Камерун фуқаролари ўзбекистонликларнинг 340 минг доллар пулини ўзлаштиргани аниқланди

Камерун фуқаролари ўзбекистонликларнинг 340 минг доллар пулини ўзлаштиргани аниқланди

Камерун фуқароларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари якунига етди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.

Аниқланишича, улар Камерун давлатида бўла туриб, жиноий режаларини амалга оширишлари учун Ўзбекистонда истиқомат қилувчи бир неча фуқаролар билан интернет ижтимоий тармоқлари орқали мулоқотга киришиб, ўзларини “инвестор” сифатида таништиришган. Мулоқот жараёнида ўзаро ҳамкорликни таклиф қилиб, фуқароларнинг иқтисодий томондан молиявий аҳволини билиб, сармоя киритиш имкониятига эга шахсларни саралаб олишади.

Камерун фуқаролари Ўзбекистон Республикасига сайёҳ сифатида келиб, интернет тармоғи орқали яқин мулоқотга киришиб олган фуқаролар билан учрашишган. Учрашув вақтида уларга Ўзбекистонга барчаси 100 АҚШ долларлик купюралардан иборат катта миқдорда 2 миллиондан 10 миллион АҚШ долларигача бўлган пул маблағларини олиб келаётганликларини айтишган. Бундан ташқари, ушбу пулларни божхона хизматидан четлаб ўтиш учун қора ва оқ рангга бўяганликларини, Ўзбекистонга келгач уларни яна валютага айлантириш учун ҳақиқий валюта купюраси ва кимёвий кукунлар зарурлигини айтишган.

Камерунликлар 100 АҚШ долларидан махсус қоғозга кимёвий аралашмалар ёрдамида 300 АҚШ доллари тайёрлаб бериши мумкинлигини айтиб, пулларни кўпайтириб олиш имконияти борлигини айтган ҳолда фуқароларни қизиқтириб, алдов йўли билан бир нечта фуқаролардан жами 340 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини алдов йўли билан эгаллаб, жуда кўп миқдорда мулкий зарар етказишган.

Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 2 октябрида ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан Камерун Республикасининг бир неча фуқароларига нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Камерун фуқаролари фирибгарлик жиноятидан ташқари жуда кўп миқдорда қалбаки пулларни ўтказиш билан ифодаланган ижтимоий хавфли қилмишни содир этганликлари аниқланган.

Камеруннинг уч нафар фуқаролари К.Х., Б.П. ва Т.С.ларга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 176-моддаси 3-қисми “а” банди билан, яна бир фуқаро Т.Р.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари билан ва бешинчи фуқаро Ж.Ф.га нисбатан эса 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, уларнинг барчасига “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан айблов хулосаси тузилиб, тегишли судловликда кўриш учун Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 381-моддаси тартибида Бош прокуратурага юборилган.