Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Кўчма савдогарлар учун талаблар соддалаштирилди
23.10.2022 10:14,  
94

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, эндиликда давлат органлари ва ташкилотларига, шу жумладан, ободонлаштириш ва йўл ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ҳамда вақтинча фойдаланилмаётган ер участкалари, шунингдек, туман (шаҳар) захирасидаги ер участкалари “K — SAVDO” тизими орқали “E-auksion” электрон савдо платформасида кўчма савдо объектини жойлаштириш учун тадбиркорларга электрон онлайн-аукцион орқали 3 йилгача (етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашда фойдаланиладиган енгил конструкцияли кўчма музлатгичлар учун кўпи билан 10 йилгача), шунингдек, мавсумий кафеларни ўрнатиш учун ижарага берилиши мумкин.

Кўчма савдо объектлари тоифасига100 квадрат метр майдондан кўп бўлмаган лотоклар, палаткалар, савдо аравалари, пештахталар, автодўконлар, автотиркамалар, автоцистерналар, фудтраклар, тонарлар, савдо автоматлари, мобил контейнерлар, енгил конструкциялар, шу каби ва шунга ўхшаш бошқа кўчма савдо объектлари кириши белгиланмоқда.

Шунингдек, илгари кўчма савдо объектларида фақатгина ўтириш жойлари ташкил этмасдан, доналаб сотиладиган таомларни сотиш мумкин бўлган бўлса, эндиликда кичик ошхоналар ташкил этишга рухсат берилди.

Маълумот учун, кичик ошхона — истеъмолчиларга осон тайёрланадиган таомлар ва закускалар, қайноқ ва салқин ичимликлар билан жадал хизмат кўрсатишни ташкил этувчи корхона. Сотиладиган маҳсулотлар турига кўра кичик ошхоналар қуйидагиларга ихтисослашган бўлиши мумкин: кабобхона, паловхона, сомсахона, сосискахона, чучварахона, чебурекхона, пирожкахона, блинчикхона ва шу кабилар. 

Шу билан бирга, кўчма савдо объектларида қуйидаги фаолиятга руҳсат берилмоқда:

•    етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини енгил конструкцияли кўчма музлатгичларда сақлаш ва сотиш;
•    енгил турдаги транспорт воситаларини (енгил автомобиль, велосипед, самокат, скутер ва бошқалар) ижарага бериш ва таъмирлаш хизматлари;
•    электромобилларни зарядлаш;
•    сартарошлик хизматлари;
•    косметолог хизматлари;
•    пойабзал таъмирлаш хизмати;
•    маиший техника воситаларини таъмирлаш хизмати;
•    калит ясаш хизмати.

Қуйидаги жойларда кўчма савдо объектларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди:

•    маъмурий биноларда;
•    жамоат транспорти бекатларида;
•    пиёдалар ўтиш жойларидан олдин 15 метрдан кам масофада.

Шунингдек, рўйхатдан ўтказилган кўчма савдо объектларини ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга фойдаланишга ёки ижарага беришга ўрнатилган тақиқ бекор қилинмоқда (фойдаланишга ёки ижарага бериш Давлат солиқ қўмитасининг махсус автоматлаштирилган ахборот тизимида амалга оширилади).

Умумий овқатланиш ташкилотига туташ ёки 5 метрдан ошмайдиган масофада жойлашган, бўш турган кўчма савдо жойи электрон онлайн-аукционсиз умумий овқатланиш ёки савдо соҳасида қўшимча хизмат кўрсатиш учун ижарага берилиши мумкин.

Ҳоким ёрдамчилари, жисмоний ва юридик шахслар кўчма савдо жойини “K — SAVDO” тизимига киритиш ҳуқуқига эга. Бунда ғолиб деб топилган жисмоний шахс 5 иш куни ичида тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиши шарт.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан