Коронавирус: Италия карантин муддатини узайтирди, касалланганлар сони камайишига умид пайдо бўлди

Коронавирус: Италия карантин муддатини узайтирди, касалланганлар сони камайишига умид пайдо бўлди

©️ EPA

Италия жорий йилнинг 11 мартида ўрнатилган умуммилий карантин тартибини Пасха байрамигача узайтирди. Шу билан бирга мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолатлари пасайишига умид пайдо бўлди. 

Душанба куни яна 4 050 нафар кишида коронавирус аниқланди. Бу сўнгги 13 кун ичидаги (17 мартдан бошлаб) энг паст кўрсаткич. Бир кун аввал, якшанба куни 5 217 та янги ҳолат ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, душанба куни эпидемия бошланганидан буён энг кўп сондаги бемор – 1 590 киши касалликдан тузалди. Айни пайтда, Италия коронавирусдан касалланганлар сони 100 000 кишидан ошган дунёдаги иккинчи давлатга айланди.

Кеча ўлим ҳолатлари 812 тага етди, ўтган куни бу кўрсаткич 756 та эди.  

Италия расмийлари касаллик бир ҳафтадан сал кўпроқ вақт ичида ўзининг авж нуқтасига етишига ишоняпти. Ҳозирнинг ўзида ушбу мамлакат COVID-19 касаллигидан ҳалок бўлганлар сони бўйича дунёда етакчи ўринда кетяпти. 

Ҳукумат Италияда шу пайтгача 11 591 киши коронавирусдан ҳалок бўлганини билдирди.

Душанба куни мамлакатда яна 11 нафар доктор айни касалликдан вафот этиб, уларнинг сони жами 61 кишига етган.

Бу воқеалар манзарасида шу ҳафта жума куни ўз ниҳоясига етиши кутилган карантин тартиби келаси якшанба нишонланадиган Пасха байрами – 12 апрелгача чўзилди.

Италияликлар уч ҳафтадан буён қатъий карантин тартиби остида яшаб келяпти: кўплаб дўонлар, бар ва ошхоналар ёпилган; кўчага фақат ўта зарурий нарсаларни олиш учун чиқишга рухсат берилади. 

Мамлакат жанубидаги Пуглия вилояти губернатори ўтган шанба куни жорий чекловлар май ойигача сақланиб қолиши кераклигини айтганди.

Европанинг бошқа давлатларида нима бўляпти?

  • Испанияда коронавирусга чалинганлар сони 85 195 кишига етди. Бу ушбу эпидемия бошланганидан бери учинчи давлат унинг манбаси бўлган Хитойдан ўтиб кетганини билдиради. Шунингдек, Испания ўлим ҳолатлари бўйича ҳам Италиядан кейинги ўринда турибди: шу пайтгача жами 7 716 киши вафот этди. Бироқ мамлакат Ташқи ишлар вазири Аранча Гонсалес касалликка чалинишнинг сўнгги рақамлари унинг ўсиши секинлашаётганини билдиришини айтди.
  • Германияда COVID-19 туфайли вафот этаётганлар сони Италия ва Испанияга солиштирганда жуда кам. Бироқ душанба куни ушбу касалликка чалинганлар сони 4 450 кишига ошиб, жами 66 885 нафарга етди.
  • Венгрия ҳукумати мамлакатда кенгайтирилган фавқулодда ҳолат тартибини эълон қилди, бу унга қарорлар билан иш тутиш имконини беради. Бош вазир Виктор Орбан фавқулодда чораларни босқичма-босқич амалга оширишга ваъда берди. Бироқ унинг мухолифлари, хусусан, мамлакат ташқарисидаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Орбанни демократияни йўқ қилаётганликда айблаб чиқди. Чунки фавқулодда ҳолатнинг тугаш муддати белгиланмаган, инқироз ҳақида расмийларга ёқмайдиган хабар тарқатган журналистлар эса қамоққа ҳукм қилиниши мумкин.
  • Москванинг 12 миллион аҳолиси карантин тартибига ўтди. Россия ҳукумати эпидемия тарқалишининг олдини олиш учун шундай қарорга келди.
  • Австрияда душанба кунидан бошлаб дўкон ичида ишловчи ходимлар ҳам тиббий ниқоб тақиши мажбурий бўлиши эълон қиилинди.