Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Карантиндан сўнг ҳам «Online-maktab» лойиҳаси давом эттирилиши мумкин
5.06.2020 18:16,  
291

Ўзбекистонда коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантиндан кейин ўқувчиларни билим олиши учун Online-maktab лойиҳаси доирасида 3 та телеканал орқали видеодарслар намойиш этилди.

Маълум қилинишича, икки ярим ой давомида 3900 дан зиёд видеодарслар тасвирга олинди ва эфирга узатилди.

Мазкур лойиҳани янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими тизимида онлайн таълим бериш фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва regulation.gov.uz сайтига муҳокама учун эълон қилинди.

Қарор лойиҳасига кўра, коронавирус пандемияси даврида телевизион видеодарслар намойиш этилган учта телеканалдан “Online-maktab” лойиҳасини давом эттириш мақсадида фойдаланилади ва янада такомиллаштирилади.

Online-maktab лойиҳаси доирасида 2020 йил 1 августдан бошлаб, 2020/2021 ўқув йили учун телевизион видеодарсларни тасвирга олишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида телевизион видеодарслар ҳар ўқув йили давомида эфирда намойиш этиб борилади.

Online-maktab лойиҳаси доирасида жалб этиладиган ўқитувчиларга ҳар бир телевизион видеодарс ва видео машғулотлар учун (асосий иш ҳақидан ташқари) базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида, муҳаррир ва сурдо педагогларга ҳар бир ишлаган куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўлаш таклиф этилмоқда.

Online-maktab лойиҳасининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланмоқда:

  • умумий ўрта таълим тизимида масофавий ўқитиш тизимини такомиллаштириш;
  • телевизион видеодарслар тайёрлаш бўйича илғор халқаро тажрибалардан фойдаланиш;
  • умумий ўрта таълим тизимига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;
  • ўқувчилар ва ўқитувчиларни халқаро баҳолаш дастурлари ва тадқиқотларга (PISA - 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини баҳолаш, PIRLS - бошланғич 4-синф ўқувчиларининг матнни ўқиш ва тушуниш даражасини баҳолаш, TIMSS – 4 ва 8-синф ўқувчиларининг математика ва табиий йўналишдаги фанлардан ўзлаштириш даражасини баҳолаш, TALIS - раҳбар ва педагог кадрларнинг умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитиш ва таълим олиш муҳитини ҳамда ўқитувчиларнинг иш шароитларини ўрганиш ва бошқа) тайёргарлигини кучайтириш;
  • барча умумтаълим фанлари, биринчи навбатда STEAM (илм-фан, технология, муҳандислик, санъат ва математика) (кейинги ўринларда - STEAM) фанларининг ўқитиш сифатини ошириш;
  • ўқувчиларда ижодий ва танқидий фикрлаш, ахборотларни таҳлил қилиш, етакчилик, коммуникативлик, ҳамкорликда ишлаш, муаммоларни ечиш каби XXI аср кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш;
  • ўқувчиларга ўқув материалларини чуқур ўрганишга ва такрорлашга имконият яратиш;
  • босқичма-босқич фанлар ва синфлар кесимида барча мавзулар бўйича видеодарслар базасини яратиш;
  • етакчи умумий ўрта таълим муассасалари, олий ўқув юртлари ва бошқа таълим муассасаларининг илмий ва методик салоҳиятларидан фойдаланиш орқали таълим бериш сифатини ошириш.

Online-maktab лойиҳаси доирасида дарсларни тасвирга олишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

  • ўқувчилар томонидан ўзлаштирилиши мураккаб бўлган мавзуларни кенгроқ очиб бериш;
  • амалий машғулотлар ва виртуал лабораторияларни намойиш қилиш;
  • дарслик ва ўқув дастурларига қўшимча тарзда қизиқарли ва фойдали маълумотларни бериб бориш;
  • ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш;
  • ўқитувчилар томонидан илғор хорижий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш;
  • телевизион видеодарсларни ўзбек, рус ва айрим фанлардан инглиз тилида намойиш қилинишини ташкил этиш чораларини кўриш.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан