Карантин даврида болаларни эмлаш хавфли эмасми?

Карантин даврида болаларни эмлаш хавфли эмасми?

Бугун АОКА штабида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

Савол: Карантин даврида қаерда зарурат юзасидан МРТ, УЗД текширувидан ўтишим ёки таҳлил топширишим мумкин?

Жавоб: Бир нечта хусусий клиникалар, жумладан, “Акфа Медлайн“, “Шоҳмед“, “Витамед“ ва “Медион“ тиббий марказлари чекланган режимда ишлашмоқда. Уларда беморларни масофалаш ва бинони зарарсизлантириш учун барча шароитлар яратилган.

Савол: Фарзандим режа бўйича АКДС вакцинаси билан эмланиши керак эди. Карантин даврида бу каби эмлашлар хавфли эмасми?

Жавоб: Йўқ, агар фарзандингиз айни вақтда соғ бўлса, эмлаш графигини бузишга эҳтиёж йўқ. Ҳозирги пайтда поликлиникаларда бехавотир эмланиш учун барча шароитлар яратилган.

Карантингача бир ой мобайнида 1-2 эмлаш кунлари бўлган бўлса, ҳозирги кунда поликлиникаларда одамлар тўпланишининг олдини олиш ва ўз вақтида дезинфекция муолажаларини ўтказиш учун деярли ҳар куни эмланиш мумкин. Кутиб қолмаслик учун олдиндан телефон орқали эмлашга ёзилиб қўйиш тўғри бўлади.