Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Кўр-кўрона қарз олиш: Марказий Осиё давлатлари Хитойнинг ношаффоф қарз бериш шартларига нега кўнмоқда?
31.10.2019 12:38,  
1755

Қирғизистон ва Тожикистон каби ривожланаётган давлатлар ҳукуматлари Хитойдан аввалгидан ҳам кўпроқ, ўзлари кутгандан ҳам ортиқ қарздор бўлиб қоляпти. Хитой берадиган қарзларнинг деярли ярми расмий Пекиннинг ношаффоф ҳисоб-китоб тизимлари туфайли жамоатчиликдан махфий тутиб келинади. Дунё миқёсида олганда 2006-2016 йиллар оралиғида мана шундай “соядаги” маблағлар 200 миллиард АҚШ доллари атрофида бўлган.

Бу маълумотлар Массачусетс штати, Кембриж шаҳрида жойлашган Иқтисодий Тадқиқотлар Миллий Бюроси (National Bureau of Economic Research) томонидан нашр қилинган “Хитойнинг чет давлатларга берган қарзлари” номли тадқиқотда келтирилган. Тадқиқот муаллифлари Мюнхен Унверситетидан Себастян Ҳорн, Ҳарвард Университети қошидаги Кеннеди мактабидан Кармен Рейнҳарт ва Кёлн Жаҳон Иқтисодиёти Институтидан Кристоф Требесклардир.

“Хитойнинг чет давлатларга берадиган қарзлари ҳақидаги маълумотлар оддий айтганда ноаниқ. Хитой ўзи расман берадиган қарзларнинг миқдорини очиқ айтмайди, бу бўйича стандарт ҳисоботлар йўқ. Хитойнинг хорижий давлатларга берадиган қарзларини ҳужжатлаштириш имконсиз”, дейди тадқиқот муаллифлари.

Бу қандай содир бўлади?

Хитой берадиган деярли барча қарзлар давлат назоратидаган банкларга тегишли бўлади. Масалан, Хитой Экспорт-Импорт Банки Қирғизистондаги бирон лойиҳани, мисол учун йўл қурилишини молиялаштирса, у одатда бевосита ўша йўлни қураётган хитойлик пудратчига пул тўлайди. Чунки бу ҳолатда хорижга пул чиқарилмайди, дунё бўйича марказий банклар уюшмаси бўлган Халқаро Ҳисоботлар Банки (Bank of International Settlements, BIS) томонидан бирон амалиёт қайд қилинмайди. Хитой хорижий давлатларга бериладиган қарзлар ҳақида BIS’га ҳисобот беришни 2015 йилдагина бошлади ва шунда ҳам икки томонлама пул ўтказмаларини батафсил кўрсатишдан бош тортди. Хусусий молиявий институтлар ҳам ривожланаётган давлатларда Хитой харажатларининг аксариятини ташкил этадиган давлат грантлари ва кредитларини кузатмайди.

“Натижада қарздор давлатларнинг ўзи ҳам Хитойдан қанча қарз олганлиги ва қандай шартлар асосида тўлаш кераклиги ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмас”, дейилади ҳисоботда.

Маълумотлардаги бўшлиқни тўлдиришга уринган Ҳорн ва унинг ҳамкасблари ривожланаётган 152 мамлакатга берилган Хитойнинг 1 974 та кредити ва 2 947 та давлат гранти асосида рўйхат тузиш учун академиялар ва илмий марказларга тегишли маълумотларни ўрганиб чиқди. Хитой Халқаро Валюта Фонди ва Жаҳон Банкига берган ҳисоботлар, шунингдек, 2015 йилдан бошлаб BIS’га берган ҳисоботлар билан биргаликда ушбу маълумотлар ҳам текширилиб, солиштириб чиқилганда у хорижий мамлакатларга берадиган қарзларнинг 50%и ўша давлатларга норасмий равишда кираётганлиги аниқланди.

Бу каби ноаниқлик, шаффофлик йўқлиги янада катта ва кенг миқёсдаги хатарларни келтириб чиқаради.

Қарздор давлат бундай ҳолатда қарз берган давлатга уни қандай тўлашни режалаштиролмай қийналади. Янада кутилмаган ҳолат Хитой кўпинча қарзни тижорий баҳоларда беради – валюталар курси ўзгаришига қараб қарз миқдори ўзгариб туради. 2000-2017 йиллар оралиғида Хитой кредитларининг ярми шундай кўринишда, 85% и эса долларда берилган. Валютаси шундай ҳам заиф бўлган давлатлар, масалан, Ўрта Осиёдаги камбағал мамлакатлар долларга боғланган қарзни тўлаш учун курашишига тўғри келади. Айни шу туфайли ўтган даврда Тожик сомонийси ўз қувватининг 76%ини, Қирғиз сўми эса 32%ини йўқотди.

Ўрта Осиё давлатлари Хитойдан қанча қарз – кўк устун мамлакатнинг Хитойдан неча миллиард доллар қарздорлигини, оч кулранг устун эса бу қарздорлик мамлакат ЯИМнинг неча фоизини ташкил этишини билдиради. Манба: Eurasianet

Бошқа сармоядорлар учун бундай ноаниқлик ҳар қандай суверен облигацияларни сотиб олишда қизил чизиқ борлигини билдиради: бундай облигациялар охир-оқибатда тўлов қувватига эга бўладими, йўқми, номаълум қолади. “Хорижий давлатлардан олинган бу каби яширин қарзлар мамлакатга таҳдид солувчи омилларни таҳлил қилиш ва у чиқарган облигациялар нархини белгилашда жиддий муаммолар туғдиради”, дейди муаллифлар. Чунки давлат облигацияларини сотиб олувчилар мамлакат иқтисоди дефолт бўлган – тўлиқ касодга учраб, қарзларини бутунлай тўлай олмайдиган тақдирда уларнинг пуллари қачон қайтарилишини билиши керак.

Хитой кредитлари кўпинча аниқ товарлар билан ҳимояланади. Масалан, Туркманистонга берилган қарз эвазига уни ўз вақтида тўлай олмаса, газ етказиб бериши; ёки Тожикистон олган қарзи эвазига кумуш ёки олтин конларини Хитойга топшириши каби ношаффоф шартномалар тузилади.

Ҳорн ва унинг ҳаммуаллифлари таъкидлашича, “Хитой бундай улкан қарзларни улардан молиявий фойда олиш учун эмас, келажакда арзон маҳсулот ва геосиёсий обрўга эга бўлиш учун беради. Баъзилар расмий Пекиннинг “Бир камар – бир йўл” лойиҳасини Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Европани тиклаш учун йўлга қўйилган Маршал режасига қиёслайди. Аммо бу узоқ вақтдан кейин таъсир қилувчи ўйин. Айни пайтда, бундан ҳам ташвишли ўхшашликлар бор: 1970 йилларда Ғарбнинг мувофиқлаштирилмаган қарзлари глобал миқёсдаги таҳликали қарз инқирозлари ва давлатларнинг касодга учрашига олиб келган эди. Бугунги кунда ривожланаётган давлатлардаги қарздорлик даражаси уларнинг 1981 йилдаги ҳолатига яқин келиб қолган. Ўшанда “Учинчи Жаҳон қарз инқирози” бўлган эди. Ҳозир ҳам Хитой бу давлатларга берадиган яширин қарзларни мавжуд очиқ қарзларга қўшсак, қисман шу вазият юзага чиқади”.

Ҳисобот муаллифлари Хитойдан энг кўп қарз олган давлатлар рўйхатини ҳам келтиришган. Бу рўйхатда Қирғизистон дунё миқёсида 5-ўринда турибди. Тожикистонга 20, Туркманистонга 23 ва Ўзбекистонга 40-ўрин берилган. Ушбу маълумотларга кўра Қирғизистоннинг фақат Хитой олдидаги қарзи мамлакат ЯИМ (ялпи ички маҳсулоти) ҳажмининг 30%идан ошиб кетган ва бу рақам ўсиб бормоқда.

“Хитойнинг бундай фаол қарз бериш сиёсати мамлакатнинг иқтисодий ўсиши секинлашиши билан тўхтаса керак”, дейди муаллифлар.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан