Коронавирус - жазоми, баломи, азоб?

Коронавирус - жазоми, баломи, азоб?

Хитойда коронавирус тарқалгани муносабати билан ҳар хил постлар ўқияпман. Баъзилар коронавируснинг Хитойдан чиққанига чинакамига хурсанд бўлиб, “бу Хитойнинг уйғурларга зулми учун Аллоҳнинг жазоси” деб талқин этмоқдалар. “Баттар бўлларинг, хитой кофирлари, ҳар бир уйғур қони учун бир хитойлик вирусдан ит ўлимини топишига розиман” деган изоҳларни ўқидим.

Тўғри, бу ўлатга ўхшаган касаллик - Аллоҳнинг балоси. Лекин, уни Аллоҳ Хитойдаги зулмлар сабаб хитой халқи бошига азоб этиб жўнатди, деган ақида - хато. Зеро, эпидемия миллат ва динни танлаб ўтирмайди. Коронавирус: "йўқ, бу мусулмон экан, хитой эмас экан, тегмайман" деб орқа ўгириб кетмайди.

Хитойда зулмни бутун халқ эмас, унинг бошқарувчилари, ҳукмрон партия вакиллари қиляпти. Улар нафақат мусулмон уйғурга, балки Тибетдаги буддистга ҳам, Ҳонгконгдаги ўзи каби хитойликка ҳам зулм қиляпти. Бу ерда ёппасига халқни айблаш - катта хато.

Аллоҳнинг расули (с.а.в.) бошқа қавм учун келган балоларга хурсанд бўлишни буюрганми? Саҳобаи киромлар ҳаёт бўлган пайтларда ҳам эпидемик вабо тарқалган. Вабо мусулмон юртларни ҳам, куфр диёрини ҳам четлаб ўтмаган. Мусулмон бўлмаган диёрда тарқалган ўлат учун эса мўминлар ҳеч қачон хурсанд бўлмаган.

Аксинча, вабодан қутулиш йўлларини қўллаган. Ўша даврлардаёқ, "Вабо бор ерда бўлсанг - у ердан чиқма, вабо тарқалган жойга - кирма" принципи асосида иш тутишган. Ҳатто, ғарб тарихчилари мусулмонларнинг бу принципини дунё санитария-эпидемиологиясининг асоси деб таъкидлайди.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.