Коронавирус беморларининг карантин муддати 10 кунга қисқартирилди ва янги тартиблар белгиланди

Коронавирус беморларининг карантин муддати 10 кунга қисқартирилди ва янги тартиблар белгиланди

Аввал хабар қилганимиздек, Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 2020 йил 10 июлдан 2020 йил 1 августга қадар республика миқёсида қуйидаги карантин чекловлари жорий этилди.

Маълумки, Республика махсус комиссиясининг жорий йил 30 июндаги қарори билан шифохоналарда ва уй шароитида даволанаётган касаллик аломатларсиз енгил шаклда кечаётган беморларни 10 кун муддатда клиник белгилари кузатилмаган тақдирда назоратдан чиқариш амалиёти жорий этилган эди.

Шунингдек, коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар билан алоқада бўлган шахсларни карантинда сақлашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби жорий этилди:

- коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар билан алоқада бўлган шахслар уй шароитида карантинда сақланади;

- карантинда сақлаш муддати 14 кундан 10 кунга қисқартирилади ҳамда 10 кун муддатда коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича тест натижалари манфий бўлган тақдирда карантиндан чиқарилади;

- тест натижалари мусбат бўлган тақдирда, беморда коронавирус инфекциясининг клиник белгилари кузатилса, шифохонага жойлаштирилади, касаллик аломатларсиз ўтаётган бўлса, уй шароитида даволанишга ўтказилади (уй шароитида даволашнинг имкони бўлмаса, белгиланган тартибда тиббиёт муассасасида даволашга ўтказилади).
Касаллик аломатларсиз енгил шаклда кечаётган беморларни уй шароитида даволаш, шунингдек, беморлар билан алоқада бўлганларни уй шароитида карантинга олиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Республика махсус комиссиясининг қарорида қуйидагилар белгиланди:

- уй шароитида даволанаётган беморлар ҳамда беморлар билан алоқада бўлиб, уй шароитида карантинга олинган шахсларнинг доимий тиббий назоратда бўлиши белгиланди.