Кечирим сўраш қобилияти — ўзига етарлича ишонган одамларнинг сифати

Кечирим сўраш қобилияти — ўзига етарлича ишонган одамларнинг сифати

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан узр сўрашини хоҳлашда давом этарканман, аслида кечирим сўраш ҳақида 2 оғиз гапириб ўтишни лозим топдим. Зеро, ҳеч ким мукаммал эмаслигини биламиз, ҳеч ким хатодан суғурталанмаганиниям биламиз. Инсонмиз, хато қиламиз. Лекин охиригача инсон бўлиш керак ва хатодан кейин кечирим ҳам сўрашни билиш керак. Шунда ҳурмат яна ошади.

Деярли ҳар қандай одамда кечирим сўраш жуда қийин, биринчи навбатда у ҳамма учун осон бўлган айбдорлик ҳиссини талаб қилади. Баъзи одамлар кечирим сўрашни ўз қадр-қимматини таҳқирлаш деб билишади, чунки улар идеал эканликларига ишонч ҳосил қилишади ва қилган ишларининг ҳаммаси доим тўғри дейишга кўникканлар. Бундайларга ишонтиришнинг фойдаси йўқ: бу ўзгариб бўлмайдиган феъл-атвор.

Яна бир ҳолат борки, бир киши кетма-кет кечирим сўраб, атрофдагиларни безор қилиб юборади. Унга: "Ҳа, бўлди-да энди, кечирим сўрашни тўхтатарсиз!" демасангиз тўхтамайди ҳам. Бундай хатти-ҳаракатлар ўзига ишончсиз одамлар учун кўпроқ характерлидир.

Кечирим сўраш хатонгизни тан олиш ва уни тузатиш истагидир. Ва шу истакни намойиш қилишдир. Бундан ташқари, бу хўрланиш ёки заифлик эмас, балки ақлнинг кучлилиги ва ноҳақ эканингизни тан олиш қобилиятингиздир.

Агар биз ҳақиқатан ҳам кимнидир хафа қилган бўлсак, унда қоида тариқасида узр сўрашимиз керак, чунки биз бошқа одамга ноқулайлик туғдирганимиз учун айбдор бўламиз. Нохуш ҳодиса натижасида иккаласи ҳам азоб чекишади: бири кўнгли оғриганидан, иккинчиси айбдорликдан. Ўша пайтда, қилганимиз учун узр сўраб, руҳий хотиржамликни ҳаётга қайтаришга ҳаракат қиламиз. Бундан ташқари, биздан хафа бўлган киши узрни қабул қилса, ҳаёт яна самимий давом этаверади.

Энг муҳими: кечирим сўраш ёки сўрамаслик ҳақида қарор қабул қилишдан олдин, сиз айбдор эканингизга розилигингизни тан олишингиз керак. Эҳтимол, сиз онгли равишда ҳаракат қилгандирсиз? Сиз қандайдир аниқ натижага эришишни хоҳлагандингиз ва ўзингизни 100 фоиз тўғри деб биласиз. Бундай ҳолда, кечирим сўраш маъносиздир, чунки сиз ўз айбингизни кўрмайсиз ва мажбурий узр самара бермайди.

Бироқ, сизнинг айбсизлигингиз аниқ кўриниб турса-да, атрофингиздаги одамлар сизни кечирим сўрашингиз кераклигига ишонтиришга уринсалар, бу ҳолатда далиллар турлича бўлса ҳам, хафа бўлган одам(лар) яхши одам эканлигидан тортиб, қандайдир тарзда фойдали бўлган алоқани йўқотишдан қўрқиш керак. Чунки бундай ҳолда, оқибатлар муҳим бўлиб қолади, бу сизни келажакда бирон бир устунликдан маҳрум қилади, мисол учун, оилавий-қариндошлик алоқаларга узиши мумкин ёки сизга ёки атроф-муҳитга зарар этказиши мумкин. Албатта, бир нечта вариант мавжуд: маслаҳатчиларни тинглаш ва кечирим сўраш муҳимлигича қолади. Бу ҳолда ҳамма нарса фақат сизга боғлиқ бўлади.

Шуни эсда тутиш керакки, узр сўраган киши, ўзининг айбсизлигига амин бўлса, сўзлари ишонарли бўлолмайди лекин эҳтиёткорлик билан кечирим сўраши мумкин: "Мени кечир, аммо барибир ҳақман!". Бундай шаклдаги узрдан сиз ҳам, суҳбатдошингиз ҳам фойда кўрмайсизлар ва низо фақат кучайиши мумкин.

Агар вазият ҳали ҳам стрессни енгиллаштиришни талаб қилса ва сиз ҳали ҳам ўз ҳақлигингизга амин бўлсангиз, лекин, масалан, сиз янада тўғри шаклда гаплаша оламан деб ўйласангиз, бошқа томон билан алоқада ўз позициянгизни ақл билан изоҳлашингиз ҳам мумкин. Бундай ҳолда, иккинчи томон сиз қўпол бўлганингиз учун узр сўраганингиздан қониқиши мумкин ва мулоқот атрофдаги ҳис-туйғуларни эмас, балки вазиятни ўзи муҳокама қиладиган конструктив шаклга ўтиши мумкин.

Ўз хатоларини тан олиш, кўпчилик ўйлаганидек, заифлик, хўрланиш эмас. Сизнинг нотўғри эканингизни тан олишингиз, кечирим сўрашингиз ва кейинги вазиятларда маъқулроқ йўлни таклиф қилиш учун имкониятдир. Албатта, бунинг учун инсонда ақл ва ҳатто жасорат етарли бўлиши керак. Ишонаманки, Жаҳонгир Ортиқхўжаевда мамлакатдаги журналистлардан кечирим сўраш учун бундай сифат топилади.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.