Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Khan Academy каби мактабларни тақиқлаш эмас, яхшисини саралашни ўргатиш лозим»
23.06.2020 12:24,  
429

Мен бир неча йиллардан бери Khan Academy дарсларидан фойдаланиб келаман. Ундаги ва бошқа баъзи онлайн илмий дарсларни ўзбек тилига таржима қилишни доимо орзу қилганман. Бундан 6-7 йил олдин озроқ бошлагандим ҳам.

Сабаби, халқимизни ҳозирги маърифатсизлик ботқоғидан чиқариш учун онлайн мактаблар энг яхши ва балки ягона ечим деб биламан.

Мен ўзим болаликдан математика, кимё, биология ва физикага жуда қаттиқ қизиққанман. Математикадан алҳамдулиллаҳ яхши устозларим бўлган. Бошқаларидан эса ҳеч қачон тузукроқ муаллимларга дуч келмаганман. Айб ўқувчида, дейиш бизда кенг тарқалган. Менимча эса ундай эмас. Бизга таълим тизими панд берган.

Мен ҳозир ҳам математикадан масалалар ишлаб юраман. Мадина Ислом университети магистратура - докторантура босқичлари учун математика ва мантиқ йўналишидан имтиҳон топширишни мажбурий қилиб қўйишганди (GREга ўхшаш, арабча), мен шу имтиҳоннинг математика ва мантиқ йўналиши бўйича университетда энг юқори баллни олдим, алҳамдулиллаҳ.

Бироқ математикадан бошқа аниқ фанларни ўзим хоҳлаганимдек ўрганишга имконим бўлмаган. Сабаби яхши ўқитувчиларга учрамаганман. Хўш, менга ўхшаб илм олмоқчи, бироқ яхши устозлар тополмаган ўқувчилар нима қилсинлар? Афсуски, Ўзбекистоннинг аксар мактаблари кучли мутахассислар йўқлигидан шикоят қилади.

Шу нарсани кўп ўйлаб, ягона ечим онлайн мактаблар деган хулосага келганман. Тўғри, бизда интернет заиф, чет қишлоқларда онлайн мактаблар ўқувчилар ва ота-оналар учун тушунарсиз бўлиши мумкин.

Бироқ унутмаслик керакки, бир онлайн мактаб учун етарли дарсларни тайёрлашингизга йиллар керак бўлади. Технология ва интернет деган нарсалар эса ҳафтасига ривожланяпти. Шундай экан, онлайн мактабларни кўпайтиравериш керак, токи интернет тезлашганда ўқувчилар учун ҳамма нарса тайёр бўлади.

Хуллас, шундай мулоҳазалар билан Khan Academy ва бошқа баъзи онлайн мактаблар дарсларини таржима қилиш, унга ўзимиздаги устозлардан онлайн дарслар қўшиб, онлайн мактаб тузиш менинг энг катта орзуларимдан бўлган. Бироқ буни бошлаган йилларим Мадинага ўқишга қабул бўлдим. Шу билан бу ерга кўчиб келдим, дарсларим кўпайди, онлайн мактаб лойиҳам қолиб кетди.

Кейинроқ баъзи ўзбек йигит-қизлар Khan Academy'ни таржима қилмоқчи эканликлари, бу учун ҳатто ушбу академия эгаси билан келишиб, жамоа тузиб, иш бошлаганлари хабарини ўқидим. Бу мен учун энг қувончли хабарлардан бири бўлди.

Яна бир нарса, бир-икки йил олдин президент мактаблари ташкил қилинди. Менга бу, тўғриси, адолатсизликдек туюлди. Сабаби, бу мактабларда фақат озчиликнинг, аксар ҳолларда мактабгача яхши таълим ололган элитанинг фарзандлари ўқисалар, бошқа миллионлаб болалар нима қиладилар?!

Кейинроқ вирус тарқалиб, карантин бошлангач, ушбу мактаб ўқитувчилари ва бошқа баъзи танланган яхши муаллимлар онлайн /телевидение орқали дарс бера бошлади. Шундай қилиб, элита дарслари оддий халқ учун очилди. Бу ҳам менда катта умид уйғотди. Агар мана шу каби кўп пул сарфланган ихтисослашган мактабларнинг дарслари видеога олиниб, оддий халқ болалари учун ҳам интернетга бепул жойлаб борилса, оддий халқнинг тиришқоқ фарзандлари учун ҳам катта совға бўлади.

Буларни ёзаётганимнинг сабаби кеча Khan Academy'ни қоралаб ёзилган гаплар бўлди.

Khan Academy ва бошқа аксар онлайн институтлар Ғарбда жойлашган. Ғарб бесоқолбозлик, фаҳш ва бошқа бузуқликларга ботиб қолган. Шунга оид баъзи нарсалар Khan Academy'да ҳам бўлиши мумкин. Бироқ буни сабаб қилиб, бундай илм-фан манбаларидан мутлақо юз ўгириш тўғри бўлмайди. Ахир, айни гапларни ўқиётганингиз фейсбук ва телеграмлар фаҳшга тўла эмасми?!

Исломда «садди зариа» - «ёмонликка олиб бориши мумкин бўлган йўлни тўсиш» қоидаси бўлиб, бунинг ўз шартлари бор. Масалан, уламолар хамр (маст қилувчи ичимликлар) тайёрланадиган асосий мева узум экан, узум экишни тақиқласа бўлмайдими, деган масалани зикр қилиб, узумни тақиқлаш ёмонликни тўсишда тўғри восита эмаслигини таъкидлаб, ижмо қилганлар.

Ҳозирги YOUTUBE, Facebook каби ижтимоий тармоқлар, Khan Academy, edX, Udemy каби онлайн мактаб-институтлар ҳам худди шундай. Ундан керакли нарсани оласиз, бошқасини ташлайсиз. Агар ундаги ботил либерал пропаганда бола учун хатарли десак, қуйидаги ечимлар бор:

  • 1. Ўзбекчага таржима қилишда саралаб, керакли дарсларни таржима қилиш.
  • 2. Инглизчасидан фойдаланишда ёш болаларни кузатиб, улар учун керакли - фойдали дарсларни саралаб бериш. (Асли Khan academy дарслари фанларга қараб тақсимланган, сиз, масалан, биология қисмига кирсангиз, бошқа нарса у ерда бўлмайди.)
  • 3. Муҳаммад Асаднинг «Чорраҳада ислом» асари каби Ғарб таъсирини саралаб қабул қилишга чақирадиган китобларни ўқиш.

Кейинроқ қилишимиз мумкин ва керак бўлган нарсалар:

  • 1. Дунё мусулмон олимлари бирлашмалари қошида марказлаштирилган ҳалол сертификат тизимини жорий этиб, мана шундай академия ва ижтимоий тармоқларни ҳалол версиялар ташкил қилишга чақириш.
  • 2. Мусулмонлар асос солган ва исломий асосларда ишлайдиган ижтимоий тармоқлар, онлайн дунёвий фанлар мактаблари бўлишига эришиш.
  • 3. Муҳаммад Асаднинг «Чорраҳада ислом» асари ғоясида замонавий информацион оқим ва пропагандани фильтрлайдиган асарлар ёзиб, мусулмон уммати учун янги пайдо бўлаётган нарсаларни саралаб олиш тизимини ишлаб чиқиш.

Ёзганим охирида айтаманки, мусулмон одам албатта дунёвий фанларни, хусусан, табиий фанларни ўрганишлари керак. Умматнинг маънавий таназзули унинг моддий таназзули билан чамбарчас боғлиқ.

Биз бу инқироздан чиқишимиз учун динни ўрганганимиз каби дунёвий илмларни ҳам ўрганишимиз шарт. Бу учун эса Khan Academy каби онлайн мактабларни тақиқлаш эмас, аксинча, унга тарғиб қилиш ва ундан яхшисини саралаб олишни ўргатишимиз лозим. Зора шунда мусулмонлар қўлида ривож топиб, сўнгра Ғарбга кўчиб кетган илм-фан ва тараққиёт яна умматга қайтиб келса.

Khan Academy Oʻzbek — биринчи онлайн таълим платформаси ишга туширилди

Сўзим охирида Khan Academy дарсларини таржима қилаётган юртдошларимга миннатдорчилик билдираман. Аллоҳ ишингизга барака берсин. Биз сизнинг бу қилаётган ишингиздан фахрланамиз!

Маҳмуд Усмон
Мадина Ислом университети талабаси

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан