Карантинда стипендия тўланадими? «Контракт» пулини тўлай олмаган талабалар нима қилади?

Карантинда стипендия тўланадими? «Контракт» пулини тўлай олмаган талабалар нима қилади?

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ижтимоий тармоқларда таътил эълон қилиниши ортидан контракт пулини тўламаган талабалар ўқишдан четлатилаётганлиги ҳамда талабаларга стипендия берилмаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Маълумки, 2020 йил 16 мартдан коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида республикадаги барча таълим муассасалари қатори олий таълим муассасаларида ҳам ўқиш тўхтатилиб, таътил эълон қилинди.

Карантин туфайли берилган таътил сабаб тўлов-шартнома шартларини бажаришга улгурмаган талабаларга (шу жумладан, 1-курснинг 2-ярми учун тўловларга) ректорлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги ПҚ-4391-сон қарори асосида қўшимча муддат берилади.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган “сўнгги муддат – 20 март” талабаларга эмас, балки 2019/2020 ўқув йилида бакалавриат ва магистратуранинг биринчи курсига тўлов-шартнома асосида талабаликка тавсия этилган ҳамда табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентларга тааллуқли (ОТМда ўқув машғулотларига қатнаган, тўлов-контрактни 1-семестр учун тўламаганлар ҳам – абитуриент мақомида ҳисобланади).

Ушбу муддат Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2020 йил 28 февралдаги 13-сон баёни билан белгиланган бўлиб, ҳозиргача вазирликка 20 мартга қадар тўлай олмаганлик ва муддатни узайтириш ҳақида мурожаат келиб тушмади“, дейилади вазирлик баёнотида.

Карантин даврида талабаларга белгиланган тартибда стипендия тўлаб берилади. Фақатгина тўлов турида ўзгариш бўлиши, нақд пул кўринишида олаётганларга стипендия пули талабанинг пластик картасига тушириб берилади.

Республикадаги барча олий таълим муассасаларида талабаларга жорий йил март ойи учун стипендиялар тўлаб берилган. Шу билан бирга тўлов-контракт пулини тўламаганлиги, академик қарздорлиги, тегишли буйруқ расмийлаштирилмаганлиги ёки банк пластик картаси берилмаганлиги учун стипендия тўлашда кечикишларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Аксарият ҳолларда талабалар томонидан тўлов-шартнома шартларининг кеч бажарилгани стипендия тайинлаш ва банк пластик карталарини очишнинг кечикишига асосий сабаб бўлган.

Ҳозирда вазирлик томонидан республика миқёсида стипендия тўланмаган талабалар ҳақида маълумот умумлаштирилмоқда. Уларга:

– нақд пул кўринишида тўланмай қолган стипендиялар талабанинг доимий яшаш жойига почта орқали юборилади ёки туманлардаги банк филиаллари орқали рўйхат асосида тарқатилади;

банк пластик карталари орқали тўланади, пластик карталар очилмаган талабаларга янги карталар очилиб, банк муассасасининг ҳудудий бўлими орқали етказилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги шуни расман маълум қиладики, олий таълим муассасаларида карантин даврида тўлов-шартнома шартларини бажаришга улгурмаганлар талабалар сафидан чиқарилмайди!

Шунингдек, барча талабаларга таълим шакли ва ўзлари танлаган тўлов туридан келиб чиқиб, белгиланган тартибда стипендиялар тўлиқ тўлаб борилади.