«Кеча “кўчалар” келишибди. Яна “доля“ берамизми?»

«Кеча “кўчалар” келишибди. Яна “доля“ берамизми?»

Google photos

Абдуқодир Муҳаммадрасул исмли Facebook фойдаланувчиси тадбиркорларнинг катта муаммоларидан бирини кўтарибди. Биз ушбу постни ўзгартиришсиз эътиборингизга ҳавола қиляпмиз.

“Ёшлигимда акалар айтишарди: “Ҳар ойда “кўчага” пул бериш керак. Сени ҳимоя қилишади“.
Кейинчалик “кўча” ҳам, “уй” ҳам давлатни ўзи бўлди. Ҳар ойда пул бериб борардик. Ҳимоя қилишарди.

Кимдан?

Ўзларидан, албатта.

Пул бермаган савдогарни дўконига “кўча”лар келар, бир айб топиб жарима солиб кетишарди. Бир акамиз бир йил пул бермадилар. Роса хурсанд юрдилар. Биз ҳар ойда 150 дан бериб борардик. Йил охирида акамиз дўконларига келиб уч кун пойлаб, охири чек урмаганлари боис жарима солди ҳамда 1500 га аъзо қилиб кетди.

2008 йил.

Туманга “доля”сини бериб борар эдик. Дўконга бир оила кирди. Харидлар қилишди. Ҳатто фарзандига ҳам нарсалар олишди. Ҳисобда доллар бериб чиқишди. “Харидорлар” очган эшикни солиқчилар ёпишди. “Республикаданмиз!“.

Туманга қўнғироқ қилдик. “Ака, бизларга пул беришингизни айтманг илтимос! Бизни кучимиз етмайди. Ўзингиз ҳал қилиб олинг“. 4000 норасмий жарима ва 5-10 дона эски кийимлардан расмий жарима солишди.

Раҳбаримиз ўша ҳақиқий кўчаларни қумсаб қолдилар. “Улар бўлганида гапига жавоб берарди. Босмачи бўлса ҳам мард эди. Пул берганга тегмасди...“.

Уч йил аввалги жанозадан кейин бундай ёзилмаган қоидалар йўқ бўлганди. Шу давр мобайнида бировга бир сўм бермадик. Белгиланган солиқларни тўлаб одамдек ишладик. Кеча “кўчалар” келишибди. Январ ойидан яна тайёргарликни кўрармишмиз...“

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бу вазиятга ойдинлик киритишига умид қиламиз.