Қайд этилишича, Пасткиқўриқ маҳалласи раиси Муҳиддин Ҳошимов ушбу хабарни тасдиқлаган.
«Қишлоқ ҳудудидан оқиб ўтган катта Фарғона каналининг бўйида байдарка машғулотларини олиб борадиган клуб бор. Чўкиб кетган йигитча шу клубда янги ўрганувчи бўлган. Улар каналда каноэда эшкак эшиб машғулотлар олиб бораётган бўлган. Йигитча — мактабнинг 6-синф ўқувчиси. Ҳозирда уни қидириш ишлари олиб борилмоқда. ФВБдан ғаввослар гуруҳи етиб келди», — деган маҳалла раиси.
Таъкидланишича, воқеа 5 март куни 16:00–17:00 оралиғида содир бўлган. МФЙ раиси чўкиб кетган йигитнинг исм-фамилиясини очиқламаган.
Шунингдек, ушбу маълумотни Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари ҳам тасдиқлаган. Ҳозирда воқеа жойида ФВБнинг ғаввослар гуруҳи иш олиб бормоқда. Қўшимча маълумотлар кейинроқ тақдим этилиши маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 22 декабрь куни ўзини Катта Фарғона каналига ташлаб, чўкиб кетган ёзёвонлик ўсмир йигит А.А.нинг жасади 2021 йилнинг 5 март куни топилгани ҳақида хабар бергандик.