Кимлар «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирланади?

Кимлар «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирланади?

Вазирлар Маҳкамасининг «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони тўғрисидаги Низомга кўра, кўкрак нишони билан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги хизмати, инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишдаги фаоллиги, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, ёшлар ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш анъаналарини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни ривожлантириш ва бошқаришдаги салмоқли ютуқлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги самарали илмий фаолияти, аҳолининг имконияти чекланган гуруҳлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида ўрнак бўлаётгани учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролар тақдирланади.

Кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар ҳам тақдирланиши мумкин.

Фуқаролик жамияти институтлари, давлат органлари ва ташкилотлар ҳамда фуқаролар ҳар йили 1 сентябрга қадар кўкрак нишони билан тақдирлаш юзасидан таклифларни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига тақдим этади.

Номзод бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзод ҳақида маълумотнома, сўнгги уч йил давомида у томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширган ишлари тақдим этилади. Тўлиқ тақдим қилинмаган ҳужжатлар кўриб чиқилмайди.

Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш юзасидан Марказ директори томонидан комиссия ташкил этилади.

Комиссия таркибига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва мутахассислар, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари киритилади.

Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, 10 ноябрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний қарор қабул қилинади.

Комиссия томонидан номзодларни кўкрак нишони билан тақдирлашда қуйидагилар инобатга олинади:

  • номзоднинг инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолияти;
  • инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишдаги фаоллиги, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, ёшлар ўртасида тарғибот ишлари, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим-тарбия жараёнидаги ютуқлари;
  • инсон ҳуқуқлари мавзусида оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари сони, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини тарғиб қилишга қаратилган босма ва видео материаллар, турли инновацион услубларни ишлаб чиққанлиги;
  • инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий тадқиқотларни амалга оширишдаги ютуқлари;
  • инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида раҳбарлик фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришганлиги.

Кўкрак нишони билан тақдирлаш, истисно тариқасида, Марказ директорининг буйруғига асосан алоҳида ҳолатларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Марказ директорининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи 1 декабрга қадар Комиссия хулосаси асосида чиқарилади.

Кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси ҳар йили 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида Марказ директори (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.

Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати Марказнинг Интернет тармоғидаги расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти берилади.

Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта тақдирланади. 

«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони кўкракнинг чап томонига давлат мукофотларидан кейин тақилади.