Комендантлик соати қачон жорий этилади?

Комендантлик соати қачон жорий этилади?

Ҳатто СССР даврида ёпилмаган масжидларда бугун жума намози ўқилмаганининг ўзиёқ коронавирус таҳдидининг нақадар катталигини кўрсатмоқда. Ўзбекистон ҳукумати вирус тарқалишининг олдини олиш учун чегараларни тўсди, оммавий тадбирларни тўхтатди ва таълим даргоҳларини таътилга чиқарди. Интернет хизматлар аҳолини уйда ўтиришга чорлаш учун турли акциялар қилмоқда, телевидение эса онлайн дарслар ва қизиқарлироқ кўрсатувлар ёрдамида барчани қизиқтиришга уринмоқда. Мақсад битта: одамларни карантин қоидаларини сақлашга чақириш, кўчага чиқармаслик. Аммо...

Аммо, менинг назаримда, бу чоралар самара бермаяпти. Телевидение ва сайтлар коронавирус ҳақидаги хабарлар ва огоҳлантиришларга қанчалик тўлиб-тошмасин, туманлардаги аҳоли хавф кўламини етарлича ҳис этмади, деб ўйлайман. ҚФЙ марказларига ёпиштирилган COVIDдан сақланиш тўғрисидаги рангли буклетларни ўқиб кўрган одамнинг ўзи саноқли, амал қилаётганни эса ўзи йўқ. Агар катта шаҳарда яшамасангиз (яшасангиз ҳам), атрофингиздагиларнинг гигиена қоидаларига қанчалик риоя этишаётганига диққат қилинг. Бир марталик ниқобни бир кун ўнгини, эртасига тескарисини тақиб ишга чиқишмоқда. Ниқоб касалликдан сақланиш учун эмас, касаллик тарқатмаслик учун тақилиши ҳақида тушунча кўпчиликда йўқ. Чойхоналар авжида. Аёллару эркаклар “гап”у “гаштак”лардан танаффус қилгани йўқ. Кўпинча, антисанитария шароитида ишловчи тайёр ва тезпишар овқат сотувчиларининг қўлқопсиз қўли қўлига тегмайди. Тиқилинч бозорларда ниқоб таққан одамнинг ўзи кам.

Кеча ўз ҳудудимдагиларга коронавирус ҳақида огоҳлантириш бериб, хавф ҳақидаги тушунчалари билан қизиқдим. Келинг, жавобларни сизга ҳавола қилай.

  • - Қўйинг, бизга келмасин, мунақа нарсалар билан қўрқитманг.
  • - Қирқ йил қирғин бўлсаям ажали етган ўлади.
  • - Биз уйда ўтирсак, тирикчилик нима бўлади?
  • - Мусулмонларга юқмаяпти, дейишовди-ку.
  • - Коронавирус ҳеч гапмас, таҳоратда юрсанг бас.

Афсуски, коронавирус туфайли Хитой бир ой олдин улкан шаҳарни ёпгани, Қозоғистон пойтахтига ҳеч кимни киритмаётгани, Европадаги етакчиларидан бири фуқароларга яқинларидан ажралишга тайёр туришни айтгани, катта шаҳарларда метроларгача тўхтатилгани, кремация қилиб улгурмаётганлигидан ўликхоналарда жасадлар тўлиб кетгани, АҚШ штатлари аҳолисини тўла карантинга олиб уйига михлаб қўйгани, мусулмон давлатлар касалланган мурдани пластик қопга солиб дафн этаётганидан кўпчилик бехабар. Инсон табиати шундайки, юз чақирим нарида юзта бегонанинг ҳалок бўлганидан кўра этагига тўкилган чойдан кўпроқ ташвишга тушади. Тиббий хизматимизнинг бу ҳолатида коронавирус билан курашиш ҳақида ўйласанг, юрагинг орқангга тортади.

Хитойдаги “вирус ўчоқлари”дан бирида яшаб тадқиқот олиб бораётган ҳамюртимиз, ёш олим, биолог Бахтиёр Шералиев hujayra.uz блогида коронавирусга оид фикрларини мунтазам ёзиб келмоқда. Унинг ёзишича, COVID-19 вирусининг юқиш кўрсаткичи 4га тенг бўлиб, бу вирус юқтирган одам унда вирус аниқлангунча 4тагача одамга юқтириши мумкин, деганидир. Кўрсаткичлардан хулоса қилинса, бизда вирусни юқтирганлар юзга яқинлашди (балки ундан ошди). Уларни тезроқ аниқлаб изоляция қиланмаса, ҳар бири яна минимум ҳолатда 4тадан одамга юқтиришга улгуради, деб ёзади у.

Энди аҳолининг бари тирикчилик ташвиши билан кўчада, бозорларга одам сиғмайдиган ҳолатда вирус тарқалишини тасаввур қилиб кўринг. Эпидемия тарқалмаслиги учун, аҳоли кўчишини дарҳол тўхтатиш керак эмасми? Бу борада кўчага чиқмасликка тавсиялар юмшоқ қилиб айтганда иш бераётгани йўқ. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ҳам кеча гапирди. Фикримча, аҳолининг кўчага чиқишини зудлик билан чеклаш, дорихона ва озиқ-овқатдан бошқа савдо расталарини тўхтатиш, тўйларга вақтинча чек қўйиш керак. Шу билан бирга аҳолининг кам таъминланган қатламига узлуксиз ёрдамлар ташкиллаштириш лозим, чунки кунлигини кунда топадиганлар учун комендантлик соати (аҳолининг маълум вақт оралиғида кўчага чиқишини батамом чеклаш) оғирлик қилади. Аммо тез тиббий ёрдам шифохонасининг йўлагида нафас етмай ўлим билан олишиб ётгандан кўра, уйда нон кавшаб бўлса-да, соғ ўтирган афзалроқ эмасми? Қайтараман: фақат ва фақат аҳоли орасидаги контактларни минималлаштириб вирус тарқалишини тўхтатиш, юқорига ўрлаётган чизиқни “текислаш” мумкин.

Бугун бир нечта киши билан саломлашдик, бир қанча буюмни ушладик. Вирусни ўзимизга ва бошқаларга юқтирганимизни билмаймиз. У эса соат сайин тарқалмоқда.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.