Каршеринг нима ва нима учун у тобора оммалашиб бормоқда?

Каршеринг нима ва нима учун у тобора оммалашиб бормоқда?

Ҳозирги кунда биргаликда истеъмол қилиш иқтисодиёти глобал тенденция ҳисобланади. Миллениаллар авлоди Z вакиллари(1996 йилдан кейин туғилган одамлар) ресурсларини мулкка эмас, балки фойдаланишга тикишмоқда.

Каршеринг(carsharing) - бу автомобилни қулай шароитларда, арзон нархда ва қисқа муддатга ижарага олишдир.

Агарда оддий қилиб айтадиган бўлсак, автомобилни ижарага бир неча кун ёки бир неча соатга оладиган бўлсангиз, каршерингдаги тариф эса дақиқалар билан ҳисобланади ва ушбу қулайлик сизнинг бир мунча маблағингизни тежашга имкон беради. Бундан ташқари сиз ижарага олмоқчи бўлган машинангизни махсус пунктга бориб олиб-топширишингиз ҳам шарт эмас. Каршеринг автомобилларини шаҳарнинг кўпгина автотураргоҳларидан олиб ва шунга ўхшаш автопаркингларга, аэропорт, темир йўл вокзали, метро станцияларини олдига ёки савдо марказларини олдидаги автотураргоҳларга ташлаб кетаверасиз.

Келинг ушбу автоижара тизимини Россиянинг Москва шаҳрида ўрганиб чиқамиз. 

Москвада каршеринг тизимидаги автомобилларни тақдим этувчи операторлар сони бугунги кунда 16 тага етди. Улардан учтаси бозорнинг 82% ни ташкил этади. Яндекс.Драйв, Делимобиль, BelkaCar...

Нархи қанча?

Ижара нархи сиз танлаган операторга, шунингдек автомобиль синфига қараб фарқ қилади. Дақиқаси  3 дан 50 рублгача. Бугунги кунда 1 рубль - 129 сўмга бўлса, ҳисобимиз бўйича дақиқаси 390 сўмдан 6450 сўмгача.

Каршерингни афзаллиги шундаки, сиз машинага ёқилғи қуймайсиз, суғурта қилмайсиз ҳамда автомобиллар ювилган бўлиб унга техник хизмат ҳам кўрсатишга пул сарфлашингиз шарт эмас. Ҳаммаси сиз қилган тўлов ичига киради.

Aвтомобилни қандай ижарага олиш мумкин?

Aвтомобилни ижарага олиш учун сиз веб-сайт ёки операторнинг мобил иловасида рўйхатдан ўтишингиз керак. Рўйхатдан ўтиш жараёнида сиз паспортингиз ва ҳайдовчилик гувоҳномангиз фотосуратларини илова қилишингиз ва кейин шартномани имзолашингиз керак (веб-сайт ёки иловадаги операторнинг шартларига қўшилиш орқали имзо тасдиқланади). Текшириш жараёни бир неча кунни олиши мумкин.

Сиз веб-сайт ёки иловада арзон автомобилга буюртма беришингиз мумкин. Aвтомобиль захирага(бронь) олингандан сўнг, сизда бепул бронь қилиш учун бир оз вақтингиз бўлади, яъни автомобилгача етиб олиш учун 20 дақиқа вақт берилади. 20 дақиқа ўтгач, автога етиб ололмасангиз, тўлов кутиш ставкасидан бошланади, яъни 1 рубль 90 тийиндан 5 рублгача.

Иловадан фойдаланган ҳолда автомобиль автоматик тарзда очилади. Барча керакли ҳужжатлар ва двигателни ўт олдириш учун калит ҳам салон ичида. Aвтомобилни шикастланганлиги бўйича визуал текширув ўтказганингиздан сўнг, сиз уни ижарага олишингиз мумкин бўлади.

Aвтомобилни ишлатганингиздан сўнг, сиз ижарани якунлашингиз керак. Кўпинча, иловадаги "Ижарани тугатиш" тугмачасини босгандан сўнг, машинадан фойдаланиш тўхтатилган деб ҳисобланади, аммо буни танлаган операторингиз билан алоқа ўрнатиб олдиндан аниқлаштириб олишингизни тавсия қиламиз.

Диққат қилинг! Ҳар бир оператор ижарачиларнинг ёши ва ҳайдаш тажрибасига қараб ўз чекловларига эгадир. Ушбу бўйича маълумотлар автомобилларни тақсимловчи операторларнинг сайтларида мавжуд. Шунингдек, у ерда сиз қўнғироқлар учун контакт рақамларни ҳам кўришингиз мумкин.

Машинани қаерда қолдириш мумкин?

Сиз автоуловни Москвада ҳам, унинг атрофидаги шаҳарларда ижарага бериш зоналарида ҳам қолдиришингиз мумкин. Эътиборлиси шундаки, ушбу автомобилдан фойдаланган ҳайдовчи пуллик тўхтаб туриш жойларида тўхтаб туриш ҳақидан озод қилинади.


Баъзи операторлар эса, фойдаланувчиларга ҳатто Москва аэропортларининг тўхтаб туриш жойларида ижарани якунлаш имкониятини тақдим этганлар. Aммо хизмат кўрсатиш соҳасини аниқлаштириб олган яхшидир, яъни барча операторлар тақдим этиш микониятлари билан бир-бириникидан фарқ қилади.

Тўлов қандай амалга оширилади?

Маблағлар автоматик равишда мобил илованинг шахсий ҳисобига боғланган банк картасидан ечилади.

Шуни унутмангки, ижарага олинган автоуловдан фойдаланиш сизни жавобгарликдан озод қилмайди, яъни йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар, тўхташ жойи чиптаси, махсус тўхташ жойи ва эвакуация харажатлари ижарачини мажбуриятига киради. Aвтотранспорт воситалари суғурта қилинганлигига қарамай, барча операторлар ҳайдовчининг айби билан автоҳалокатда автоуловга етказилган зарар учун жавобгарликни ҳайдовчилар зиммаларига оладилар.
Бундан ташқари, ҳар бир оператор ўз жарималар тизимига эга. Кўпинча бу салондаги тозаликка риоя қилмаслик, ҳужжатларни йўқотиш ва ёқилғи бакини бўш қолдириш(ёқилғи шартларини билиб олишингиз зарурдир) билан ижарани тугатиши сабабли жарималар қўлланилади. Улар ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун имзолашдан олдин шартномани диққат билан ўқинг.

Aвтомобилларни рационал тарзда тақсимлаш ва улардан оқилона фойдаланиш орқали йўлларни тирбандликдан туширишга ёрдам беради. Кўпгина фуқаролар учун дақиқалик ижара, автоулов сотиб олишнинг тўлиқ алтернативасига айланади, яъни сиз машина сотиб олишга, бензин, суғурта ва техник хизмат кўрсатиш учун пул сарфлашингиз шарт бўлмай қолади.

JPMorgan маълумотларига кўра, Москва ҳокимияти автоуловларни тақсимловчи машиналар паркини 25 мингтагача оширишни мақсад қилган. Ўшанда ҳар бир машина тахминан 500 кишига тўғри келади ва Москва ушбу кўрсаткич бўйича дунё етакчиларидан ўзиб кетади ҳам, масалан Торонтода (498), Мадрид (500), Штутгарт (515) ва Нью-Йорк (525)га тўғри келади.