Колбаса маҳсулотлари истеъмол қилишнинг шаръий ҳукми

Колбаса маҳсулотлари истеъмол қилишнинг шаръий ҳукми

Колбаса, сосиска каби қайта ишлаб тайёрланадиган гўшт маҳсулотларининг ҳукми уларнинг аслининг ҳукми каби бўлади. Агар гўшти ҳаром ҳайвондан тайёрланган бўлса ёхуд асли ҳалол ҳайвон бўлса ҳам шаръий сўйилмаган бўлса ё бўлмаса, таркибида истеъмол қилиш шаръан ҳаром ҳисобланган моддалар топилса, уларни истеъмол қилиш шаръан ҳаром бўлади. Иллоки, очлик зарурати туфайли ўлим хавфи пайдо бўлсагина, мазкур хавф бартараф бўлгунча ейиш жоиз.

Агар мазкур маҳсулотлар юқоридаги каби маҳзуротлардан холи бўлиш билан бирга инсон соғлиғига кескин зарарли бўлган моддалар қўшилмаган бўлса, яроқлилик муддати чиқиб кетиб, еган одам заҳарланадиган даражага келиб қолмаган бўлса, уларни истеъмол қилишда бирон-бир шаръий маҳзурлик ва зарар йўқ.

Ҳолат юқоридагидек экан ортиқ, уларнинг келиб чиқиши ғарб ва номусулмонлар ўлкаларидан эканлиги ёхуд номининг ғалатилиги уларни ҳаром ёки макруҳ дейишга шунингдек, мазкур нарсаларни истеъмол қилувчиларни маломат қилишга шаръий асос бўлолмайди. Балки, бу қайсидир маънода чуқур кетиш ва ифрот ҳисобланади.

Инсон ҳаммани бир қолипга тиқолмайди. Барчани ўзи каби фикрлашга, нарсаларга ўзининг призмаси орқали назар солишга мажбур қила олмайди. Зеро, бизда ҳалол ва ҳаром масаласида аниқ-тиниқ шаръий мезонлар бор. Уларга тушганни ҳаром деймиз. Тушмаганни тақво юзасидан ҳар қанча ўзимиз сақлансакда аммо, ҳаром деб, ўзгаларни қайтаришга ҳаққимиз йўқ.

Чунки, бу иш олийжаноб, осон ва енгил бўлган, ҳараж ва машаққат кўтарилган динимизни одамларга қийинлаштириш бўлади.

Ўтган улуғларимиз ҳар қанча қўшимча ибодат, тақво ва вара билан ўзларига юклансаларда ўзгаларга бу нарсаларни юкламаганлар. Айлантириб келса, афзал ва мустаҳаб бўлиши мумкин бўлган мулоҳазаларни деб, мубоҳ ишни қилаётган инсонларга маломат тошларини ёғдирмаганлар.

Ёшлик вақтимда БАА да умримнинг бир қисмини ўтказганман. Ўшанда қўшниларим бошқа давлатдан бўлган айрим инсонлар эди. Улар намоз ўқишмас, ароқ ичишар ҳатто, қизлар билан роса таралла-бедод юришарди. Аммо, бир куни улар билан бирга яшайдиган Ўзбекистоннинг қайсидир вилоятидан бўлган бир инсон супермаркетдан ҳалол колбаса келтириб, уларнинг товаларида пишириб еганда уни ўлдириб қўяй дейишганди.

Ўша киши ошхонада мазкур нарсани қовураётганда тепасига келиб қолиб, ҳамма нарсани ҳаром қилдинг деб, бақир-чақир қилиб, товани ичидаги овқат-повқати билан ахлатга ташлаб, пичоқни ҳам ташлаб, кейин уларнинг бадалини тўлатишган эди унга.

Бундай сохта тақво, нотўғри, бузуқ мезон дин эмас ва бўлолмайди ҳам. Бу шунчаки, бир вақтлар колбасаларга чўчқа гўшти қўшиб тайёрланган даврлардаги ота-боболаримизнинг радди феълидан онгимизга сингиб қолган нарсалар, холос.

Кейин, номлар ҳақида. Бир постда хот-дог сўзининг маъносига урғу берилибди. Мазкур таомнинг келиб-чиқиши айнан ит гўштига бориб тақалган ҳам дейлик. Аслида, бу аниқ эмас. Аммо, ҳозирда ўша таом учун ишлатиладиган сосискалар ҳаром маҳсулотлардан холи бўлса, шунчаки, номдаги «ит» сўзи учун уларни дискредитация қилиш тўғри эмас.

Шакл эмас, мазмун муҳим дейдилар. Биз ҳам айтамиз, ном эмас моҳият муҳим деб. Асъҳоби киромнинг (саҳобаларнинг) қанчаларининг номи ғалати ҳайвонларнинг номи билан бир хил бўлган. Уларнинг ҳаммаси ҳам номини ўзгартирмаган.

Агар ҳар бир номга эътибор бериб, чуқур кетсак, эҳ-ҳе нималар ғалати туюлмайди.

Фаст-фуд маҳсулотларини уй шароитида узоқ вақт пишириладиган таом бўлмаганлиги учун парҳез юзасидан ва соғлом овқатланиш мақсадида емаслик бошқа нарса. Фаст-фуд ўз номи билан ҳам тез тайёрланадиган таом бўлганлиги туфайли инсон организмига маълум муддат давомида қовуриб, қайнатиб пишириладиган таомлар каби фойдали бўла олмайди. Доимий равишда истеъмол қилиш ортиқча вазн тўпланишига сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Лекин, бу ҳам мазкур таомларда ҳаром модда мавжудлиги аниқ бўлмагунча, ҳаром деб ҳукм қилишга сабаб бўла олмайди. Уйда тайёрланадиган ёғли овқатларни ҳам кўп истеъмол қилиш семиришга олиб келади, зотан.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.