«Катта еттилик» саммитида Эрон, Ливия, Украина ва Гонконг бўйича қарорлар қабул қилинди

«Катта еттилик» саммитида Эрон, Ливия, Украина ва Гонконг бўйича қарорлар қабул қилинди

24−26 август кунлари Франция жануби-ғарбидаги Биаррице шаҳрида «Катта еттилик» (G7) саммити бўлиб ўтди. Саммит иштирокчилари савдо-сотиқ, иқлим ўзгариши масалари, шунингдек, Украина, Эрон, Ливия ва Гонконгдаги вазиятни кўриб чиқди. Саммитга Франция президенти Эммануэль Макрон раислик қилди.

G7 иштирокчи-давлатлари дастлаб савдо масалаларини кўриб чиқди. Жумладан, Жаҳон савдо ташкилоти фаолияти самарадорлигини ошириш учун унга ўзгартишлар киритиш режаси муҳокама қилинди.

Рўйхатнинг иккинчи бандидан Эрон яжро дастури ўрин олди. «Биз икки мақсадни тўлиқ ажратиб олдик: Эронда ядро қуроли бўлишига йўл қўймаслик ҳамда минтақадаги тинчлик ва барқарорликка кўмаклашиш», — дея қайд этди G7 аъзолари.

Шунингдек, Украинадаги вазият ҳам кўриб чиқилди. Франция ва Германия яқин ҳафталарда «норманд формати»даги учрашувни ташкил этишни режалаштирмоқда. Якуний матбуот анжуманида Эммануэль Макрон «норманд формати»даги янги учрашув сентябрда давлат ва ҳукумат раҳбарлари даражасида бўлиб ўтишини маълум қилди. Украина шарқидаги вазиятни ўнглаш борасидаги музокараларнинг ушбу формати 2014 йил июнида ташкил этилган эди. Сўнгги қўшма учрашув 2016 йил октябрда Берлинда бўлиб ўтган.

Якуний баёнотнинг тўртинчи мавзуси Ливия бўлди. «Катта еттилик» иштирокчилари ушбу мамлакатда ўқ отишни тўхтатиш режими барқарорлигини таъминловчи ярашувни қўллаб-қувватлайди. «Биз фақатгина сиёсий қарор Ливиядаги барқарорликни таъминлашга имкон беради, деб ҳисоблаймиз», — дейилади ҳужжатда. Мамлакатлар раҳбарлари можарога алоқадор барча томонлар ва минтақавий ўйинчилар иштирокидаги халқаро анжуман ўтказилишини кутмоқда. 2011 йилда Ливия раҳбари Муаммар Каддафи ҳокимиятдан четлаштирилгандан кейин мамлакатда иккиҳокимлик ҳукмронлик қилмоқда. Шарқ халқ сайлаган парламент, ғарб, пойтахт Триполи эса БМТ ва Евроиттифоқ кўмагида шакллантирилган Фаиз Сарраж бошчилигидаги ҳукумат қўли остида. Мамлакатнинг шарқий қисмидаги ҳокимият Триполидан мустақил бўлиб, Ливия миллий армияси билан ҳамкорлик қилади.

Баёнотнинг сўнгги банди Гонконгдаги вазиятга алоқадор. Якуний баёнот муаллифлари зўравонлик содир этилишидан қочишга чақирган. Эслатиб ўтамиз, Гонконгда июнь ойи бошида экстрадиция тўғрисидаги қонуннинг кўриб чиқилиши оммавий намойишларга сабаб бўлди. Гонконг ҳукумати июлда тузатишни кўриб чиқиш муддатсиз тўхтатилгани ҳақида эълон қилди. Бироқ қонун лойиҳасига қарши бўлганлар ундан тўлиқ воз кечишни талаб қилиб чиқди. Талаб қаноатлантирилмаганидан сўнг намойишлар давом эттирилди.

АҚШ президенти Дональд Трамп саммитда сўзга чиқиб, саммит иштирокчилари сонини Россияни қайтариш ҳисобига саккизтага етказишни таклиф қилди. Унинг ғоясини фақатгина Италия бош вазири Жузеппе Конте қўллаб-қувватлади, Япония бош вазири Синдзо Абэ бетараф қолган бўлса, бошқа иштирокчилар буга қарши чиқди, дея ёзди Deutsche Welle.

«Катта еттилик» — Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Японияни бирлаштирган халқаро форум. Россия 2014 йилда Украинадаги ҳодисалардан сўнг учрашувдаги иштирокини тўхтатди.

4575