Класс ва кечикиш

Класс ва кечикиш

“Америка уч юз йилда шу мақомга етган бўлса, Ўзбекистонимизни ўттиз йилда шу даражага етказган Ислом Каримов бобомизнинг руҳлари шод бўлсин. Ислом бобомизнинг ҳақиқий издошлари Шавкат Мирзиёевнинг умрлари узоқ бўлсин”, деган постга класс қўйган онимдаёқ электр лип этиб ўчди. Электр ва телефон антеннаси бирга йўқолади. Демак, класс босилди ёки босилмади.

Беш дақиқа ўтиб ёнимдаги ўғлим ғингшиди:

- Дада, совқотдим

- Ҳозир иситамиз-да, тойчоғим!

Дарров печкага тезак, баклажка, тут томири, маккасўта, ёнғоқ пўчоғи, картонқоғоз, кир латта ва улардан тушган супуриндини қалаб устидан кўмир босвордим. Хаёлим интернетда. Кўмирдан қорайган қўлда телефон тутиб бўлмайди. Эшикдан чақиришди.

- Маҳалла йиғиляпти. Свет-газ, боғча, медпункт, йўл қуриш, обод маҳалла масаласи кўрилади.

- Мингинчи мартами? Ҳозир чиқаман.

Югуриб анҳордан сув келтириб, ювингач, мажлисга чиқдим. Колхоз зали бузиб ташлагани учун мактабга тиқилдик. Катта хона ташқаридан ҳам совуқлиги учун интернетга киришга қўлим қовушмай қайтдим. Афсус. Ия, укам қайтибди.

- Рейд кўпайиб кетди. Буёғи байрам, прописка чатоқ. Объектни тугатмай қайтдим.

- Яхши қилибсан, ука. Ғиштингни шу ердаям кун илиса қуяверасан. Молингни боқ.

Интернет ишламаса, саҳифа ёниқ туради, аммо класс қўйсанг, бир ондаёқ асл ҳолига қайтиб қолаверади. Менда ҳам шундай бўлдимикан? Яна эшикдан чақирди.

- Қўл қўйинг. Томорқани экмасангиз, жаримадан огоҳлантирамиз.

- Хўп, хўп-да. Қайси идорадансизлар?

Музлаб улгурмаган ерни чопиб қўйиш мумкин. Жаримадан яхши-ку. Интернет кутиб туради. Ташқаридаги тириллаган булдозерми? Уйим “снос”га тушдимикан? Дарҳол кўча деворимга “Бу уйда одам яшайди” ёзувини илдим.

Ниҳоят электр помидор каби ёнди. Телефон антеннаси липиллади. Кечиккан класс босилди. “Америка уч юз йилда шу мақомга етган бўлса, биз ўттиз йилда шу даражага етдик. Умрлари узоқ бўлсин”. Худога шукр. Эшикдан чақирманг. Менинг бошқа идорада ишим йўқ. Кеч бўлди. Ухланг. Ҳикоям тамом.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.