Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 сентябрь куни “Солиқ маслаҳати соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4846-сонли Қарори қабул қилинди. Ушбу қарорнинг соҳада янги босқични пайдо қилиши мумкин. Сабаби, солиқ маслаҳати соҳасида шу пайтгача қонун билан ҳимояланиши керак бўлган бир қанча муаммолар бор эди. Хўш,ушбу қарордан кейин тизимда нималар ўзгариши мумкин?
Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги Қонуни 2006 йил 21 сентябрда қабул қилинган эди. Лекин бир қатор объектив ва субъектив сабабларга кўра бу қонун билан белгиланган солиқ маслаҳати фаолияти мамлакатимизда тўлиқ амал қилмади. Унинг объектив сабабларидан бири кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари учун солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимининг жорий қилинганлигидир. Объектив сабаблардан яна бири, бошқа молиявий хизматлар каби солиқ маслаҳати хизматига тижорат хизмати сифатида қаралиб, солиқ тўловчилар томонидан уни қўллашнинг ҳеч қандай мажбурийлик ёки рағбатлантирувчи меъёрлари белгиланмади. Масалан, аудиторлик фаолияти ҳам солиқ маслаҳати фаолияти каби молиявий хизмат тури ҳисобланади. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори билан тегишли хўжалик юритувчи субъектлар ҳар йили ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 майигача йиллик молиявий ҳисобот аудиторлик текширувидан ўтказиб, аудиторлик текшируви тамом бўлгандан кейин 15 кун мобайнида тегишли солиқ органига аудиторлик хулосасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхасини тақдим этиши мажбурийлиги белгиланган. Солиқ маслаҳати хизматида эса бундай хусусиятлар белгиланмаганлигини кўриш мумкин эди.
Бугунги кунда солиқ маслаҳати ташкилоти алоҳида мустақил хўжалик юритувчи ташкилот бўлса-да, унинг ташкил этилиши фаолиятнинг хусусиятлари ва ҳаттоки, унда ишловчи ходимларнинг фаолияти ҳам тўлиқ Молия вазирлиги назорати остида фаолият юритиб келинган.
Бундан ташқари, бу хизматнинг ҳеч қандай ташвиқоти бўлмади ва у бозор иқтисодиёти шароитидаги талаб ва таклифдан келиб чиқиш талабига тўлиқ жавоб бермади. Хўш, матбуотда ёки оммавий ташвиқот жойларида Ўзбекистонда ташкил этилган солиқ маслаҳати ташкилоти унинг хизматининг афзалликлари, солиқ тўловчилар учун қулайликлари бирор марта айтиляптими? Назаримда бу масала очиқ қолади.
Бир мисолни келтирадиган бўлсам, Японияда солиқ маслаҳати хизматидан деярли барча аҳоли фойдаланади. Ҳар бир солиқ маслаҳати ташкилоти тахминан мингтадан кўпроқ мижозга доимий хизмат қилади. Энди Япония аҳолисининг сонидан келиб чиқиб, ўзингиз ҳисоблайверинг у давлатда қанча солиқ маслаҳатини кўрсатувчи ташкилот борлигини. Бизда эса бармоқ билан санарли ташкилот солиқ маслаҳати хизматини кўрсатади. Аҳоли эса улардан камдан-кам фойдаланади. Ҳатто, бундай хизмат борлигидан ҳам хабари йўқ. Шу сабабдан, солиқ тўлови борасида муаммолар, қарздорлик, хатоликлар ва оворагарчиликларга қоришиб ётибмиз. Буларнинг барчаси мазкур соҳада ислоҳотлар қилишни талаб қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 сентябрдаги “Солиқ маслаҳати соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4846-сонли қарори мазкур соҳани либераллаштиришда муҳим қадам бўлди, десак хато бўлмайди. Чунки қарор билан солиқ маслаҳати соҳасини кенгайтиришдаги бир қатор муаммолар бартараф қилинган. Жумладан, бизда бу хизмат билан шуғулланадиганларга шу пайтгача малака сертификатларни олиш учун қонунчиликда жуда кўп талаблар қўйилганки, унча-бунча ҳисобчи ҳаттоки, солиқ хизматининг ходимлари ҳам бундай сертификатни олишга қийналишарди. Солиқ маслаҳатчисининг малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уни бекор қилиш “Солиқ маслаҳатчилари Палатаси”га ўтказилиши яхши янгилик бўлди. Шу пайтгача мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2007 йил 17 декабрда 1750-сони билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган: “Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини бериш, унинг амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қўшма қарори асосида Молия вазирлиги томонидан амалга оширилар эди. Шунингдек, солиқ маслаҳатчисининг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини ўтказишни ҳам Молия вазирлигидан “Солиқ маслаҳатчилари Палатаси”га ўтказилиши соҳадаги қулай ва тушунарли тизимга айланди. Қарорда солиқ маслаҳатчиларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бунда давлат солиқ хизмати органларида иш стажига эга бўлган ёки аудитор сертификатига эга бўлган талабгорлар учун оптималлаштирилган ўқув дастурларини белгиланиши келгусида солиқ маслаҳати соҳада сертификатли мутахассисларнинг кўпайишига имкониятлар яратади. Қарор билан жорий этиладиган ва ўзгартириладиган яна бир жиҳат борки, бу йиллик айланмаси охирги уч йил мобайнида 1 миллиард сўмдан ошмайдиган солиқ тўловчилар ихтиёрий тугатилганда рўйхатга киритилган солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг солиқлари бўйича хулосаларини солиқ органлари томонидан тан олинишининг жорий этилиши бўлди.
Ҳозирги пайтда ўз фаолиятини ихтиёрий тугатган тадбиркорлик субъектларида якуний текширишлар ўтказиш ва хулосалар киритиш давлат солиқ хизмати ходимларидан анча кўп вақтни талаб қиларди. Мазкур фаолият билан солиқ маслаҳатчиси ташкилотларининг шуғулланиши ва уларнинг якуний текшириш хулосаларининг солиқ органлари томонидан тан олиниши солиқ маслаҳати ташкилотининг масъулиятини оширади. Амалдаги солиқ қонунчилигимизда деярли барча солиқларни (жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқларидан ташқари) солиқ тўловчилар томонидан ҳисоблаб чиқарилиши ва тўланиши назарда тутилган. Лекин халқимизда “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин” деган ибора бор. Бу бежиз айтилмаган. Сабаби, барча тадбиркорлар ҳам алоҳида ҳисобчи олиб, ҳисоб-китобини юритиб солиқ тўлай олмайди. Мана шундай пайтда солиқ маслаҳатчиларининг хизмати ўртага чиқади. Бу улар учун катта харажат бўлиши мумкин. Лекин малакали солиқ маслаҳатчиси билан шартнома тузиб ишлаган тадбиркорга бу жуда ҳам қулай хизмат тури ҳисобланади. Фақат бизда тадбиркорларимиз буни тўғри тўлиқ тушунмаётганликлари ва натижада солиқ, харажатлар билан боғлиқ турли муаммолар келиб чиқиши кўзга ташланади.
Келинг бир мисолда буни кўрайлик. Масалан, ўртаҳол кичик бизнес субъекти айтайлик йилига бир миллиардга яқин пул айланмасини қилади. Лекин унинг фирмасида ҳисобчи йўқ ва солиқ маслаҳати ташкилоти билан даромаднинг 5 фоиз улушини ўтказиш бўйича шартнома тузди.
Демак, кичик корхонанинг барча ҳисоботларини тузиш, юритиш, ходимларга иш ҳақи ҳисоблаш, солиқларни тўлаш мажбуриятини солиқ маслаҳати ташкилоти ўз зиммасига олди ва солиқ соҳасида бирор муаммо бўлса масъулият ҳам унинг зиммасига юкланди. Бунинг учун унга йилига 50 миллион сўм хизмат ҳақи тўланади. Солиқ тўловчи учун бу гўёки жуда кўп кўринади. Лекин бир миллард пул айланмасини қиладиган корхонада камида иккита ҳисобчи иш юритиши ва уларга энг ками тахминан 2,5 миллион сўмдан иш ҳақи тўлаганда ҳам 60 миллион сўм иш ҳақи тўланиши лозим бўлади ва яна 7,2 миллион сўм ижтимоий солиқ тўланади. Боз устига, солиқлар бўйича бирор муаммо чиқиб қолса, жавобгарлик яна корхона зиммасида бўлади. Хўш, айтинг-чи, қайси бир хизмат солиқ тўловчи учун қулай. Албатта, солиқ маслаҳатчиси билан ишлаш олдинга чиқади. Лекин минг афсуски, бизнинг солиқ тўловчиларимиз бу хизматнинг маъносини чуқур тушунишмайди. Ёки тушунишса ҳам ўз сирлари ошкор бўлишидан қўрқиб (яширин иқтисод сабаб) солиқ хизматларини рад этишади. Ишончим комилки, яқин йиллар оралиғида бизда ҳам солиқ маслаҳати хизмати ривожланиб кетади. Сабаби, бу хизматга эҳтиёжимиз катта. Фақат хизмат фаолиятини эркинлаштириш лозим. Ҳозирда мавжуд турли ортиқча талаблар, тўсиқлар, хизматдан кўра оворагарчиликнинг ортиши ривожланишга тўсиқ бўлади. Мана шу талаблар жорий этилса солиқ тўловчининг ўзи “яхши солиқ маслаҳатчиси”ни танлаб олади.
Содиқ БОЙМУРОДОВ,
Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги
Малака ошириш маркази катта ўқитувчиси.