҳоланади. Агар мамлакат 0 ва 10 балл оралиғида балл тўплаган бўлса, бу мамлакатда “очликнинг паст даражаси” кузатилади. Тўпланган баллар 10 ва 19,9 балл атрофида бўлса бу “ўртача очлик”, 20 баллдан 34,9 баллгача бўлса – “очликнинг юқори”, 35 баллдан 49,9 баллгача бўлса “очликнинг критик” даражасини кўрсатади. Тўпланган баллар 50 ва ундан юқори бўлса, бу мамлакатда очлик даражаси “ҳалокатли” кўламда эканлигидан далолат беради.

Шунда Ўзбекистондаги ҳолат (10,7 балл) “ўртача очлик”даражасини билдиради.

Қўшни Қозоғистон 20-, Қирғизистон 35- ва Туркманистон 54- ўринда қайд этилган.

Мамлакатимизда бундай аҳолининг улуши 2018 йилда жуда катта рақамни – 62,1 %ни ташкил этди. Камбағалликни статистик ўрганиш борасида замонавий услубиётнинг мавжуд эмаслиги, мазкур муаммони тўлалигича ҳис қилиш ва бу борада тегишли чора-тадбирлар кўриш имконини бермайди.

Камбағаллик кўрсаткичи вазиятни тўлиқ ёритиб бера олмайди. У жамият аъзоларининг даромадга эгалик қилиш нуқтаи назаридан табақаланиш даражасини акс эттирмайди. Мазкур ҳолатда, Жини коэффициентидан кенг фойдаланиш тавсия этилади. Жини коэффициенти 1912 йилда италян статисти Коррадо Жини томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у кўпинча “аҳоли даромадлари концентрацияси индекси” ёки “адолатлилик индекси” деб юритилади ва турли аҳоли қатламлари ўртасида даромадларнинг нотекис тақсимланишини кўрсатади.Коэффициент 0 (ёки 0%) билан 1 (ёки 100%) оралиғида тебраниб туради, бунда 0 мутлақ тенгликни, 1 эса мутлақ тенгсизликни ифода этади. Мутлақ тенглик чизиғи ҳаётда учрамайди: баъзи одамлар бойроқ, бошқалари эса камбағал бўлади. Шунинг учун ҳам уларнинг даромадлари жамиятда эгаллаган мавқеларига мутаносиб эмас.

2018 йилда энг юқори даражада таъминланган 10% аҳолининг даромадлари барча даромадларнинг 23,7%ини ташкил этган бўлса, кам таъминланган 10% аҳолининг даромадлари жами даромадларнинг атиги 3,9%изини ташкил этган. Даромадлар табақаланишининг децил коеэффициенти 6,1 ни ташкил этганлигини кўришимиз мумкин. Мамлакатимиз иқтисодиётида хуфиёна иқтисодиёт кўламларининг катталиги (Жаҳон банки маълумотларига кўра бу кўрсаткич 51%га етади) маълумотларни ўта аниқликда ҳисоблаш имконини бермайди.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 22-25 моддаларида: “Ҳар бир инсон жамият аъзоси сифатида миллий куч-ҳаракатлар ҳамда халқаро ҳамкорлик воситасида ва ҳар бир давлатнинг тузилиши, шунингдек, ресурсларига мувофиқ ижтимоий таъминотга ва ўзининг қадр-қимматини сақлаш, шахсининг эркин ривожланиши учун зарур бўлган иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳалардаги ҳуқуқини амалга оширишга, ўзининг ҳамда оиласининг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун зарур бўлган турмуш даражасига эга бўлиш, жумладан кийим-кечак, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва зарур ижтимоий хизматга эга бўлишга ҳамда ишсизлик, касаллик, ногиронлик, бевалик, қарилик ёки унга боғлиқ бўлмаган шароитларга кўра тирикчилик учун маблағ бўлмай қолган бошқа ҳолларда таъминланиш ҳуқуқига эга”, дейилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, камбағалликка қарши курашиш ҳар қандай ҳуқуқий-демократик давлатнинг муҳим вазифаларидан биридир, дейишга тўла асосимиз бор.

Аммо шуни қайд этиш лозимки, камбағалликни камайтириш учун турли манбалардан катта миқдордаги молиявий маблағларни ажратишнинг ўзи камлик қилади. Камбағаллик фавқулодда кўп қиррали бўлгани ҳолда, уни келтириб чиқарувчи сабаблар ҳам турличадир. Камбағалликни шунчаки ажратилаётган нафақаларни кўпайтириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш, тадбиркорлик субъектларига берилаётган кредит маблағларининг миқдорини кўпайтириш орқали камайтириб бўлмаслигини ўтган йиллар тажрибаси яққол кўрсатиб турибди.

Хусусан, мамлакатимизда сўнгги 2,5 йил ичида тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредит маблағлари сўнгги 30 йил ичида ажратилган маблағлардан анчагина кўп бўлса-да, бу ўзининг етарлича ижобий таъсирини бермади.

Камбағалликка қарши курашиш бўйича Европа тармоғи (EAPN) инсоннинг камбағаллик ҳолатига тушиб қолиш хавфини кучайтирувчи бир қатор омилларни ажратиб кўрсатади. Хусусан, бундай омиллар сирасига қуйидагилар киритилган: ишсизлик, саводхонлик даражасининг пастлиги, ногиронлик, инсон саломатлигининг ёмонлиги, у ёки бу кам сонли этник гуруҳга мансублик, узоқ ёки қашшоқ ҳудудларда истиқомат қилиш ва шу кабилар.

Бизнинг фикримизча, бу ўринда энг катта эътибор берилиши лозим бўлган жиҳат – инсонларнинг иқтисодий тафаккур даражасидир. Инсонларда ўз ҳаётларини яхшироқ қилиш ва ривожлантириш истаги бўлиши керак. Улар ўзларини ҳимояланган ҳис қилишлари ва мол-мулкларининг йўқ қилиниши, ҳукуматга яқин амалдорлар ёки ишбилармонлар томонидан олиб қўйилишидан қўрқмасликлари керак. Улар ўз овозлари фақат сайлов кампанияси бошланганида эмас, балки ҳар доим ҳокимият томонидан эшитилишини таъминлайдиган муассасаларга эга бўлиши лозим. Инсонларга муносиб иш жойи билан таъминланиш, уй-жойга эга бўлиш, тиббий ва бошқа шу каби ижтимоий хизматлардан бемалол фойдалана олиш имкониятлари тақдим этилиши зарур.

Камбағалликка қарши курашишда дунё мамлакатлари тажрибасини ўрганиш ва улардан амалиётда кенг фойдаланиш катта аҳамият касб этади. Хусусан, Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш дастурларини ишлаб чиқишда Хитой тажрибасидан фойдаланиш ижобий самара беради. Хитой бугунги кунда камбағалликни тугатиш борасида жуда катта ишларни амалга оширди. Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, Хитойда бугунги кунга келиб 850 миллион киши қашшоқлик чегарасидан чиқарилди. Хитойда камбағаллик даражаси 1981 йилда 88%ни ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 0,7%ни ташкил этди.Бу кўрсаткич ривожланган мамлакатлардаги камбағаллик даражаси билан тўла мос тушади. Жумладан, камбағаллик даражаси АҚШда 1%, Швецияда 0,61%, Германияда 0,19%, Италияда (1,5%ни ташкил этади.

Хитойда камбағалликка қарши курашиш чора-тадбирлари қуйидаги жиҳатлари билан ажралиб туради:

1. Кўрсатилаётган ижтимоий ҳимоя чора-тадбирларининг аниқ манзилга йўналтирилганлиги;

2. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллий бозорларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасида илмий-тадқиқот ишларининг ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланиши;

3. Камбағалликка қарши курашишда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб ёндашиш;

4. Хитойда амалга оширилувчи ижтимоий сиёсат аҳоли турли қатламларининг манфаатларини қамраб олишга қаратилган. Хусусан, кекса ёшдаги аҳоли учун тегишли ижтимоий хизматларнинг сифатини ошириш мақсад қилиб олинган бўлса, меҳнатга лаёқатли ва айниқса ёшларнинг меҳнат салоҳиятларини рўёбга чиқариш Хитойда камбағалликка қарши курашиш сиёсатининг асосини ташкил этади. Бунда асосий эътибор ёшларни касб-ҳунарга ўргатишга қаратилади, яъни, “Инсонларга қармоқ бериб, уларга балиқ тутишни ўргатиш керак”, деган Конфуций таълимотига қатъий амал қилинади;

5. Қишлоқ ҳудудларида камбағалликни камайтириш мақсадида қишлоқ ҳудудларига саноат ишлаб чиқаришини олиб кириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперация алоқаларини кучайтириш;

6. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш мақсадида махсус иқтисодий зоналарни ташкил этиш амалиётидан кенг фойдаланиш;

7. Ижтимоий дастурларга йўналтирилган ҳар қандай маблағнинг сарфланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш.

Жаҳон банкининг қашшоқликни камайтириш бўйича ҳар икки йилда эълон қилинувчи ҳисоботига кўра, дунё аҳолисининг деярли 46%и (3,4 миллиард киши)кунига 5,5 доллардан камроқ маблағга кун кечиради. 1,9 миллиарддан ортиқ киши эса (дунё аҳолисининг 26,2%и) кунига 3,2 доллардан камроқ маблағ ҳисобига кун кечиради. Кунига 1,90 долларга кун кечирувчи энг қашшоқ аҳолининг улуши дунё бўйича 10%гача қисқарган бўлса-да, ҳануз дунёда камбағалликни камайтириш муаммоси ўз аҳамиятини йўқотганича йўқ.

Oxfam халқаро ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйича йиғилаётган солиқ тушумларининг ҳар бир долларига тўғри келувчи бойлар тўлайдиган солиқ атиги 4 центни ташкил этар экан. Агар дунё бўйича энг бой инсонларнинг атиги 1%и тўланаётган солиқлар миқдорини атиги 0,5%га оширсалар, дунё мамлакатлари бўйича бугунги кунда оддий мактаб таълимидан бебаҳра қолаётган 262 миллион бола учун мактабга қатнаш имконияти яратилар экан.

Камбағаллик тўғрисида фикр юритар эканмиз, камбағаллик ва қашшоқликни тавсифлашда “камбағаллик тузоғи” деб аталувчи механизм мавжуд эканлигини айтиб ўтишимиз лозим. Бир қатор “камбағаллик тузоқлари” мавжудки, инсон улардан исталган бирининг домига тушиб қолиши ҳеч гап эмас.Қуйида улардан баъзи бирларини келтириб ўтамиз:

1. Қашшоқ мамлакатда туғилиш ва истиқомат қилиш. Иқтисодий ривожланишнинг паст даражаси ўз навбатида таълим сифатининг ёмонлашишини, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатининг талаб даражасида бўлмаслигини келтириб чиқаради. Бундай вазият иш ҳақи даражасининг пастлиги ва ишсизликнинг юқори кўрсаткичлари билан тавсифланади. Бундай ҳолатда тузоқдан чиқиб кетишнинг ягона йўли бу – меҳнат муҳожирлиги ҳисобланади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли сонига нисбатан 9,3%ни ташкил этади. Бугунги кунда мамлакатимизда ишсиз ва ишга жойлашиш умидида бўлганлар сони 1,3 миллион кишини ташкил этади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан олинган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, ёшлар ўртасида ишсизлик даражасининг юқори. Жумладан, 20-30 ёшгача бўлганлар орасидаги ишсизлик 15,1%, 15-25 ёш оралиғида бўлганлар ўртасидаги ишсизлик 16,8%ни ташкил қилгани ҳолда, аёлларнинг 12,7%и иш ўрнига эга эмас.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимиз фуқароларининг 4,5 миллион нафаридан ошиқроғи хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланади. Меҳнат муҳожирлари мамлакатимизга ҳар йили 5 миллиард доллардан кўпроқ пул маблағлари жўнатишади, бу эса мамлакат ЯИМининг 10%дан ортиғи демакдир. Жаҳон банки маълумотларига кўра, агар меҳнат муҳожирлари томонидан пул ўтказмалари кескин қисқарса, мамлакатимизда камбағаллик даражаси икки баробарга ортиб кетади.

2. Қишлоқ ҳудудларида туғилиш ва истиқомат қилиш. Сир эмаски, шаҳар фуқаролар учун сифатли турмуш даражасини таъмин этади. Қишлоқ аҳолисига нисбатан шаҳарликлар таълим, маданият, тиббий хизматлар кўрсатиш, юқори иш ҳақига эга бўлиш борасида бир қатор афзалликларга эга. Қишлоқ аҳолисининг паст даромадлари тараққиётнинг қатор ютуқларидан фойдаланишга имкон бермайди. Ўзбекистонда ЯИМнинг 75%и, ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 85%дан ортиқроғи шаҳарлар ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатимиз бўйича кўрсатилаётган ахборот-коммуникация хизматларининг 99,1%и, молиявий хизматларнинг 98,3%и, таълим хизматларининг 80,8%и ва тиббий хизматларнинг 71,9 %и шаҳарлар ҳиссасига тўғри келади.

3. Эрта ёшда фарзанд кўриш ва кўп болали оилалар. Ёш аёллар бола кўрганидан сўнг ишга жойлаша олмаганликлари боис, кўпчилик ҳолларда камбағаллик тузоғига тушиб қолади. Агар улар керакли даражада таълим олмаган бўлса, вазият янада мураккаблашади. Етарлича таълим даражаси ва амалий иш кўникмаларига эга бўлмаслик оқибатида аёллар муносиб иш жойи ва иш ҳақига эга бўлиш имкониятидан маҳрум бўлади. БМТнинг Болалар фонди (UNICEF)нинг таъкидлашича, болали оилаларнинг фақатгина 17%и бола парвариши бўйича нафақа олади, аммо нафақа пуллари камбағаллик даражасини пасайтиришга сезиларли даражада таъсир кўрсатмайди. 15 ёшгача бўлган болалар ўртасида камбағаллик даражаси катта ёшдагиларга нисбатан 1,5 баробарга юқорироқдир.

4. Камбағал оилада дунёга келиш ва яхши таълим олмаслик. БМТнинг Болалар фонди (UNICEF) экспертларининг таъкидлашича, кам таъминланган оилалар ўз фарзандларининг етарлича касбий ва олий таълим олишларига имкониятлар яратиш борасида жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келади. Кам таъминланган оилалар фарзандларининг ҳозирда бундай имкониятлардан маҳрум бўлиши уларнинг келгусидаги молиявий имкониятлари чекланишига олиб келади.

5. Узоқ муддат давомида паст ҳақ тўланувчи ишда ишлаб келиш. Агар инсон узоқ муддат давомида битта фаолият тури билан шуғулланса, у аста-секинлик билан малака ва кўникмаларини йўқотиб боради. Узоқ муддат мобайнида инсон битта жойда ишлар экан, унда ўз ҳаётида бирон-бир ижобий ўзгаришлар ясашга интилиш иштиёқи аста-секинлик билан сўниб боради.

Россия Федерацияси Иқтисодиёт олий мактаби аҳоли даромадлари ва турмуш даражаси таҳлил Марказининг тадқиқотларига кўра, камбағаллар тоифасига кирувчи инсонларнинг хулқ-атвори маълум йиллар оралиғида қуйидагича тартибда ўзгарар экан: бундай инсонлар камбағалликнинг дастлабки йилида ўз жамғармалари, қариндош-уруғ ва таниш-билишлардан қарз олиш ҳисобига ҳозирги пайтдаги истеъмол ва турмуш сифати даражасини сақлаб қолишга интилади, барча куч ва имкониятларини ишга солиб янги ёки қўшимча иш топишга ҳаракат қилади.

Бундан кейинги босқич икки йил давом этади. Камбағал инсонлар мазкур босқичда истеъмол таркибини ўзгартира бошлайди. Арзон товарларни кўпроқ сотиб ола бошлайди, қиммат хорижий сайёҳлик сафарларини ички, арзон сайёҳлик йўналишларига алмаштиради. Аммо озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли аввалги даражада қолади.

Камбағалликка тушган инсонлар уч йилдан сўнг ҳам муносиб иш жойини топа олмаса, ўз бизнесини йўлга қўймаган бўлса, энди бошқа ва ҳатто жиноий даромад топиш йўлларини излай бошлайди. Улар ўз истеъмолларини кескин пасайтиради.

Камбағалликнинг еттинчи йилига келиб, инсон ўз ҳолатига кўникади ва уни унумдор меҳнат соҳасига қайтариш энди жуда қийин кечади. У ишга чиқиш ёки вақтинчалик даромад келтирувчи фаолият турлари билан шуғулланишдан кўра, нафақага кун кечиришни, қариндошларнинг ёрдамига кўз тикишни афзал билади.

Камбағаллик ҳақида сўз юритганда, у битта инсон учун тегишли бўлган муаммо эмаслигини англаб етишимиз лозим. Камбағаллик жамият ва иқтисодиётда бир қатор салбий жараёнларни юзага келтиради. Камбағаллик бир қатор объектив ва субъектив сабаблар туфайли туғилишнинг кўпайишига сабаб бўлади. Камбағаллар етарлича таълим олиш имкониятига эга бўлмаганликлари боис, малака ва касбий кўникмалари паст ходимлар сафини тўлдирадилар. Жамият учун зарур бўлган касб эгалари, хусусан ўқитувчи ва шифокорлар юқори даромадга эга бўлиш мақсадида ўз иш жойларини ташлаб бошқа фаолият турлари билан шуғулланишга мажбур бўладилар. Камбағаллик жиноятчиликнинг ўсишига олиб келади, чунки тирикчилик қилиш учун инсонлар даромад топишнинг ноқонуний йўлларидан ҳам фойдаланишга мажбур бўладилар. Камбағаллик жамиятда даромадларнинг кескин табақаланишига ва ижтимоий зиддиятларнинг чуқур илдиз отишига сабаб бўлади.

Америкалик иқтисодчи Жеффри Сакс ўзининг “Камбағалликнинг интиҳоси” деб номланувчи китобида жамиятнинг камбағаллик чангалидан қутулишига имкон берувчи капиталнинг 6 та турини ажратиб кўрсатган: инсон капитали, ишбилармонлик капитали, инфратузилма, табиий капитал, ижтимоий ўрнатилган капитал ва билимлар капитали.

Сакснинг фикрича, давлат энг аввало ўзининг барча куч ва имкониятларини инсон капиталига инвестициялар (соғлиқ, таълим, озиқ-овқат), инфратузилма (йўллар, коммунал хизмат кўрсатиш, ичимлик суви, атроф-муҳит муҳофазаси ва санитария), табиий капитал (био хилма-хиллик ва экотизимларни сақлаб қолиш), ижтимоий ўрнатилган капитал (самарали давлат бошқаруви, судлов тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари) ва билимлар капитали (жамият тараққиётига хизмат қилувчи турли соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишланмаларини қўллаб- қувватлаш)ни киритиш тарзида йўналтириши лозим.

Камбағалликни қисқартириш учун давлат томонидан ажратиладиган маблағлар миқдорини кўпайтиришимиз, тадбиркорларга турли имтиёз ва енгилликлар тақдим қилган ҳолда, уларни кенг кўламли хайрия ишларига жалб қилишимиз мумкин. Аммо бундай тадбирларни амалга ошириш билангина жамиятда камбағаллик муаммосини бартараф қилишнинг деярли имкони йўқ. Бундай тадбирлар аҳолининг яшаб қолишига, шунчаки кун кечиришига замин яратса-да, камбағаллик чангалидан қутулиб чиқишга имкон бермайди.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидламоқчимизки, мамлакатимизда камбағалликка қарши курашишнинг энг тўғри йўли бу – фуқароларнинг иқтисодий тафаккурини ўзгартиришдир. Фуқароларнинг иқтисодий тафаккури ва иқтисодий тарбияси ўзгармас экан, камбағаллик тузоғидан чиқишимиз жуда мушкул. Зеро, Жалолиддин Румий айтганларидек: “Аввал ақлли эдим – дунёни ўзгартирмоқчи бўлдим. Энди эса дономан – ўзимни ўзим ўзгартиряпман”.

Гулистон давлат университети
катта ўқитувчиси Акмал АБДУВОҲИДОВ

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан