Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Коронавирус авиакомпанияларни хароб қилмоқда: кўпчилиги молиявий ёрдамсиз ёзгача ҳам етиб бора олмайди
17.03.2020 15:29,  
812

Авиация соҳасида секин-аста кўзга кўринмас инқироз етилиб келяпти, соҳа вакиллари коронавирус пандемияси туфайли юзага келган вазиятда авиакомпаниялар ҳукуматларнинг ёрдами ва солиқ тўловчиларнинг пулларисиз яшаб қолишига ишонмайди. 

Дастлаб Осиё, унинг ортидан эса Европа ва Америка ҳам эпидемияни тўхтатиш умидида ҳаво дарвозаларини ёпишни бошлади. Аксар авиайўналишлар парвозлар сонини энг қуйи даражагача қисқартиришга мажбур бўлди. Самолётлар ерда турибди, чипталар сотилмаяпти. Аммо ойликлар ва қарзларни барибир тўлашга тўғри келади. 

Бундай ҳолатда авиация узоқ туриб бера олмайди – соҳа мутахассислари ва авиакомпаниялар раҳбарлари ҳали ёз келмай туриб инқирозга учрайдиган илк компаниялар пайдо бўлишидан огоҳлантиряпти. Душанба куни дунёдаги ҳаво флотининг ярмини ўзида бирлаштирган учта авиация иттифоқи қўшма баёнот чиқариб, ҳукуматлар ва аэропортлардан ўзларини қўллаб-қувватлашни сўради. 

“Бу истисноли давр ғайриоддий чораларни тақозо қилади. Коронавирус тарқалиши билан юзага келган кутилмаган вазият авиация соҳаси учун ўлим таҳдидига айланди”, дейилади Oneworld, SkyTeam ва Star Alliance иттифоқларининг раҳбарлари ёзган хатда

Баъзиларнинг фикрича, дунёда парвозларнинг ҳозиргидек чекланиши (янгилаб бориладиган тўлиқ рўйхат) агар икки-уч ойдан ортиқ давом этсагина жиддий зарар келтириши мумкин. Аммо бошқа таҳлилчилар анча ваҳимада.

“Май ойининг охирига бориб дунёдаги авиакомпанияларнинг катта қисми иқтисодий бўҳронга учрайди. Агар йирик ҳалокатдан қутулиб қолишни истасак, унда ҳукуматлар ва соҳа вакиллари ўзаро келишиб ва кечиктирмасдан ҳаракат қилиши керак”, деб ёзди авиация соҳасига доир Centre for Aviation (CAPA) портали. 

Қандай ёрдам бериш мумкин?

АҚШ, Франция, Германия, Буюк Британия, Норвегия, Нидерландия, Бразилия ва Россия ҳукуматлари аллақачон миллий авиакомпанияларга ёрдам ваъда қилди, лекин ҳали бу ёрдам қандай кўринишда бўлиши аниқлаштирилмади. 

Бўш самолёт – бугунги кунимизнинг энг ёрқин ифодаси/GETTY IMAGES

 

Авиакомпанияларнинг ўзлари ҳукуматлардан солиқ таътили ва қисқартиришларни сўрамоқда: бунда йўловчилардан олинадиган йиғимларни тушириш ёки парвозлар учун тўланадиган тўловларни камайтириш назарда тутилган. Аэропортлардан эса мажбуран тўхтаб турган самолётлар учун жой тўловига чегирма бериш сўраляпти. 

Ҳозирча улар аэропортдаги туриш жойларини тақсимлаш қоидаларини вақтинча бекор қилишга эришди: қоидага кўра ҳар бир авиакомпания ўзига ажратилган ҳудуднинг камида  80%идан фойдаланмаса, ундан маҳрум бўлар, авиакомпаниялар бу жойларни сақлабь қолиш учун ярми бўш самолётларни ҳам учиришга мажбур эди. Бу қоидаларга нисбатан сўнгги ҳафталардаги авиакомпанияларнинг норозилигига секин-аста ҳавонинг глобал исишига қарши курашчилар ҳам қўшилди ва ҳукуматлар ён берди. 

АҚШ Федерал Авиация Маъмурияти (Federal Aviation Administration – FAA) мамлакат ҳудудида жойлашган еттита аэропортдаги самолётлар туриш жойларини 31 майгача қоидалардан озод қилди. Европа Иттифоқи (ЕИ) эса ушбу қоидаларни Осиёга парвозлар учун июн ойигача тўхтатди, шу билан бирга бошқа йўналишлар учун ҳам шундай қилишга ваъда берди. Ҳозирда ЕИ ҳукуматлари бу қарорни расмийлаштиряпти. 

Аммо ҳукуматлар Европа авиаташувчиларининг бошқа илтимосларини – қитъанинг “яшил келажагини таъминлаши кўзда тутилган” янги ёқилғи йиғими ва солиқларни кечиктириш ҳақида эшитишни истамаяпти.            

“Европа авиакомпаниялари ўта ноодатий даврда турибди. Кўринишидан, бу соҳа яшаб қолиши учун ҳукуматлар томонидан ўзаро келишилган қўллаб-қувватлаш талаб этилади”, дейди Кўҳна қитъанинг энг йирик бешта авиаташувчисидан бири бўлган EasyJet раҳбари Йоҳан Лундгрен.

Унинг ҳамкасблари ҳам бу борада ўз хавотирларини билдирмоқда. 

Finnair бошқарувчиси Топи Маннер: “Ҳозирданоқ аниқ бўлди, коронавирус – авиация тарихидаги энг жиддий инқироздир”. 

British Airways раҳбари Алекс Круз: “Авиация жаҳон миқёсидаги инқироз билан тўқнашди. Бу Sars эпидемиясидан ҳам, 9/11 воқеасидан (2001 йил 11 сентябрдаги АҚШдаги терактлар) ҳам ёмонроқ. Биз қарзларимизнинг ҳозирги даражасида ортиқ кучимизни сақлаб тура олмаймиз ва иш ўринларини қисқартиришимизга тўғри келади: бу балки қисқа муддатгадир, балки узоқ вақтга чўзилиши мумкин”. 

Delta бошқарувчиси Эд Бастиан: “Бунгача ҳеч қачон бу каби кучли талаб қисқаришига гувоҳ бўлмаганмиз”. 

IAG раҳбари (British Airways, Iberia, Vueling ва Aer Lingus эгаси) Уилли Уолш: “Барча йўналишлар ва барча авиакомпаниялар бўйича чипта сотиш миқёси жиддий равишда тушиб кетди. Тахминимизча, камида ёзнинг ўрталаригача талаб кучсиз бўлиб қолади”.

IATA (International Air Transport Association – Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси) раҳбари Александр де Жуняк: “Инқирознинг давомийлиги ва мунтазам кучайиб боришига қараб бўҳрон юз беради. Агар пасайиш ҳозиргидек давом этиб, яна икки-уч ойга чўзилса, унда авиакомпаниялар қийинчиликка учрайди”. 

Британия Фуқаро авиацияси бошқармаси (Civil Aviation Authority) раҳбари Ричард Мориарти: “Авиация ва сайёҳлик саноати ҳеч қачон бундай қийинчиликлар билан тўқнашмаган. Ва бу ҳолат қанча узоқ давом этса, бир қатор компанияларда яшаб қолиш имконияти шунчалик кам қолади”. 

British Airways'нинг аксар самолётлари яқин ҳафталар ичида ҳавога кўтарилмайди/AFP

Ким яшаб қолади?

Ҳамма ҳам ёрдам сўраётгани йўқ.

Биринчи ўринда кучли кредитланган (кўп кредит олган) компанияларда муаммо юзага келди. Инқироз уларнинг бир қисмига бизнесни фаол кенгайтириш босқичида кириб келди, улар қувиб ўтишни истаган рақобатчилар эса солиқ тўловчиларнинг пуллари эвазига соҳани “суғориш”га қарши сиёсат юритади (яъни, бўҳронга учраётган авиакаомпанияларга имтиёзлар берилишига қарши чиқади). 

АҚШнинг Delta авиакомпанияси улушларига эгалик қиладиган Virgin Atlantic раҳбари Ричард Бренсон Британия ҳукуматига аивакомпанияларни қарийб 10 миллиард доллар миқдорида имтиёз ва кредитлар билан қўллаб-қувватлашни таклиф қилди. 

Бироқ у билан рақобатлашувчи British Airways авиакомпаниясининг эгаси бўлган IAG ҳукумат томонидан берилган дотация – қарз имтиёзларига қарши чиқди. Чунки компаниянинг 11 миллиард доллар миқдоридаги нақд пули у учун хавфсизлик ёстиқчаси бўлиб хизмат қилади. IAG ўз қарашлари бўйича натижага эришиб улгурди: британ ҳукуматини соҳадаги биринчи қурбон – минтақавий парвозларни амалга оширувчи Flybe’ни қутқариб қолиш фикридан қайтарди.

“Бу инқирозда нақд пул ҳал қилувчи ўринга эга”, дейди авиация соҳасидаги етакчи таҳлилий нашрлардан бўлган The Airline Analyst’нинг бошқарувчи директори Майкл Даф. 

Унинг фикрича, Атлантика океани узра даромадли парвозларни амалга оширувчи йирик авиакомпаниялар инқироз уч ойдан ярим йилгача чўзилган тақдирда уни енгиб ўта олади. 

“Аммо иккинчи даражали ўйинчилар, шунингдек, минтақавий авиакомпаниялар ва Европадаги миллий авиаташувчилар йўқ бўлиб кетиш таҳдиди олдида турибди”, деб тахмин қилади у. 

Ryanair (Ирландия) ва EasyJet (Буюк Британия) ўз самолётларининг катта қисмини тўхташ жойларига кўчирди ва парвозларни бутунлай бекор қилишни ҳам истисно этмаяпти/GETTY IMAGES

Ғарб давлатлари ягона фронтда туриши ва авиакомпанияларни қўллаб-қувватлаши лозим. Акс ҳолда, жорий инқироз тугаганида соҳа бутунлай бошқача кўринишга келиб қолади, деб ёзади Centre for Aviation таҳлилчилари. 

Бу “уруш”да ортида геосиёсий мақсадларга эга давлатлар турадиган авиакомпаниялар ғалаба қозонади. Масалан, Хитой ёки араб давлатларидаги авиакомпаниялар каби. Америкаликлар таъсирли касаба уюшмалари қўллаб-қувватлови билан субсидия – моддий ёрдам олишга эришади. Европанинг бир қатор давлатлари ҳам ўз авиакомпанияларини қўллаб юборади.         

“Хусусий авиакомпанияларда эса бундай хурсанд қилувчи истиқбол йўқ”, деб қўшимча қилган Centre for Aviation мутахассислари бу кетишда дунёда фақат йирик ва миллий авиакомпанияларгина жон сақлаб қолиши, бу эса рақобат муҳити, истеъмолчилар ҳуқуқи ва сайёҳлик соҳаси учун хавфли эканлигидан огоҳлантиради. 

Америка ва Европа парвозларни кескин қисқартиришдан бир ҳафта олдин Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) коронавирус тарқалиши туфайли 2020 йили авиакомпанияларнинг айланма даромади 113 миллиард долларга қисқаришини айтиб чиқди. Атиги икки ой олдин эса айни шу ташкилот бу йил авиакомпанияларнинг тушуми 4%га ошиб, 870 миллиард долларга етиши, соф фойда эса 30 миллиардни ташкил этишини ваъда қилганди. 

Ҳозир эса фойда ҳақида ҳеч ким эсламаяпти – яшаб қолинса бўлди. 

Бу вазиятда авиакомпанияларнинг ўзигина зарар кўрмаяпти. Европа аэропортлари уюшмаси хабар беришича, ўтган ҳафтада йўловчилар оқими икки бараварга тушиб кетган, ундан аввалги ҳафтадаги қисқариш эса чорак қисм бўлганди. Январ-март ойларида аэропортлар аввалдан кутилган 100 миллион йўловчи ва 2 миллард евро тушумдан маҳрум бўлди.

Ким қанчага қисқарди?

Европанинг энг йирик бюджет – нархлари ҳамёнбоп авиакомпаниялари бўлган Ryanair (Ирландия) ва EasyJet (Буюк Британия) ўз самолётларининг катта қисмини тўхташ жойларига кўчирди ва парвозларни бутунлай бекор қилишни ҳам истисно этмаяпти.

British Airways (Буюк Британия), Iberia (Испания), Vueling (Испания, Барселона) ва Aer Lingus (Ирландия) авиакомпанияларига эгалик қилувчи IAG апрел-май ойларида ўз самолётларининг фақат 25%ини ҳавода қолдирадиган бўлди. 

Немис Lufthansa’сига тегишли самолётларнинг учдан икки қисми бўш турибди.

Virgin Atlantic (Буюк Британия) 26 мартгача ўзининг йўловчи ташиш қувватини 75%га, апрелда эса 85%га қисқартиряпти.

Air New Zealand (Янги Зеландия) ҳам худди шундай ҳолатда.

Finnair (Финландия), SAS (Дания-Норвегия-Швеция), Air France-KLM (Франция-Нидерландия) ва Cathay Pacific (Ҳонгконг) – парвозларини 90%га қисқартирди. 

Латвияга қарашли Air Baltic барча парвозларини бекор қилди. 

Norwegian (Норвегия) 4 000 та парвозни бекор қилди, ходимларининг ярмини қисқартиряпти. 

Жанубий Кореяга тегишли Korean Air коронавирус ўзининг мавжудлигини хавф остида қолдиргани ҳақида огоҳлантирди.

АҚШдаги Delta авиакомпанияси парвозлари миқдорини қарийб 40%га қисқартириб, 300 та самолётини ерда қолдирди. Харажатларини ҳам 2 миллиард долларга камайтиряпти. 

АҚШдаги энг йирик авиакомпания бўлган American Airlines эса деярли барча халқаро парвозларини тўхтатди. 

Австралиянинг энг йирик ва асосий авиакомпанияси бўлган Qantas халқаро йўналишларни 90%га, ички йўналишларни эса 60%га қисқартирди.   

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан