Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“Кўкаламзорлаштириш рекорди” қачон ўрнатилади?
14.10.2019 07:22,  
290

Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси Низомиддин Бакиров Сенатда сўзга чиқиб: “Тонналаб ош дамлаб рекорд ўрнатишга урингандан кўра, гектарлаб ерларни кўкаламзорлаштириш орқали рекорд ўрнатиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман”, дебди. Бир қарашда тўғри гапга ўхшайди: қачонгача дардимиз, ютуғимиз овқат бўлади?

Аммо ош рекордини хусусий тадбиркорлар, ошпазлар ўз ҳисобидан ўрнатгани, Ўрмон хўжалиги қўмитаси эса давлат тасарруфидаги ташкилот бўлгани вазиятни ўзгартиради: нега хусусий соҳадагилар пулни тўғри сарфлаб, рекорд ўрнатиб, номи чиқяпти-ю, давлат секторидаги ташкилотлар бюджетдан, халқнинг чўнтагидан миллиардлаб пул олса ҳам ўз ишини эплай олмай, нолиб ўтирибди?

Ўтган куни Нобел қўмитаси Тинчлик бўйича Нобел мукофоти Эфиопия бош вазири Абий Аҳмадга берилганини эълон қилди. Баъзи кузатувчилар бу хабарни “Ниҳоят, ўн йиллар деганда биринчи марта бу мукофот ҳақиқий эгасини топди. Чунки Абий Аҳмад Эфиопия ва Эритрея ўртасидаги кўп йиллик низоларга чек қўйганди”, дея қарши олди.

Абий Аҳмад икки давлат ўртасида тинчлик ўрнатгани билангина эмас, бир неча ой олдин биздаги Ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси қилиши керак бўлган ишни ўзи бажаргани билан номи чиққанди: 2019 йил 29 июл куни айнан бош вазир ташаббуси билан бутун Эфиопия бўйлаб 12 соат ичида 353 633 660 туп дарахт кўчати ўтқизилди. Умуман олганда эса шу йил май ойидан октябр ойигача Эфиопияда 4 миллиард туп дарахт ўтказилиши режалаштирилган ва бу фақат қоғозда қолиб кетмай, амалда бажариляпти ҳам.

Яъни, қуруқ ҳисоботлар, “мавжуд вазият учун чуқур қайғу ва таассуф билдириш” муаммонинг ечими эмас. Бугун аниқ режа ишлаб чиқиб, унга раҳбарларнинг шахсан ўзи бошчилик қилсагина нимадир ўзгаради. Масалан, мана шу Ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси “Ҳар бир раҳбарга 100 туп дарахт” ёки шунга ўхшаш жарангдор ташаббус билан чиқсин, аввало ўзи бирон жойга дарахт экиб мусобақани бошлаб берсин, буни ТВ каналлари ва ижтимоий тармоқларда тарқатсин. Кейин шахсан ҳукумат раҳбари, бош вазир Абдулла Ариповни бу тадбирга қўшилишга таклиф қилсин ва ҳоказо. Шунда “Ош дамлаб эмас, раҳбарларнинг дарахт экишдаги фаоллиги ва уларга қўл остидаги ходимлар, кейинроқ эса оддий халқ эргашиб ўрмонлар барпо этаётгани учун” Гиннеснинг рекордлар китобига кирармидик, балки? Бу кетишда эса Сенатнинг бир йилдан кейин бўладиган ялпи мажлисида ҳам айни шу гаплар айланаверади.

Ҳозирча борган сари кўпроқ дарахт кесилиб, шаҳар ва қишлоқларимиз саҳрога айланишда давом этяпти. Экмаганга яраша кесмай турсак бўлар эди-ю, афсуски, шуни ҳам эпламаяпмиз.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан