Корона Американи қандай фош қилди?

Корона Американи қандай фош қилди?

Дунёнинг молиявий юраги бўлмиш Ню-Йорк шаҳри ўз тарихидаги энг қора кунларни ўтказмоқда. Ҳеч қачон ухламайдиган гавжум шаҳарда энди кундузи ҳам кўчалар бўм-бўш. Ҳатто бу шаҳарнинг рамзи бўлган сариқ таксилар ҳам онда сонда кўринади холос. Йирик ширкатлар эълонларини  реклама қилувчи неон чироқли таблоларга бурканган ўша машҳур Таймз майдони ҳувиллаб қолган. Гўё бутун шаҳар аҳолиси қора ўлатдан қочиб қаёқларгадир бош олиб кетгандек туюлади.

Аммо Ню-Йорк  шифохоналари ҳар доимгидан гавжум. Коронага чалинган беморлар оқими тўхтамайди. Ўликлар кўплигидан жасадларни вақтинча сақлаш учун музлатгичли узун  юк машиналари чақирилган. 

Ҳар куни Ню-Йорк штатининг губернатори Андрю Куомо матбуот анжумани ўтказади. Аҳвол кундан кунга ёмонлашаётгани аммо  янада авж олаётган инқирозга  штат ҳали тайёр эмаслигини куюниб гапиради. Федерал ҳукумат ёрдам беришга шошилмаётганидан қони қайнайди. Оқ Уйнинг лоқайдлигидан ёзғиради.

Коронавируси кундан кунга  дунё бўйлаб мислсиз ўзгаришлар ясамоқда. Бу яширин душман жаҳоннинг  ўндан тўққиз самолётларини ерга қўндириб фуқаро авиацияси соҳасини буткул инқироз ёқасига олиб келди. Дунёнинг энг йирик ва гавжум шаҳарлари ҳувиллаб қолди. Миллионлаб ишчилар тирикчилигидан маҳрум бўлмоқда.

Бундай шафқатсиз бўҳрон энг қудратли давлатларни ҳам довдиратиб қўймоқда. АҚШ тарихида 9/11 фожеаси халқни чуқур саросимага солган бўлса, Корона инқирози ундан бир неча ўн баробар қаттиқроқ зарба бермоқда. 

Дунё тасаввурида ниҳоятда бой, ўта ривожланган , энг қудратли ва энг уддабурон давлат ўлароқ гавдаланадиган Америка  тизимидаги жиддий заифликлар ва хусусан президент Трамп бундай қалтис маҳалда лидерликка лойиқ эмаслиги аён бўлмоқда.

АҚШ Марказий Жосуслик Бошқармаси ва Давлат Департаменти 2020 йил январ бошидаёқ  президент Трампни Хитойдаги вирус хавфидан  огоҳлантирганига қарамасдан  президент бу муаммога  ўта беғам ва лоқайд муносабатда бўлди. Ҳаммаси назорат остида, бу Хитой вируси, биз ҳар қандай хавфга тайёрмиз ва ҳоказо гаплар билан халқни овутишга ва чалғитишга уринди.  Тегишли ташкилотлар ва экспертларга қулоқ солмади ва натижада бир ойдан кўпроқ вақт ютқазди.

Ҳар куни Оқ Уйда ўтказадиган матбуот анжуманида Трамп  гапни ўзини мақташдан бошлайди. Хавфнинг жиддийлигидан огоҳантираётган медияни " сохта янгиликлар" деб ҳақорат қилади. Қалтисроқ савол  берган журналистларни итдек қопиб беради. Вирус чиққан давлатларга боришдан огоҳлантирган Давлат Департаментини " давлат ичидаги яширин давлат" деб камситади. Гўёки уни қайта сайланишига қарши бўлган кучлар бор эмиш у ерда. Қанчалар ўзига бино қўйгани, саёзлиги , калтафаҳмлигини кузатиб Америка халқига ачиниб кетади одам. Трамп ўзини ўзи мақтагани етмагандек вице президент Майк Пенс  оёғи ердан узилган раҳбарига мадҳу сано ёғдиради. Буни кўриб Пёнгянгдами ёки Вашингтондами бу аҳвол деб қолади одам.

Коронага қарши курашни бошқариш  ва мувофиқлаштириш  учун Оқ Уйда  ишчи гуруҳ тузилган. Бу гуруҳда Америкадаги энг кучли вирусолог эпидомолог Антони Фаучи Худо берган мутахассис бўлди. Трампнинг ёлғон ва ярим ҳақиқатларини илмий фактлар билан тўғрилаб турибди. Унинг айтишича  коронадан ўладиганлар сони  АҚШда юз мингдан икки юзмингача бўлиши мумкин. 
Трампга қолса ҳамма нарса доимгидек ўз маромида кетаверар эди. Шу доктор Фаучи каби мутахассисларнинг қатъий талаби билан Трамп истар-истамас карантин чораларини жорий қилишга мажбур бўлмоқда. Барибир нисбатан олганда кўрилаётган чоралар анча енгил. Штатлар ўз ихтиёрига топширилган. Федерал миқёсда қарор чиқарилгани йўқ. 

Ҳозир АҚШ вирус тарқалиши бўйича энг олдинги ўринга чиқиб олди. Ўз  вақтида шошилинч чоралар кўрилмагани, касалликни аниқлаш зудлик билан йўлга қўйилмагани, карантин жорий этилмагани ва тиббиёт ходимлари ҳимоя воситалари билан таъмиланмагани вирус тез тарқаб кетишига олиб келди дейди мутахассислар. Албатта буларнинг барига асосан Трамп маъмурияти айбдор. Иқтисодни соғлиқдан устун қўювчи хато сиёсати шу оқибатга олиб келди. 

Дунёнинг энг бой давлати инқирозга тайёр эмаслиги шармандаларча фош бўлмоқда. Америкада йигирма олти миллион аҳоли  тиббий суғуртага  эгамас бу дегани улар даволанишга ҳаққи йўқ. 

Ҳар қандай инқироз одамларни ва давлатларни фош этади. Шу сабабли кучли ва заиф томонлари ошкор бўлади. Корона инқирози ҳам  Америка давлати , халқи ва жамиятидаги иллатларни  аёвсиз очиб ташламоқда.  Бир жиҳатдан доктор ва ҳамширалардаги фидойилик , жасорат каби хислатларга  , одамлардаги  хайр- саховат ва ўзаро ёрдам фазилатларига ҳавас қиламиз. Бошқа тарафдан қурол яроқ дўконларидаги узун навбатни кўриб ачинамиз. Худди катта уруш бошланадигандек васвасага тушиб қурол-аслаҳа жамғаришларини тушуниб бўлмайди. Радикал насронийлар ва ашаддий республикачилар вируснинг жиддий хатар эканига ҳамон ишонишмайди. Либерал медия ўйлаб топган қандайдир фитна деб қарамоқда.

Ҳамма катта воқеалардан кейин Америка қайсидир даражада ўзгарган. Масалан 1929 йилги инқироз сабабли давлат Янги Битим лойиҳасини бошлаган. Шу лойиҳа бўйича  инфратузилма учун миллиардлаб доллар сарфланган , миллионлаб одамлар  иш билан таъминланган. Шу орқали иқтисод оёққа туриб олган. Ёки 2008 йилги молиявий инқирозда давлат  саккиз юз миллиард доллар тикиб қулаётган банкларни қутқариши радикал республикачиларни ғазабга келтирган ва натижада Чой Партияси вужудга келган эди. Трамп ана шу рекциянинг маҳсули дейиш мумкин. Аммо ўз тарафдорларининг  ғояларига зид ҳолда икки триллионлик ёрдам лойиҳасини амалга оширишга мажбур бўлди. Бундан бошқа чораси йўқ.

Бу сафар ҳам қандайдир ўзгариш бўлиши табиий. Зора шу корона инқирозидан тўғри хулоса чиқариб АҚШ ташқи сиёсатидаги ортиқча куч ишлатишни бас қилса,  урушларга сарфланган триллионларни ўз халқини универсал  тиббий хизмат билан таъминлашга, қашшоқликни камайтиришга сарфласа, ўзи келтириб чиқарган қочқинларни кўпроқ қабул қилса ,  дунёга яхшилик ва умид бериш орқали ўрнак бўлса деб қоламиз. Лекин нима бўлишини вақт кўрсатади.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.