"Кино санъати" журнали нима учун ёпилди?

"Кино санъати" журнали ёпилганини эълон қилди. Афтидан, журнал тарғиботга муносиб ҳисса қўшмаяпти, деб баҳоланган.

Бир томондан тўғри, тарғиботнинг бундан ҳам қулай, ҳаммага маълум осон йўли бор: блогерлар, журналистлар, танқидчилар, ижтимоий тармоқлардаги айрим "фикр бошқарувчилар"ни йиғиб, "ёрдам сўралади", кинолар учун мақолалар буюртма қилинади, фикрлар ОАВда айлантирилади. Яхши ҳақ тайинланади, масала янаям тезроқ ҳал бўлади.

Аслида, бундай ечим (пиар кампаниялар) бугунги кун учун айб ҳам эмас, "яшаш учун кураш".
Лекин! Бу кинони ўртамиёна режиссёрга бериб, ўрта ё ундан паст савияда ишланган биргина фильмга сарфланадиган 4-5 миллиард маблағни хаспўшлаш учун уюштирилса, бундан ёмони йўқ.

Ундан кейин бундай тарғиботнинг "Ўзбеккино" учун фойдаси бордир, лекин ўзбек кино санъати ривожи учун бир чақалик фойдаси йўқ. Мана шундай тарғиботга хизмат қилмас эди журнал!

Айтишларича, журналнинг ёпилишига яна бир сабаб "халқ" ўқимаслиги экан. Бу профессионал кино танқиди халқнинг даражасига тушсин деганими? Қачонгача халқни енгил контентга: юзаки мулоҳазалар ва "юлдузлар"дан интервьюга ўч деб тасаввур қилинади?...

Журнал энди-энди ривожланаётган профессионал кино танқидчилигимиз учун трамплиндек гап эди. "Нега яхши кино танқидчиларимиз йўқ?" деган саволни беришга ҳаққимиз бўладими кейин? Уни ёпиш эмас, ОАК рўйхатидаги илмий журналлар қаторига қўшиб, янада устида ишлаш керак эди. Биринчидан, ихтисосликни ривожлантириш учун, иккинчидан ҳозир жўяли таҳлиллар, ўринли танқидлар керак миллий кино санъатимизга. Афтидан, бундай нарса "Ўзбеккино"га керак эмас...

Майли, ҳозир инглиз ёки руслардаги фақат кино санъатига ихтисослашган қатор нашрлар ва улар бажараётган вазифалар ҳақида узундан-узун ёзмайман. Қисқа хулоса: Агар кино санъат даражасига кўтарилиши мақсад қилинган экан, даставвал унда унинг ҳар бир жараёни, субъекти, элементи, деталини ҳеч бўлмаса тушуна оладиган, таҳлил қила оладиган "дидли, савияли аудитория"ни шакллантириш керак. Чунки шундай аудиториянинг ўзи ҳам кино яратувчилари учун яхшигина тарбиячи, йўл кўрсатувчи бўлади.

Аудиториянинг диди кўпинча ўзи кўриб юрган кинолар атрофида айланади. Ёки ижтимоий тармоқни кузатадиган одам биладики, яна "дид" 4-5 та таъсир доирасига эга одамнинг дидидан ҳам келиб чиқиши мумкин. Кўр-кўрона фикрни маъқуллаб, ё у фикрга, ё бу фикрга қўшиладиган, лекин кўриб ўзи хулоса қилолмайдиганлар, ёки кино ҳақида "менга ёқди", "менга ёқмади"дан бошқа нарса айтолмайдиганлар аанчани ташкил қилади. Улар учун ҳам керак эди аввало бундай нашр...

Шундай савияли журналнинг ёпилиши бир соҳада ортга катта қадам. Эсссииз!!


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.