Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Коронавирус билан овора бўлиб, ёнимиздаги бошқа муаммоларни эсламай қўйдик»
24.03.2020 17:11,  
1031

“Ҳаммамиз коронавирус билан овора бўлиб қолган бир вақтда ёнимизда ечимини кутиб турган бошқа муаммолар ҳақида эсламай ҳам қўйдик“, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.

Унинг фикрича, апрел ойидан китоб тайёрлаш, чоп этиш ва реализация қилиш билан боғлиқ ишлар учун 15 фоизлик қўшимча қиймат солиғининг жорий этилаётгани аҳолининг китобхонлигини ошириш бўйича олиб бораётган ҳаракатларга тўсиқ бўлишини кўпчилик, шунчаки жим кузатиб турибди.

“Солиқ ва молиячиларимиз бу китоб нархига таъсир қилмайди, деб ишонтиришга ҳаракат қилгани билан аслида анча мунча таъсир қилиши кўрга ҳам маълум бўлиб турибди. Аҳолимизнинг китобхонлик даражасига монанд дунёдаги бестселлер асарлар ҳам бизда бор йўғи минг ёки икки минг тиражда чоп этилаётган бир пайтда китоб таннархининг қўшимча қиймат солиғи ҳисобига қимматлашуви ўзидан бир қатор асоратлар қолдиради.

Биринчидан, китобга тўлов қобилияти паст аҳоли қатлами китобдан яна ҳам узоқлашади.

Иккинчидан, илм фан йўналишидаги бозорбоп бўлмаган китобларни чоп этиш янада камаяди.

Учинчидан, китоб учун харидор топиш илинжида китобларни сифатли чоп этиш, маъно мазмуни билан профессионалларни жалб этиб ишлаш камаяди. Чунки бу ишлар қўшимча маблағ талаб қилади.

Тўртинчидан, “Наманган китоб олами“ каби китоб савдосига ихтисослашган нуқталар фойда йўқлиги учун улар каби боғчага ёки бошқа даромадбоп савдо объектига айланади.

Бешинчидан, даромад озлиги сабаб шундоқ ҳам анқонинг уруғидек бўлган туман ва шаҳар марказларидаги китоб билан боғлиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари камайиб, унинг ўрнига оммавий кўнгилочар ўйин-кулги масканлари кўпайиши авж олиши мумкин.

Олтинчидан, Президентнинг беш ташаббуси доирасида жойлардаги мактаб ва бошқа таълим марказларига масъуллар томонидан нархига мос равишда кўпроқ китоб бериш баҳонасида арзон ва сифатсиз китоблар совға қилиш амалиёти янада ошади. Сифатли ва классик асарлардан иборат китоблар қимматлиги боис расталарда қолади ёки умуман чоп этилмайди, дейди депутат.

“Бу ишларни кузата туриб табиий савол туғилади: йиллар давомида миллий маҳсулот ва миллий ғурур, деган гаплар билан автомобил заводига турли тўлов ва солиқлардан имтиёз беришга рози бўлган давлат ва жамиятимиз наҳот ўз авлодларининг келажаги, ўзлигини сақлаш йўлида хизмат қиладиган китоб учун шундай қурбонлик бера олмаса. Китоб ўқимаган авлодда миллий ғурур, миллий ўзлик, аждодларга ҳурмат, ватанпарварлик бўладими?

Балки ошириб юборгандирман, бироқ айримларга ёқмаса ҳам бу шахсий фикрим. Ва ҳали ҳам бўлса, китоб нархининг ошишига сабаб бўладиган омилни бартараф қилишга вақт борлигига ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, барча даражадаги масъулларимиз, шу юрт келажаги, авлодларининг билим ва тафаккури учун бефарқ бўлмаган раҳбарлар, депутатлар ва зиёлиларимиздан китоб йўлида имтиёзлар берилишини фаол қўллаб қувватлашга чақириб қоламан.

Бошқасини билмадим-у, бироқ китоб барча турдаги солиқ ва тўловлардан озод бўлиши шарт!“, деб якунланади депутатнинг мурожаати.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан