Карим БАҲРИЕВ: «Иқтисодимиз навбатдаги монополистга бардош бера оладими?»

Карим БАҲРИЕВ: «Иқтисодимиз навбатдаги монополистга бардош бера оладими?»

“Бозор иқтисодиётининг талаби шундайки, ресурс ва имкониятлардан фойдаланиш имкони, яъни фаолият майдони ҳаммага тенг бўлиши керак. Яккаҳокимликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотлар фақат айрим гуруҳлар қўлида тўпланиб, улар учун мўмай даромад манбаига айланиб қолганини адолатдан деб бўлмайди”. 

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти 

Мен келажак билан қизиқаман, чунки қолган умримни унда яшайман, мендан кейин болаларим яшайди. Шу давлатнинг фуқароси, шу элнинг дилбанди эканмиз, биздан кейин фарзандларимиз шу маконда яшарэкан, мамлакатимиз тақдирига, унинг сиёсати, иқтисоди, маънавияти ва маданияти тақдирига бефарқ бўлолмаймиз, бефарқ бўлмаслигимиз ҳам керак. 

Бугунги гапимиз иқтисоддаги бир офат ҳақида...

“Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича Ўзбекистон дунё рейтингида 187 мамлакат ўртасида 134-ўринда турибди. Ваҳоланки, Ўзбекистон жуда бой табиий ресурсларга, катта иқтисодий салоҳиятга эга бўлган давлат...” – бу гапларни Шавкат Мирзиёев айтган. 

Нега ер ости-ер усти бойликлари йўқ, ери бизникининг ярмича келмайдиган, гуручдан бошқа нарса ўсмайдиган, аҳолиси эса биздан икки баробар кўп бўлган Корея дунёнинг олди иқтисоди бўлиб турибди?! Нега бир парча ери ҳам сув остига кетиб бораётган, йилига 3000 марта ер қимирлайдиган Япония ўз халқини юксак фаровонликка эриштира олди, японларнинг бир йилда фақат таълимга ажратадиган маблағи – 167 миллиард доллар – Ўзбекистон давлати ва халқининг тўрт йиллик бюджетига ва ялпи ички маҳсулотига баробар?! 

Ҳамма ер ости-ер усти бойликларига эга, иқлими гўзал, ерлари ҳосилдор, халқи меҳнаткаш Ўзбекистон иқтисоди совет зулмидан озод бўлгач, мустақилликнинг чорак асрида ҳам тикланмаса, қачон ўнгланади?

Нима учун ўзимизни “аста-секин бўлади-да”, “ислоҳотлар жадал кетмоқда”, “босқичма-босқич ривожланмоқда” деб овутамиз?! 

Нега ислоҳотлар амалга ошмаяпти?

Нима қилиш керак?

Бу саволлар ҳаммамизни ўйлантиради ва ўйлантириши керак, ахир.

Мутахассислар ўз йўлига, фуқаролар ҳам фикримизни айтайлик, яхлит бир халқ бўлиб, ўйлайлик.

Бош сабаблардан бири бўлган коррупцияни айтдик. Унга қарши қонунлар чиқарилди, кураш эълон қилинди. Энди ҳаракат керак. Сўз кўп бўлмоқда, энди амал лозим.

Иқтисодни издан чиқарган омилларнинг иккинчиси – монополизм (коррупциянинг асосий манбаси ҳам монополиядир), монополизмга йўл берган нарса протекционизм ва лоббизмдир. Оддийроқ тилга ўтсак, бунинг луғатда икки маъноси бор: бири ниқоб – “бирор давлатнинг ўз миллий экономикасини чет эл рақобатидан ҳимоя қилишга қаратилган иқтисодий сиёсати”, иккинчиси моҳият – “ошна-оғайнигарчилик, таниш-билишни, қариндош-уруғларини, ҳамтовоқларни қўллаб-қувватлаш”. Қадимда бир подшоҳ шундай нолиган экан: “Тўрт томоним ўғрилар, порахўрлар, каззоблар, аммо ҳеч бирини дорга тортолмайман, зиндонга ташлай олмайман – ҳаммаси оғайниларим, яқинларим, қариндошларим...” 

Ҳозирги иқтисодимизни ўйласам, болаларимни она кўкрагидан ажратишда чеккан ташвишларимиз келади. Бола она сутини узоғи билан уч йил эмиши керак, кейин ўзи овқатланиши, тишлари билан суякларни кемириши, жағлари билан таомни янчиб, юта олиши керак. Кўкракка ўрганган бола ўз бармоғини сўришга мойил бўлади, шунинг учун қўлига қўлқопча кийгазиб қўйилади, эмчакдан ажралсин деб гармдори суртиб қўйишади, онасини кўрса, эмиш эсига тушмасин деб холаси ё аммасиникига беш-ўн кунга бериб юборилади... Она кўкрагидан ажралиш гўдакка оғир. Лекин вояга ҳам етиш керак. 

Бизнинг “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзавтосаноат”, “Ўзфармсаноат”, сингари ўнлаб давлат, улардан зеб олган “Дори-дармон”, “Artel”, “Имзо”, “Амилов” каби минглаб катта ва кичик монополистларимиз ана шу она кўкрагидан ажралишни истамаётган, ўн беш-йигирма йилдан бери бюджетни, тўғрироғи, солиқ тўловчиларни, яъни ҳар биримизни “эмиб келаётган” гўдаклардир. Гўдак онадан ажратилгач, ўзи нон топиб ейишга ўргангани каби, бу монополияларнинг имтиёзлари олиб ташланса, улар бозор иқтисодига киради, рақобатга ўрганади, рақобатчилар кўпайса, нарх тушади ва халққа фаровонлик келади. Бизни ўқиётган ўқувчи ҳар замонда: “Буни биз ҳам биламиз”, деб қўяди, лекин амалга ошириш йўқ. Буни ўқувчи ва талаба ҳам тушунади. Лекин амалга ошириш йиллар бўйи пайсалга солинмоқда. 

Қисқаси, масалан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” учоқларида Туркияга, Россияга, Мисрга ёки Дубайга учиш нархи худди шу юртларга Қозоғистондан ё Қирғизистондан учишга қараганда икки баробар қиммат. Нега? Арзонга билет сотса, компания банкрот бўлар эмиш. Ахир, ўша, масалан, Истанбулдан Чимкентга учаётган хорижий компания самолёти Истанбулдан Тошкентгача ҳам шунча масофага учади, шунга яраша ёнилғи сарфлайди, ўшанча одам олади. Табиийки, зарар қилса, учмасди. Фойда қилади! Бизнинг монополист компаниямиз бензин ўрнига қаймоқ солиб учмаса керак?! Самолётлари ҳам ўша самолёт – “Airbus” ёки “Boeing”. Худди ўша хорижий авиакомпания ҳам Истанбулдан Тошкентга билетини қимматга сотади. Сабаби – у арзонга сотса, ҳамма арзон самолётда учади, бизнинг “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётларига биров чиқмай қўяди. Юртга кирадиган компанияларга, бизнинг 28 ёшида ҳам “она сутидан ажралмаган” монополист гўдагимиз учоқлари нархидай қилиб нархни кўтаришга рози бўлмаса, киришга изн берилмайди.

Солиштирайлик, бизнинг битта компаниямиз бор, Қозоғистонда 21 та авиакомпания бор, бизда бармоқ билан санарли компаниялар самолётлари кира олади, Қозоғистонда 33 та чет эл авиакомпаниялари фаолият олиб боради, аҳоли сони 17,9 миллион киши бўлган қозоқ юртида ҳаво транспорти орқали ташилган йиллик йўловчилар сони 5,6 миллион, яъни аҳолимиз 33 миллион бўлган бизникида 46 фоиз кўпроқ. Қозоғистоннинг ЯИМ 159 миллиард АҚШ доллари, Ўзбекистонники – 48 миллиард АҚШ долларидир.

Узоқроқдан намуна келтирсак, масалан, Осиёнинг тўртинчи иқтисодиёти бўлган Жанубий Кореяда миллий ва хусусий авиакомпаниялар 12 та бўлиб, бу ерга учадиган чет эл авиакомпаниялар 56 та, самолётда йилига 28 миллион киши ташилган. Бозор иқтисоди шунга олиб келдики, Корея ЯИМ 1,5 триллион АҚШ долларидир.

Бу ютуқлар, жумладан, иқтисод монополиядан чиққанининг шарофатидир. Бизда бир ҳовуч одам ишлайдиган “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Женерал Моторс-Ўзбекистан” каби компаниялар манфаати учун бутун бир халқ зарар кўради. Машинани уч баробар, учоқ билетини икки баробар қимматга олади. 

Нега билетларини икки-уч баробар қиммат сотаётган компания яна зарар келтиради. Тахминларимиз бор. 27 йил ҳукм сурган коррупция шароитида самолётлар ўз нархидан қимматга олинган, “шапка”, “откат” деган гаплар осмондан олинмаган. Энди бу самолётлар ўз ресурсидан икки баробар кўп учиши керак ёки билет нархи икки баробар кўп бўлишга мажбур. Бундай ва шу каби нозик тафсилотлардан хабардор бўлган “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг узоқ йиллик раҳбари, Москвадан соппа-соғ қамоққа олиниб, самолётнинг маҳсулот айнимайдиган музхонасида Тошкентга келтирилган ва тезда ўпкаси шишиб ўлган Арслон Рўзметов тирик бўлса, балки айтарди. Ўтганга саловот, лекин энди монополияни тугатишга ким халақит беради?! Ахир, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси миллий авиациясини тубдан такомиллаштириш бўйича фармонни имзолади ва бу компанияни монополиядан чиқариш, аэропортларни хусусийлаштириш, мамлакатга кам бюджетли авиакомпанияларни (Lowcostercarriers, LCC) жалб қилиш ҳақида қарорлар чиқардилар-ку?!

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси раиси биринчи ўринбосари Умид Ҳусанов 2018 йил охиригача миллий кам бюджетли авиакомпанияни ташкил этиш бўйича ишлар якунига етишини маълум қилди. Мана, 2019 йил июни ҳам якунига етди. Лекин кам бюджетли янги авиакомпания ташкил этиш у ёқда турсин, бу йўналишда қандай ишлар қилинаётгани ҳақида ҳам ҳеч қандай расмий хабар берилмаяпти. Энг ёмони, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг мутлақ монополияси 27 йилдан буён давом этиб келмоқда. Буюк Британиянинг барча мамлакатлар авиакомпаниялари ва аэропортларининг хизмат кўрсатиш сифатини баҳолайдиган “Skytrax” веб сайти “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг йўловчиларга хизмат кўрсатиш даражасини таҳлил қилишича, кўпчилик чет эллик йўловчиларнинг авиакомпаниямиз ҳақидаги фикрлари ўта салбий ва бу унинг ҳозирги ҳолатига мосдир. Бу монополия иқтисодга ҳам, халққа ҳам зарар келтирмоқда. 

Ҳақиқий бозор шароити бўлганда, компания рақобат таъсирида янада ривожланади, рақобатбардошлиги ошади, мижозлар танлаш имкониятига эга бўлади, ҳамёнбоп нархларда авиачипталар сотиб олади, қолаверса, туризм ривожланади, яна бюджет фойда кўради. Наҳотки, барчага аён ҳақиқатлар ниятлигича қолаверади?!

Авиаторлар ва автомобилчиларимиздан ўрнак олиб, бошқа талабгорлар ҳам чиқмоқда. «Ўзэлтехсаноат» АК ҳам имтиёзларни олиш ва монополист бўлиш ҳаракатига киришди. Ҳукуматга қарор лойиҳасини киритди, унга кўра, жисмоний шахслар учун маҳсулотни божсиз олиб кириш қоидалари кучайтирилди. Аслида инсон чет элга борса, ўзига зарур ашёларни бемалол олиши керак. 2018 йилдан бошлаб, фуқаролар автомобиль йўллари (пиёдалар) ўтказиш пункти орқали – 1 ойлик интервал билан умумий қиймати 300 долларгача бўлган, темирйўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали – 1 ойлик интервал билан умумий қиймати 1 минг АҚШ долларигача миқдорда биттадан маиший техника ва ошхона идиш-товоқлари тўпламини Ўзбекистонга тўловсиз олиб кириш ҳуқуқига эга. Монополист ушбу вақт оралиғини 6 ойга оширишни режалаштирди. «Ўзэлтехсаноат» автомобиль саноатидан ҳам сурбетроқ чиқди, тайёр электротехника маҳсулоти импортидан тушган божхона тўловлари ва акцизларнинг умумий ҳажмидан 60 фоиз миқдордаги маблағни Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармасига йўналтиришни таклиф қилди. 

Иқтисодимиз навбатдаги шундай монополистга бардош бера оладими? 

Бизнинг аҳоли учун бундай ишлаб чиқариш керакми? 

Хўш, маиший техника олиб киришга чекловлар нега жорий этилди? Гап шундаки, бизда ўзимизнинг телевизор, газ плиталари, музлатгичлар, чангютарлар ва ҳоказолар ишлаб чиқарувчи “Artel” деган монополист корхоналаримиз тизими бор. Унинг ўз “яралиш тарихи” бор. Ўша даврда мамлакатга хориждан маиший техника олиб киришга ҳам, автомобил олиб киришга ҳам 50-70%лик тўловлар жорий этила бошланганди. 200 долларлик телевизорни олиб кирсанг, 350 долларга тушарди. Фойда қўшиб сотилса, 400 долларга сотиларди. Ҳолбуки, агар маҳаллий ишлаб чиқарувчи чет элдан бутловчи қисмларни олиб кирса, тўлов оз ёки умуман тўловдан озод қилинганди. Жаҳонни олишга интилган жаҳонгирлар, “оқил” ишбилармонлар англадики, ўша 200 долларлик телевизорларни ичини қутисидан ажратиб, “бутловчи қисм” сифатида олиб кирса, ичкарида қайтадан “йиғса”, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган тамға ила 300-350 долларга сотса бўлади. Албатта, давлат бюджети чегарада оладиган тўлов тушмаслигидан ўн миллиардлаб зарар кўради, аммо ўн миллионлаб телевизорлар, чангютгичлар, музлатгичларни ичкарида йиғиб, сотганлар юз-юз эллик миллиардлаб долларни чўнтакка ура олади. Ўша “Самсунг” ёки “LG” олиб кирилса, бозорда 400-450 сотилади, худди шуни “Artel”да йиғилгани 300-350 долларга тенг сотилади ва халқ чегара ёпиқ ҳолатда “арзон” олганига шод бўлади. 

Бу монополистлар – Автосаноат ҳам, “Artel” ҳам – четдан кираётган “эҳтиёт қисм”ларни йиғувчи бир цех, холос. “Artel” маҳсулотларининг қисмлари 90-95 га четдан киради, автомобилларимизнинг 78,3 фоиз ашёси четдан киради. Ҳеч бири ваъда қилинган “маҳаллийлаштириш”га ўтмади. Яна барча монополистлар йиллар бўйи валюта конвертациядан фойдаланиб келди ва бошқа оддий рақобатчилари олдида имтиёзга эга бўлди.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, қўшни давлатлар билан чегаралар очилиб, борди-келдилар бошланди. Халқ билиб қолдики, шу телевизорлар, чангютгичлар ва бошқа маиший техникалар чет давлатларда икки-уч баробар арзон экан. Кўплаб олиб кира бошлади. Ички монополист дарров тегишли амалдорлар ва идоралар орқали маиший техника олиб кириш йўлини беркитди. Ўттиз миллионли халқ яна маиший техникани икки баробарига олишга мажбур. 

Масалан, монополист “GM Uzbekistan” 2017 йилда 135,5 минг дона автомобиль ишлаб чиқарган. Соҳадаги ўртача иш ҳақи 300 доллар эквивалентида эканини ҳисобга олсак, компанияда ишга ҳақ тўлаш фонди тахминан 100 миллион доллар эквивалентга тенг. Бу соҳада 14 000 атрофида киши иш билан таъминланган. Мамлакатда 6-7 миллион атрофида ишсиз бор, Россияда 2,5 миллион юртдошимиз ишлайди. 10000-15000 киши ишсиз қолади деб, банкрот заводни ушлаб туриш кимга керак?!

Шавкат Мирзиёев: “Шу заводни ёпиб юборсак, фойда бўларди”, - деганда нимани назарда тутган? Биз ҳозир бу заводнинг дунёда 8000 доллар турадиган машинасини 16000 долларга харид қиляпмиз. Ташқаридан машина кирмагани, “бутловчи қисмлар" киргани учун давлат бюджетига тўлов тушмайди. Корхона фойда олса, акциядорлари кўради. У аслида банкрот ҳолатидадир. 

Дейлик, шу заводимиз бўлмаса, шу 130 минг машинани четдан 8000 доллардан олиб кирсак, ҳозиргидек 50-70% эмас, 10% тўлов жорий этсак ҳам, бюджетга 1 миллиард доллардан зиёд тушум тушади, бундан ташқари енгил автомобиллар импортидан ҚҚСдан давлат бюджетига тушадиган маблағлар 200 миллион долларни ташкил этади. Давлат бюджетидан «Ўзавтосаноат» АК барча ходимларига иш ҳақини автомобилларни ишлаб чиқармагани учун тўла ҳажмда компенсация қилиб бериш мумкин.

Афсуски, ҳозирча бу монополист ҳукуматга яқин вақт ичида чет элда ишлаб чиқарилган машиналарни Ўзбекистонга олиб кирганлик учун бож тўловлари қийматини пасайтириш, бозорни монополиядан чиқариб, рақобат муҳитини яратишга имкон бермаяпти. 

Бошқа турли давлатларда ҳам шу қисмлардан машина йиғилади ва улар рақобатбардошлидир, уларнинг машинаси бизникидан арзон. Нега бизнинг автозаводимизники қимматга тушади?! Балким, бизнинг автозавод ишчиларига Япония, Корея ёки Туркия заводиникидан кўп маош тўлар? Йўқ, улар маошининг бешдан бирини ҳам бермайди! Балки, у ерларда электр энергияси, ижара ҳақи, ер қиймати, солиқлар бизникидан қимматдир? Йўқ, бизда булар беш-ўн баробар арзон! Балким, бизнинг автозаводимиз улардан кўпроқ солиқ тўлар? Йўқ, бизнинг автозаводимиз йиллар давомида деярли барча солиқлардан озод қилинган. 

Унда нега шунча харажати билан уларнинг автомобили арзон, шунча имтиёзлар билан бизники қимматга тушади?!

Бунинг бош сабаби тизимнинг самарасизлиги ва коррупциялашганидир. Коррупциянинг сабаби эса монополиянинг мавжудлиги ва ясама протекционизмдир. Маҳсулот қийматини пасайтириш учун харажатларни камайтириш, янги технологиялар киритиш ва бошқа чоралар кўриш ўрнига ҳар гал нарх оширилади, яъни заводнинг муаммолари халқ ҳисобидан ҳал этилади. Халқ бошқа арзон машина оламан деса, йўлига тўсиқлар барпо этилади, яъни “маҳаллий ишлаб чиқарувчи ҳимояланади”. 

Заводимиз бўлмай, чет эл автомобилларини бемалол олсак, халқда танлов бўларди ва арзон оларди. Давлатга ҳам бу заводдан фойда йўқ, чунки чет сотган машиналарининг валютасига янги машиналари учун бутловчи қисм олади. Солиқ ҳам тўламайди, озод қилинган. Молиявий аҳволи оғир бўлгани учун давлат дивиденд ҳам ололмайди. Қолаверса, кирадиган автомобилларга божлар миқдори камайтирилса, халқ ўн минглаб машина олиб кирарди ва улардан бюджетга юз миллионлаб валюта тушарди.

Агар “автомобилсозлигимиз фахри”дан бирор фойда бўлса, буни ҳали биз ёруғликка олиб чиқолмаётган бир гуруҳ шахслар кўради. “Иш ўринлари яратилди” дейишлари мумкин. Бу завод бўлмаса, келадиган фойдага бундан юз баробар кўп иш ўринлари яратиш мумкин. 

Нима қилиш керак? 

Кимдир яна бошқа заводлар қурилса, японлар ё немислар заводлари келса, рақобат бўлади, деб ўйлаши мумкин. Заводлар ўнта бўлса ҳам, имтиёзлар сақланса, ўнта завод ҳам шу битта каби ишлайвериши мумкин. Машина олиб кириш учун божхона тўловларини мўътадиллаштириш керак, токи харидор ёки сотувчи олиб кириш ва сотишдан фойда олсин. Шунда харидор танлаб, мақбул машинани мақбул нархда олади. Бу мавжуд заводлар харажатларини камайтиришга, сифатни яхшилашга, ассортиментни кўпайтиришга, рақобатга бардошли бўлишга ундайди. Давлат бюджети олиб кирилаётган автомобиллар учун бож тўловларидан юз миллионлаб доллар маблағга эга бўлади. 

Чорак аср мобайнида кўрсатилган “миллий ишлаб чиқарувчига ғамхўрлик”дан монополистлар рақобатбардош бўлмади. Фақат ашаддий, ошкора ва ҳалол рақобат ривожланишга мажбур қилади. 

Етар энди, дейилишига қарамасдан, монополист гуруҳлар “яна бир ё икки йил онамни эмиб, ўзимни тутиб олай” деб тамшанадиган гўдак каби тармашиб тураверадилар, фароғат ҳолини сақланиб қолиши учун лоббистлик нолишларини тўхтатмайдилар. 

“Миллий ишлаб чиқарувчини ҳимоя қилиш” ниқоби остидаги протекционизм бозор иқтисодининг асосларига путур етказади ва унинг неъматларини йўққа чиқаради: сифатли чет эл маҳсулотига импорт тарифларини ошириш орқали халқни “ўзимизники” бўлган сифатсиз маҳсулотни қимматга олишга мажбурлаш нафақат ноинсонийлик, балким халқни қашшоқлаштириш ва бу орқали харид қобилиятни пасайтиришнинг сабабидир, бу божи оширилган чет эл маҳсулотини ҳам, ички маҳсулотни ҳам қимматлашувига олиб келади, пасаяди ва аҳолининг даромади пасаяди, импорт божи ошиши маҳсулотни қонуний олиб киришни норентабел қилгани учун контрабандани кўпайтиради, маҳсулотига бож оширилган давлатлар билан муносабатга рахна солади ва бизга жавобан шунга монанд чоралар кўрилишига олиб келади.

Жаҳон банки гуруҳига кирадиган Халқаро молиявий корпорация (ХМК)Ўзбекистоннинг хусусий секторларини ҳар томонлама таҳлил қилиб ташхис қўяр экан, монополияларга барҳам беришни ва бунинг баробарида “соҳалардаги муайян чораларни умумиқтисодий ислоҳотлар билан қўшиб олиб бориш”ни тавсия қилди. Бу ислоҳотлардан умидвор халқимизнинг истагига мос келади. 

Карим БАҲРИЕВ

uza.uzдан олинди

6871