Khan Academy Oʻzbek “Translaton” онлайн таржима марафонини ташкил этди

Khan Academy Oʻzbek “Translaton” онлайн таржима марафонини ташкил этди

Translaton (Translation + Marathon) — Khan Academy Oʻzbek кўнгиллилар жамоаси томонидан ташкиллаштирилган таржима марафони. Марафоннинг асосий мақсади дунё миқёсидаги топ контентни ўзбек тилига таржима қилиш ва ёшлар орасида илм-фан, мутолаага бўлган қизиқишни оширишдан иборат. Марафонда 1 ҳафта давомида 1 миллионта сўзли контентни ўзбек тилига таржима қилиш режалаштирилган.

Таржима wikipedia.org, elementy.ru, postnauka.ru, serious-science.org, askamathematician.com, habr.com каби манбалардан фойдаланган ҳолда математика, физика, технология, иқтисодиёт ва бизнес, информатика, биология, кимё ва бошқа йўналишлар бўйича олиб борилади.

Бундан ташқари, 7 кун мобайнида open source (очиқ кодли дастурий таъминот), open data (очиқ маълумотлар) контентни маҳаллийлаштириш ва ижтимоий тадбиркорлик мавзуларида тақдимотлар ўтказиш ҳам режалаштирилган. Спикерлар ва дастурни кўриш учун Khan Academy Oʻzbek Telegram каналини кузатиб боринг.

Марафон IT Park Oʻzbekiston, Халқ таълими вазирлиги, Илғор технологиялар маркази, knigamir.uz ва azon.uz ҳомийлигида ўтказилмоқда.

Марафонда таржимонлар (рус ёки инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қила оладиган ва илм-фанга қизиқиши бўлган шахс), муҳаррирлар (ўзбек тилига таржима қилинган мақолаларни турли мезонлар бўйича таҳрирлай оладиган мутахассис), координаторлар (жамоадаги ташкилий муаммоларни ҳал этишга ва гуруҳнинг лидери бўлиб уни олға бошлашга қодир киши) иштирок этиши мумкин.