Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Коронавирус: ҳаммаси қачон тугайди?
2.11.2020 11:06,  
2688

Ковид: Қачон ҳаммаси тугайди? - Янги йил, баҳоргача? Ёки йилларча, эҳтимол ўн йилларча Ковид билан яшаймизми? Бу ҳақда саломатлик ва илм-фан бўйича Би-би-си мухбири Жеймс Галлаҳернинг мақоласи билан танишинг.

Ковид сабабли дунёнинг тишигача зирқираб оғрияпти десак, муболаға бўлмайди.

Дўстларни, яқинларни кўрмаслик, тўйларнинг қолдирилиши, болаларнинг мактаблардан қолиши, чекланган эркинлик, тугаган карьера, умумий тушкунлик, хафалик ва кўплаб одамларнинг вафот этиши йили бўлди бу йил.

Хўш, қачон ҳаммаси ўз ўрнига тушади? Британия Соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Ҳэнкокнинг "кавалерияси" - вакцина, оммавий тестдан ўтказиш ва яхшироқ даволашларга етиб боргунча олдимиздаги қишдан чиқсак, ҳаммаси жойида бўладими?

Ёки йилларча, эҳтимол ўн йилларча Ковид билан яшаймизми?

"Келаси йил ёзгача айтарли нормал ҳаётга қайтишимиз мумкин, - дейди Ливерпул Университетидан проф. Жулиан Ҳискокс. - Аммо беш йилгача 2019 йилдаги ҳаётга тўлиқ қайта олмаймиз.

Айрим олимларнинг ишонишича, вирусни жиловлаш учун турмуш тарзимизни доимийга ўзгартиришимиз керак бўлади.

Сўнгги манзилимиз

Олдимиздаги бир неча йилни ўтказворганимизда ҳам, кўпчилик қабул қилган фикрга кўра, вирус ҳамон бўлади, эндемик инфекция сифатида яшайверади.

Аммо бу ҳаёт ҳозиргидек бўлади дегани эмас. Биз бу вирус билан шундай муносабатга етиб борамизки, у ҳаётимизни ҳозиргидек издан чиқариб юбормайди. Бу аввалги пандемияларга ўхшаш бўлади.

Вакцина ва инфекциянинг ҳаёт давомида бир неча марта юқтирилиши вируснинг ўта салбий оқибатларига қарши одамларда етарлича иммунитет ҳосил қилади.

"Бу ўн йиллар давомида кечадиган жараён, - дейди Эдинбург Университетидан проф. Марк Вулҳаус. - Муаммо ана шу ўн йилликлар мобайнида нималар рўй беришида. У ёки бу даражада оғриқсиз ўтадиган йўлни кўрмаяпман."

Келгуси бир неча ой

Аввало, қишдан чиқиб олишимиз керак. Бу йил биз учун оғир келиши кутилмоқда.

Кўпроқ вақтимизни ичкарида ўтказар эканмиз, салқин ҳарорат вируснинг яшашига қулай экан, қиш нафас йўллари инфекциялари учун зиёфат мавсуми бўлади.

Чекловлар жуда юмшатилганда шитоб тарқайдиган вирусга қарши ҳукумат курашишга тайёрланяпти. Британия ҳукумати ўртача кунлик 22000 касалланиш ҳолатлари билан тинч ёзни ўтказди. Вирус ҳозир ҳукуматнинг энг ёмон сценарийси - иккинчи тўлқин биринчисидан анча оғир келиши ҳақидаги башоратидан ҳам тўрт марта баттарроқ шаклда тез тарқалмоқда.

Бу йилги Мавлуд байрами қандай ўтишини ҳозир айтиш мушкул.

Баҳорнинг яхши келишидан умид

Баҳор уч муҳим нарсани олиб келиши мумкин:

Яхши об-ҳаво боис, одамлар кўпроқ вақтини ташқарида, вирус тарқалишини қийинлаштирадиган муҳитда ўтказади.

Кўпроқ одам қиш бўйи инфекцияга чалингани боис, умумий иммунитет даражаси баландроқ бўлади.

Вакцина - эмлашни бошлашимиз керак бўлади.

"Менимча, биз яқиндагина ўтказган ёз касалланишлар камроқ бўлади деб умид қилишимизга имкон беради, чунки кўпчилигимиз Ковидни юқтириб бўлган бўламиз, - дейди Лондон Университет Коллежиден проф. Кристина Пейжл. - Биз ҳали бу қишга қадам қўймадик, шуниси умидсизлантиради."

Унинг яна бир карантинга томон кетаётганимизга ишончи комил.

"Агар 20 фоизгача одам Ковид юқтирса, бу касаллик тарқашини секинлатади ва биз ҳатто вакцина бўлмаса ҳам касаллик камайганини кўришимиз керак."

Шундай бўлса ҳам, мавҳумликлар бор. Ўтган баҳорда вирус осон тарқалди ва касалланиш пастроқ бўлса ҳам, ёз бўйи яна кўтарилишни бошлади.

"Учинси тўлқин ҳам бўлиши мумкин, - дейди проф. Вулҳаус. - агар иккинчи тўлқин ҳам, учинчиси ҳам жамоавий иммунитетни ҳосил қилишга етарли бўлмаса ва вакцина ҳам тайёр бўлмаса, тўртинчи тўлқин келиши мумкин."

Келгуси 18 ойгача аҳвол ўнгланиб кетади деб ўйламайман.

Биринчи вакцина мукаммал бўлиши эҳтимоли оз

Келаси йили вакцина нима каромат кўрсатиши борасида реалист бўлиш керак. Карантинлар бошланмасидан аввал ёзганимдек, вакцина ва яхшироқ даволаш йўллари ҳозирги аҳволдан чиқишнинг ягона стратегияси бўлиб қолади.

Дунё бўйлаб 11 вакцина охирги босқич синовлардан ўтмоқда. Улар қанчалик самарали, бизни қандай ҳимоя қилади ва бу ҳимоя қанча давом этади, буларни билиш учун натижаларни кутяпмиз.

Бошқа касалликлар учун вакциналар турлича. Баъзилари инфекцияни юқтириш олдини олади, айримлари касаллик енгилроқ ўтишини таъминлайди. Уларнинг бирортаси бир хилда ишламайди. Ҳукуматнинг илмий маслаҳат гуруҳи Ковид вакциналари қандай ишлаши бўйича маълумотларни яқин орада олишга умид қилмоқда.

Аммо сеҳрли таёқчани кутишимиз керакмас

Проф. Ҳискокс биринчи авлод вакциналари айрим одамларни касалхонага тушиши олдини олиши борасида "бирмунча некбин", аммо инфекция юқтириш ва тарқатиш олдини олиши аниқмас дейди. Ковидга қаршилиги заиф гуруҳлар, масалан, кексаларни вакцина кучли ҳимоя қила олмаслиги мумкин.

Проф. Вулҳаус эса вакцина "ўйинни бутунлай ўзгартиради", деб ишонади. Аммо тиббий тадқиқотлар тарихи кўрсатадики, вакцина вақтида етиб келади, деб ишониш "калта ўйлаш" бўлади. Шунда ҳам у миллионлаб одамларни эмлаш учун "логистик масалалар ҳал бўлишидан хавотирда" .

Вакцина айримларни одамлар тўлиқ ҳимояланмагани ҳолда чекловларни олиб ташлаш бўйича "қийин қарорлар" чиқаришга мажбур қилади, дейди у.

Нормал ҳаётга қайтиш учун ҳам вақт керак

Икки ҳафталик кучайтирилган карантинга кирган Уэльсни истисно қилсак, биз аллақачон карантиндагига нисбатан солиштирганда нормал ҳаётга қайтдик - мактаблар очиқ.

Ҳатто келаси йили вакцина чиққанда ҳам муайян даражада ижтимоий масофа сақлаш давом этади, дейди проф. Жулиан Ҳискокс. Аммо ҳозиргидан кўра енгилроқ бўлади. Унинг ишонишича, хавф гуруҳига кирувчи одамлар ўзларини панада тутишлари керак бўлади, чунки вакцина қанчалик ҳимоя қилиши аниқ бўлмайди.

"Университетдан қайтган 18 яшар талабадек 85 ёшли бувингизни қучиб кўриша олмаслигингиз мумкин," дейди у.

Аммо нормал ҳаётга қайтиш учун вакцина одамларни касалланишдан ва уни тарқатишдан ҳимоялаши керак. Унинг айтишича, бунга беш йил кетади.

"Аксарият одамлар учун ҳаёт доимийга ўзгарди, ортга қайтиш бўлади деб ўйламайман," дейди проф. Вулҳаус.

"Янгича нормал ҳаёт бўлади"

Унинг бирмунча оптимистик фикрига кўра, касаллик тарқалишини секинлатадиган даражада умумий иммунитет шаклланади ва "инқироз"лар бўлмайди. Аммо биз ниқоб тақишни давом эттирамиз, қўлни ювиш ва ижтимоий масофа сақлашга эътиборли бўлишимиз керак бўлади.

"Биз бунга, то ҳаммаси жойига тушгунча, йиллар ёки ўн йиллар давомида кўникамиз. Иккинчи тўлқин ҳаммаси битди дегани эмас."

Проф. Пейжлнинг айтишича "Ковид мавсумий грипп каби касалликка айланиши ва одамлар ҳозиргидан кўра уни осонроқ ўтказиши мумкин". Аммо бу ҳолат қишнинг аввалгиларга нисбатан оғирроқ ўтишига сабаб бўлади, касалхоналарга босим янада ортади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан