Карантин чўзилиб кетса, маҳкумларга афв берилмайдими?​

Карантин чўзилиб кетса, маҳкумларга афв берилмайдими?​

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

Савол: Қўшнимнинг велосипедини ҳайдаб чиққан эдим, лекин ички ишлар органлари уни олиб қўйишди. Қачон велосипедни қайтариб олсам бўлади, қўшним ҳоли жонимга қўймаяпти?

Жавоб: Карантин чекловлари ечилганидан сўнг, Сиз, шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат билан велосипед сақланаётган ички ишлар органлари биноси ҳудудидан ўзингизга тегишли велосипедни олиб кетишингиз мумкин. Велосипед сақлангани учун тўлов ундирилмайди.

Савол: Асака шаҳриданман. Турмуш ўртоғим — маҳкум, 2019 йил ноябрда Президентимизга афв сўраб мурожаат қилган. Мурожаат кўриб чиқиляпти деб, жавоб келган. Энди агар карантин чўзилиб кетса, афв берилмайдими?

Жавоб: Агар турмуш ўртоғингиз Президент номига афв этиш тўғрисида илтимоснома ёзиб мурожаат этган бўлса, афв этилиши тартиби тўғрисидаги Низом талаблари асосида, мурожаат жавоби шахсан маҳкумнинг ўзига маълум қилинади.

Шунингдек, жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг афв этилиши Президент Қарори асосида амалга оширилади.

Мазкур савол билан ЖИЭББга — (71) 291-93-04 рақамига қўнғироқ қилсангиз, янада батафсил маълумот олишингиз мумкин.