Корея Ўзбекистонга COVID-19 га қарши курашиш учун $5 млн. ажратди

Корея Ўзбекистонга COVID-19 га қарши курашиш учун $5 млн. ажратди

29 июнь, душанба куни Жанубий Корея ҳукумати Ўзбекистонда COVID-19 га қарши курашиш учун 5 миллион АҚШ доллари миқдорида фавқулодда ёрдам кўрсатишга қарор қилди. Бу ҳақда Дунё АА хабар бермоқда.

Ушбу кўмак доирасида COVID-19 тарқалишига қарши кураш, шу жумладан тиббий муассасаларни асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, кадрлар малакасини ошириш, хусусан, тиббиёт соҳаси мутахассисларининг замонавий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, COVID-19 ҳақида маълумот берадиган мобиль иловаларни ишлаб чиқиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини зарур шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш каби турли хил тадбирлар амалга оширилади.

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг дастлабки босқичида мамлакатимизга Корея Республикаси ҳам ёрдам кўрсатганди, хусусан, профессор Цой Чжэ Ук ва Юн Синг Жу каби малакали тиббиёт ходимлари мамлакатимизга маслаҳатчи сифатида келиб, эпидемияга қарши курашда маҳаллий мутахассисларга ёрдам берди.

Апрель ойининг якунида эса мамлакатимизга умумий қиймати 250 минг АҚШ долларига тенг бўлган диагностика тўпламлари тақдим этилди. Июль ойида 300 минг доллардан ортиқ қийматга эга 35 миллион дона тиббий ниқоб (KF 80/94) юборилиши режалаштирилган.